Қирғизистон билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш чоралари муҳокама этилди

    Халқаро ҳамкорлик 26 феврал 2023 1003

    Жорий йил 25 февралда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори Умбриел Темиралиев билан учрашди.

    Мулоқот чоғида кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, чарм- ойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, электротехника, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида эришилган келишувлар жорий этилишининг ҳозирги ҳолати ва уларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшма режалар кўриб чиқилди.

    Хусусан, икки давлат ҳудудларида интенсив боғлар ва юқори технологияли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Қўшма лойиҳаларнинг аниқ манзиллари ва ташаббускорлари белгиланди.

    Шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Қамбарота ГEС-1 қурилиши доирасида зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланаётганлиги таъкидланди.

    Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва ўзаро боғланган қўшилган қиймат занжирларини яратиш мақсадида инвестиция ташаббусларини биргаликда молиялаштиришнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти кўриб чиқилди.

    Музокаралар якунида муҳокама этилган барча йўналишлар бўйича яқин ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлик билдирилди ва муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш доирасида келгусида ҳамкорлик қилиш формати келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.