Қонуннинг ёшлар бандлигини таъминлашга доир қисми танқидий кўриб чиқилди

    Мамлакатимизда 30 ноябр 2021 818

    Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ёшлар бандлигини таъминлашга доир қисмининг Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолати ўрганилиб, қўмита мажлисида муҳокама қилинди.

    Бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолиси 2 млн 935 минг 14 нафарни, шундан 18-30 ёшдаги фуқаролар 539 минг 52 нафарни, иш билан банд бўлмаган ёшлар 37 минг 53 нафарни, «Ёшлар дафтари»га киритилганлар 41 минг 4 нафарни ташкил этади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 апрелдаги «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига асосан вилоят бўйича 42 814 та янги иш ўринларини ташкил этиш белгиланган.

    Вилоятда жорий йилнинг 10 ойи давомида 33 777 та янги иш ўрни белгиланган бўлиб, амалда 39 448 та янги иш ўринлари яратилган ёки ижроси режага нисбатан 117 фоизга таъминланган.

    Шунингдек, дастурга киритилмаган қўшимча умумий қиймати 1 трлн 900 миллиард сўмлик 347 та янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 5 966 та иш ўринлари яратилган.

    «Ёшлар дафтари»га киритилган 41 минг 4 нафар ёшнинг 36 минг 173 нафарига амалий ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган.

    Вилоятда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланган. Хусусан, Президентнинг 2021 йил 21 апрелдаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар Ангрен ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Тошкент, Ўртачирчиқ, Бўка, Бекобод туманларида ишга туширилиши лозим бўлган жами 7 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси фаолияти йўлга қўйилмаган.

    Бундан ташқари, ҳудудий инвестицияларни амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари ижроси етарлича бажарилмаган. Жумладан, 2021 йилда Ангрен шаҳрида 49 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, амалда бирорта ҳам ҳудудий инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган. Ўртачирчиқ туманида 163 та лойиҳадан 10 таси, Янгийўл шаҳрида 52 та лойиҳадан 2 таси, Пискент туманида 118 та лойиҳадан 11 таси, Янги йўл туманида 133 та лойиҳадан 24 таси, Тошкент туманида 149 та лойиҳадан 35 тасигина амалга оширилган.

    Шунингдек, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига яратилиши режалаштирилган 1 491 та янги иш ўрнидан амалда 871 тасигина ташкил қилиниб, прогноз кўрсаткичлар 58 фоизга бажарилган.

    «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг 147-бандида қайд этилган ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини маҳалла даражасида касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириш вазифаси ҳам етарли даражада бажарилмаган. Хусусан, вилоятда 2021 йилнинг 25 ноябрига қадар 74 та маҳаллада ташкил этилиши белгиланган касб-ҳунарга ўқитиш масканлари зарурий жиҳозлар билан таъминланмаган.

    Шунингдек, Оққўрғон туманида жойлашган «Ишга марҳамат» мономарказида касб-ҳунарга ўқитилган 146 нафар фуқароларга жумладан, 65 нафар ёшларга ўқиш жараёнида стипендия тўловлари учун маблағлар ажратилмаган.

    «Ишга марҳамат» мономаркази ҳамда 4 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти талаб даражасида эмас. Ушбу марказларнинг аҳоли етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда жойлашгани, жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмагани, яқин-атрофда истиқомат қилаётган ёшлар улар ҳақида маълумотга эга эмаслиги марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш имконини чекламоқда. Қолаверса, марказларда ўқув жараёни тўғри йўлга қўйилмаган, битирувчилар бандлиги мониторинги олиб борилмаган.

    Вилоятда «Ёшлар дафтари»га киритилган 4 831 нафар ўғил-қиз бандлиги шу кунга қадар таъминланмаган.

    Қўмита мажлисида Тошкент вилоятидаги бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилиб, тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates