Қоракўлнинг кўҳна “Пойкент” да замонавий савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди

    Муҳаббат Хайр Саховати” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Комил Рўзиев ташаббуси билан замонавий лойиҳа асосида барпо этилган бўлиб, умумий қиймати 37 миллиард сўм маблағ сарфланган.

    Қоракўл тумани марказида кўпдан кутилган “Пойкент” савдо мажмуасини фойдаланишга топшириш маросими тантанага айланди. Мазкур замонавий мажмуа Бухоро вилоятини 2020-2021 йилларда комплекс ривожлантириш ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ маҳаллий кўп тармоқли ишбилармонлик субъектлардан бири “Муҳаббат Хайр Саховати” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Комил Рўзиев ташаббуси билан замонавий лойиҳа асосида барпо этилган бўлиб, умумий қиймати 37 миллиард сўм маблағ сарфланган.

    Туман ва унинг маркази инфратузилмасини яхшилаш мақсадида бу манзилда кейинги икки йилда қатор лойиҳалар амалга оширилгани айни муддао, аммо икки қаватдан иборат бу замонавий иншоот халқ таъбири билан айтганда, “узукка қўйилган кўз мисоли” ҳудуд қиёфасини янада кўркам қилди. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яхлит мажмуа қуриб фойдаланишга топширилгани савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида қўлга киритилаётган салмоқли ютуқ десак, муболаға эмас.

    Унда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, мебель ва маиший техникалар, кафе ва ресторанлар, қурилиш моллари, кийим-кечак бўлимлари, кўнгилочар ўйинлар ва кинотеатр заллари ўрин олган. Айтиш мумкинки, бу мажмуа “Korzinka” ёки “Makro” каби савдо тармоқларининг ўзига хос муқобили. Маҳсулот ассортиментининг хилма-хиллиги, харидорларнинг зарур барча маҳсулотни бир жойнинг ўзидан топиш имконини бераётгани улар ортиқча оворагарчиликлари олдини олади. Харидорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида иншоот олдида йирик автотураргоҳ ҳам барпо қилинган.

    — Бугунги кунда мажмуанинг ички қисмида турли ҳажмдаги 159 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони тайёр ҳолга келтирилган бўлиб, тадбиркорларга расмийлаштириб берилган, – дейди унинг эгаси Комил Рўзиев. — Муҳими, замонавий мажмуа лойиҳасининг қуриб ишга туширилиши натижасида бу ерда тижорат ишини амалга оширувчилардан ташқари 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

    “Пойкент” савдо мажмуасининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ботир Шахриёров ҳамда Мирали Ҳамроевлар, туман мутасаддилари, сектор раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ҳамда фаоллар иштирок этиб, қоракўлликларни ана шундай савдо маркази билан самимий табрикладилар.

    Алвон лента кесилиб, меҳмонлар савдо объектида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва тадбиркорларга яратилган шарт-шароит билан ҳам яқиндан танишдилар.

    Шу куни мажмуанинг очилиш маросимига ташриф буюрувчиларга муборак Рўзаи Рамазон ойи муносабати билан ифторлик дастурхони ёзилгани, қолаверса, халқимизнинг азалий умуминсоний қадриятлари, меҳр-саховатининг ёрқин намунаси сифатида маҳаллалардаги "Темир дафтар" рўйхатида турувчи 50 нафардан зиёд фуқаро таклиф этилиб, уларга эҳтиёжлари учун зарур қимматбаҳо совғалар, маиший техника буюмлари улашилгани кўпчиликни хурсанд қилди.

    Тантанада пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари Лола Ахмедова, Тўлқин Жабборов, қолаверса, вилоят санъаткорлари, таниқли қизиқчи Ортиқ Султоновлар ҳам йиғилганларга байрамона кайфият улашдилар.