Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг комплекс ривожланиши ўрганилди

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков видеоконференция шаклида Урганч шаҳридаги студиядан Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташрифлари шунингдек, Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ушбу ҳудудларга чиқишлари давомида берилган кўрсатмалар ижросига бағишланган муҳокамалар ўтказди. Шунингдек, иккала ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий кўрсаткичлари ва уни янада рағбатлантириш бўйича биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинди

    Тадбирдан бир неча кун олдин жойлардаги вазиятни ўрганиш ва тадбиркорлар ҳамда маҳаллий аҳоли билан манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳудудларнинг туман ва шаҳарларига юборилган эдилар.

    Муҳокама давомида вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот бериб, давлат тузилмалари ва тижорат банкларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини талаб этувчи бир қатор муаммоли масалаларни тилга олди. Масъул раҳбарларга ўртага ташланган муаммоларни ҳал қилишнинг самарали алгоритмларини ишлаб чиқиш ва уларни дарҳол ҳаётга татбиқ этишни бошлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

    Ҳудудий инвестиция дастурлари амалга оширилиши ҳам ўрганилди. Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 8,5 триллион сўмлик 652 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 12 198 янги иш ўрни яратилади. Хоразм вилоятида умумий қиймати 9,3 триллион сўмлик 685 инвестиция лойиҳаси жорий этилиб, 14 909 янги иш ўрни яратилади. Тасдиқланган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва янги ишлаб чиқариш объектларини ишга туширишни тезлаштириш топширилди.

    Тармоқ хўжалик бирлашмалари раҳбарлари импорт таркибининг туман ва шаҳарлар кесимида амалга оширилган таҳлили ҳақида маълумот бердилар ҳамда ички бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва истиқболли тармоқларда саноат кластерларини яратиш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга доир таклифларни тақдим этдилар.

    Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти тадбиркорлари билан жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган очиқ мулоқотларда берилган кўрсатмаларнинг ижроси кўриб чиқилди: мутасадди раҳбарлар фаолияти самарадорлигининг таҳлили олиб борилди, ишлаб чиқиш жараёнида бўлган айрим масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

    Туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ҳам муҳокама этилиб, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди ва мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берилди.

    Йиғилиш якунлари бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Яқин вақт ичида ишчи гуруҳлар жойларга чиққан ҳолда шу ҳудудларда ўз фаолиятини давом эттирадилар деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates