Қон босими нега пасаяди?

    Одатда юрак хуружи ва қон томирлари учун хавф омили сифатида қон босимининг ошишига жиддий эътибор берилади.

    Бироқ кўпчилик гипотония, яъни қон босими тушишига шунчаки оддий касаллик сифатида қарайди. Аммо бу қанчалик тўғри? Қон босимининг пастлиги саломатлик учун хавфсизми ёки уни даволаш керакми? ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла Тошпўлатовга мурожаат қилди. (1-қисм)

    — Қон босими ўзи нима ва қандай ҳолларда беморга гипотония ташхиси қўйилади? Дастлаб шу ҳақида маълумот берсангиз.

    — Қон босими юрак тезлиги, нафас олиш ва тана ҳарорати билан бирга, инсон ҳаёт фаолиятининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Гипотония марказий асаб тизими фаолиятида томир тонуси ва неврогормонал тартибнинг бузилиши оқибатида келиб чиқувчи хасталик бўлиб, қон босимининг кескин пасайиши билан кузатилади. Ушбу касаллик сурункали (қон босимининг узоқ давр мобайнида пасайиши), ўткир (бошқа бир касаллик белгиси сифатида), симптоматик (беморда босимнинг аста-секин пасайиши) ва бир марталик пасайиш каби бир неча турларга бўлинади.

    Одатда қон босими иккита кўрсаткич билан ифодаланади. Биринчиси, систолик босим, яъни систол пайтида томирларда ҳосил бўладиган босим (юракнинг қисқариши). Иккинчиси, диастолик босим, яъни диастол пайтида томирларда мавжуд бўлган босим (юракнинг бўшашиши).

    Систолик босим ҳар доим диастолик босимдан юқори бўлади. Юрак-томир тизимининг тонуси (таранглиги) пасайганда танада қон қосими ҳам пасаяди. Тонометр ёрдамида ўлчанганда, юқори (систолик) рақам 100 мм. симоб устуни, пастки (диастолик) рақам эса 60 мм. симоб устунидан паст бўлган тақдирда беморга гипотония ташхиси қўйилади. Бу кўрсаткич кичик ва ўсмир ёшдаги болаларда 85-60 мм. симоб устуни, 30 ёшдан ошган инсонларда эса 105-65 мм. симоб устунини ташкил қилади.

    — Қон босими пасайишига қандай омиллар сабаб бўлади?

    — Бунинг сабаблари турлича. Энг аввало, ички қон кетишлар, миокард инфаркти, камқонлик, бош ва орқа мия жароҳатлари, юрак етишмовчилиги, сурункали уйқусизлик касаллик келиб чиқишининг асосий сабабларидан ҳисобланади.

    Шунингдек, стресслар, неврозлар, психологик жароҳатлар, руҳий тушкунлик, лоқайдлик, буйрак усти ва ости безлари фаолияти бузилиши, гормонал ўзгаришлар, бош мия ички босимининг пасайиши, ҳомиладорлик, оддий сувсизланиш ҳам қон босимининг пасайишига олиб келиши мумкин.

    Айтиш жоизки, паст қон босими инсоннинг ўзига хос хусусияти ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун, айрим спортчиларда, оғир жисмоний меҳнат қилувчи одамларда гипотония йиллаб, баъзан эса умрбод давом этиши мумкин. Бироқ шундай бўлсада бу инсонлар ўзларини ёмон ҳис этишмайди ва уларга дори-дармоннинг ҳожати йўқ.

    — Қон босими пасайганда беморда қандай белгилар кузатилади?

    — Одатда бундай пайтда мияга кислород ва озуқа моддалари етарли даражада етиб бормайди. Натижада инсонда бош айланиши, уйқучанлик, умумий ҳолсизлик, бош оғриғи, диққатни жамлай олмаслик, иш қобилиятининг сусайиши, кўнгил айниши, жунжикиш, терлаш, кўз олдининг қоронғулашиши, жиззакилик кузатилади. Касаллик одатда сурункали кечиб, айниқса, қайталаниб туради.

    Қон босимининг нормал ёки кескин пасайишини (масалан қон йўқотиш, сувсизланиш, юрак касалликлари ёки анафилактик шок сабабли) тана аъзолари жиддий ҳис этади ва бунинг оқибатида буйрак етишмовчилиги, онгнинг бузилиши ва кома ҳолати рўй бериши мумкин.

    Агар беморда онгнинг хиралашуви, танани совуқ, ёпишқоқ тер қоплаши, терининг оқариши кузатилса ва у тез-тез ва юзаки нафас олса, пульс тезлашуви ва кучсизлиги каби клиник белгилар аниқланса, бу – инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ички аъзолар ва бош мия гипоксиясига олиб келувчи ўткир артериал гипотония белгилари ҳисобланади.

    Шу боис бундай ҳолатларда зудлик билан “Тез ёрдам”га мурожаат қилиш зарур.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates