«Қизил Китоби»га киритилган сақоқуш нобуд қилинди

    Яшил сайёра 2 феврал 2023 1271

    Ҳолат Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги кўлда содир бўлди.

    Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда сақоқушнинг овлангани юзасидан тарқалган видеотасвирда кўрсатилган ҳудуд ва фуқаро шахсини аниқлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берган эди.

    Вазирлик «Айдар-Арнасой» кўллар тизими бўлими давлат инспекторлари ҳамда ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирда ҳолат Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жойлашган кўлда содир бўлгани ва фуқаро Э.Д. бир бош сақоқуш (пеликан)ни қармоқ ёрдамида ушлаб, нобуд қилгани аниқланди.

    Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида» ги қонунлари талаблари бузилган.

    Сақоқуш (пеликан) Ўзбекистон Республикаси «Қизил Китоби»га киритилган тур бўлганлиги сабабли ҳуқуқбузарга нисбатан қонуний чора кўриш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тегишли прокуратура органларига тақдим этилди.