Қайси ҳудудда ишбилармонлик муҳити фаол?

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг ўтган олти ойи учун мамлакатимиз ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлилини эълон қилди.

    Барча соҳалар бўйича ўтказилган мониторинг Давлат божхона ва солиқ қўмиталари, Марказий банк ва ЎзРХТБ тақдим этган тезкор маълумотлар асосида тайёрланади.

    Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йил 1 январдан 27 июнгача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 фоизга ошган.

    Солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Фарғона (37,6 фоизга), Сурхондарё (37,5 фоизга), Самарқанд (35,9 фоизга), Бухоро (35,9 фоизга), Хоразм (35,2 фоизга), Андижон (33,6 фоизга) вилоятлари ва Тошкент (44,6 фоизга) шаҳрида қайд этилди.

    Солиқ тушумлари ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан, янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.

    Таҳлил қилинган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 41,2 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг юқори ўсиши Хоразм (77,9 фоизга), Сирдарё (70,6 фоизга), Андижон (61,3 фоизга), Бухоро (56,3 фоизга), Жиззах (49,8 фоизга) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (68 фоизга) кузатилди.

    Бу ташқи солиқ солинадиган импорт ҳажми ва валюта курси ўсиши, савдо айланмаси, ишлаб чиқариш қувватлари ошиши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.

    Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 27 июнга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,4 фоизга ошган. Товарлар экспорти ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (61,6 фоизга), Навоий (52,5 фоизга), Самарқанд (44,5 фоизга), Андижон (33,5 фоизга), Наманган (26,9 фоизга) вилоятларида ва Тошкент (53 фоизга) шаҳрида қайд этилди.

    Бу кўрсаткич саноат, озиқ-овқат, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.

    Товарлар экспортининг камайиши Бухоро (22,2 фоизга), Сурхондарё (6,8 фоизга) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (17 фоизга) кузатилди.

    Бухоро вилоятида экспорт камайишига 2022 йил январ-июнь ойларида пахта толасининг экспорт ҳажми камайгани сабаб бўлмоқда. Бу маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилгани билан боғлиқ.

    Қорақалпоғистон Республикасида экспорт ҳажми камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва фармацевтика маҳсулотлари экспорти камайгани билан, шунингдек, пахта толаси экспорти бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.

    Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажми камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти камайиши ҳамда пахта толаси ва ип-калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.

    Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,8 фоизга ошди. Биржада савдо фаоллиги сезиларли даражада ўсиши Хоразм (68,1 фоизга), Навоий (65,4 фоизга), Жиззах (54,6 фоизга) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (49,8 фоизга) ва Тошкент шаҳрида (68,5 фоизга) кузатилмоқда.

    Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажми ўсиши техник уруғлар, минерал ўғитлар, шакар, ўсимлик ёғи, этил спирти, бензин, дизель ёқилғиси, қурилиш ва маиший материаллар, қора ва рангли металлар ва бошқалар каби товарлар савдосини кўпайтириш орқали таъминланди.

    Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида 7,2 фоизга пасайиш кузатилди. Бу полипропилен, пахта толаси, техник уруғлар, ўсимлик ёғи, шрот ва пўстлоғи, қора металл, цемент, буғдой, совун маҳсулоти ва чорва озуқаси билан савдо қилиш бўйича битимлар сони ва ҳажмининг камайиши билан изоҳланади.

    Юсуп Жумабоев,

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates