Қорақалпоғистонда мураккаб операция муваффақиятли амалга оширилди

    Саломатлик 13 январ 2021 2217

    Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиали Нейрохирургия бўлимида марказий ва периферик асаб тизими жароҳатлари ва касалликлари даволаниб, ҳудуд аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

    Беморларга аниқ ва эрта ташхис қўйиш учун замонавий ЭХО-ЭС, рентген, компьютер томография ва бошқа инструментал текширув ускуналари билан таминланган.

    Бўлимда шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож марказий ва периферик асаб тизими жароҳатларидан ташқари бош мия ва орқа мия ўсимталари билан ҳам беморлар даволанмоқда.

    Бунга мисол тариқасида 2002 йил туғилган Г. Г. исмли бемор ҳар икки оёқларида сезишнинг умуман йўқолганлиги билан тез ёрдам машинасида олиб келинди.

    Беморнинг айтиши бўйича касаллик 2 ой олдин бошланган, “шамолладим” деб амбулатор шароитда даволаниб юрган. Сўнгги кунлари юқоридаги ҳолатлар пайдо бўлганлиги боис тез ёрдам машинаси билан мазкур филиалга олиб келинган.

    Бемор нейрохирурглар томонидан текширувдан ўтказилганида: эпигастрал соҳадан пастда сезувчанликнинг пасайиши (гипоэстезия) ва йўқолиши (анестезия), оёқларда ҳаракатнинг умуман йўқлиги (пастги параплегия), тизза, ахилл рефлексларнинг умумий чақирилмаслиги аниқланди.

    Умуртқанинг кўкрак қафаси МРТда текширилганда кўкрак умуртқасининг тўғрисида орқа миянинг экстрамедуляр ўсимтаси борлиги, ўсимтанинг орқа мияни сиқиб тургани маълум бўлди.

    Бемор муассаса директори, тиббиёт фанлари номзоди С. Бегалиев томонидан кўрилиб, зудлик билан жарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилди. Беморнинг барча қон таҳлиллари олиниб, орқа миянинг экстрамедуляр ўсимтаси операция йўли билан олиб ташланланди.

    Беморда операциядан кейин неврологик статусида регресс пайдо бўлиб, бир кундан сўнг оёқларда сезувчанликнинг бошланиши ва ҳаракатнинг пайдо бўлиш белгилари юзага келди. Шундай қилиб, операция муваффақиятли амалга оширилди.

    Тиббий муассасаларни замонавий тиббий диагностика асбоб-ускуналари билан таъминлаш, моддий-техник базасини яхшилаш беморларга тез ва аниқ ташхис қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, беморларнинг тезроқ оёққа туришида, соғлигининг тикланишида ўз самарасини бермоқда.

    Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги

    Ахборот хизмати