Қўш экиннинг қўша-қўша фойдаси бор

    Дуккакли дон экинлари орасида соя ялпи ҳосили ва экин майдони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, ишлаб чиқарилаётган жами ўсимлик мойининг 40 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улардан бири соя ҳисобланади. Ўлкамиз тупроқ-иқлим шароити бу экинни етиштириш учун жуда қулай бўлиб, барча ҳудудларимизда асосий ҳамда такрорий экин сифатида экиш мумкин.

    Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан, бундан тўрт йил олдин юртимизда биринчи марта 12 минг гектардан ортиқ майдонга соя экилиб, 14 минг тонна дон олинди ва ушбу хомашёни қайта ишлаш ҳисобига аҳолига 2 минг тоннадан ортиқ соя ёғи, паррандачилик корхоналарига 10 минг тонна юқори озуқали шрот етказиб берилди. 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 28,2 минг гектарга етди. Демак, сояни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотлар миқдори икки баравардан зиёдга ортди.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятида бўлиб, Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида далаларидаги экинларни кўздан кечирар экан, ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратишга кўрсатмалар берган эди.

    — Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак, — деган эди давлатимиз раҳбари. — Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?

    Ҳақиқатан, осон ишнинг ўзи йўқ. Лекин Президентимизнинг ўзи худди шу ерда деҳқон ва мутахассислар билан суҳбатда қайд этганидай, ҳар қандай оғир ишни илм ва ақл билан ҳал этса бўлади.

    Ҳар жиҳатдан кони фойда

    Бугунги кунда соянинг хусусиятлари ва афзалликларини бутун дунёда яхши билишади. Хусусан, дуккакли дон экинлари орасида соя ялпи ҳосили ва экин майдони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, ишлаб чиқарилаётган жами ўсимлик мойининг 40 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, чорвачилик, паррандачилик хўжаликларининг соя шротига бўлган талаби ошиши, соя мойидан биодизел ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилиши туфайли бу маҳсулотга бўлган талаб барқарор ривожланиб боряпти.

    Сўнгги ўн йилда жаҳон бўйича экилган соя майдонининг ўртача йиллик ўсиш суръати 1,7 фоизни ташкил қилди ва ҳосилдорлик гектар бошига 1 фоиз ошиб келди. Натижада ўтган йили дунёда соя экилган ерлар 122 миллион гектардан кўпроқққа (2010 йилга нисбатан ўсиш — 19 фоиз), ўртача ҳосилдорлик 28 центнерга етди.

    Мутахассислар фикрича, ушбу ўсимлик дони ва оқсилидан тўрт юз хилдан зиёд турли маҳсулот тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади. Соя мойи инсон организмида тез ҳазм бўлиши, зарарсизлиги билан бошқа ўсимликлар мойидан устун туради. Дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ёғ, 40-45 фоизгача углеводлар, витаминлар, маъдан моддалар мавжуд. Бундан ташқари, соя дони ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталарни сақлайди. Шунинг учун соя оқсилидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, турли гўшт, экологик тоза сифатли мой олиш мумкин. Шунингдек, ундан қон плазмалари, кўзойнаклар учун сифатли линзалар тайёрланади, жун, газламалар ишлаб чиқарилади. Яна бир хусусияти, соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари қотиб қолмайди ва улар 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради ҳамда буғдой унидан пиширилган нонга қараганда икки марта тўйимли ҳисобланади. Соя оқсилидан ипакчиликда ҳам озуқа сифатида фойдаланилади. Масалан, Японияда бир йилда беш мартагача ипак қурти боқилади. Бунда соя оқсилидан суюлтирилган пасталар тайёрланиб, қуртлар озиқлантирилади.

    Дастлабки синовлар нимани кўрсатди?

    — Қўш экин усулидаги тажрибалар дастлаб 2010 – 2011 йилларда Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Боёвут туманларидаги бир неча фермер хўжаликларида ўтказилган, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова. — Соянинг “Генетик-1” нави уруғлари чигит билан биргаликда экилди. Бу муддат март ойининг охири ва апрелнинг бошларига тўғри келди. Сеялкаларга бир йўла — чигит ўз нормасида, соя уруғлари катта-кичиклигига қараб гектарига 23-25 килограммдан солинди. Ҳар бир гектар майдонда 110 минг туп ғўза ва 120-140 минг туп соя ниҳоли униб чиқди. Натижада гектар бошига 700-1000 килограммдан соя дони ва 41 центнердан пахта ҳосили йиғиб олинди.

    Ғўза ва соя ўсимлигини парвариши даврида биронта қўшимча агротехник тадбирлар ўтказилмади. Суғориш сони ва меъёри, бериладиган минерал ўғитлар миқдори, бажариладиган культивациялар сони ва бошқа тадбирлар ўзгармади, қўшимча харажатлар сарфланмади.

    Соя пишиб етилганда, пахта билан аралаш экилганда бир гектар ер майдонига 260-300, қўш қатор қилиб экилганда 1000 килограммгача барг массаси тўкилади. Улар тупроқ унумдорлигини оширишга асос бўлади. Чунки соя барглари ўз таркибида азотли моддаларни бошқа ўсимликлардагига қараганда кўп сақлайди. Агар фермернинг 100 гектар ери бўлса, шундан биринчи йил 20 гектарига соя билан пахта аралаш экилса, кейинги йил яна 20 гектарга пахта билан соя экилади ва алмашлаб экиш тизими пайдо бўлади.

    2011 йилда Сирдарё вилоятида 600 гектардан зиёд майдонда соя пахта билан аралаш ва қўшқаторлаб экилди. Баҳорда фермерларни таажжубга солган ҳолат шунда эдики, соя экилган ерларда қатқалоқ бўлмади, чигит тўлиқ униб чиқди. Чунки соянинг бақувват уруғ палла барги қатқалоқни кўтариб чиқади, уни ёришга ёрдам берди. Ғўзанинг яхши ҳосил беришига сабаб шуки, соянинг илдизлари тупроқда эримай қолган фосфорли ўғитларни эритиб, кейинги ўсимлик учун тайёр ҳолга келтиради.

    Аслида бу икки экиннинг парвариши ва агротехникаси бир-бирига нисбатан ўхшаш ҳисобланади. Соя ҳам ғўзага ўхшаб тик ўсади, бўйининг баландлиги навларига қараб ўзгаради ва 50 сантиметрдан 2 метргача бўлади. Пахта орасига экилганда, албатта, эртапишар, ўсиш даври 70-85 кун бўлган, паст бўйли ғўза навлари танлаб олинади. Соя илдизи ғўза илдизига ўхшаб ўқ илдиз бўлади, барглари ҳам сатҳи катталиги билан бир-бирига ўхшаш.

    Энди ушбу рақамларга эътибор қаратайлик. Фермернинг 40 гектар пахта майдони мавжуд, мана шу ердан кам деганда 500 килограммдан соя дони олганда, умумий миқдор 20 тоннани ташкил этади. Унинг бир килораммини 5 минг сўмдан сотган тақдирда соянинг ўзидан 100 миллион сўм даромад қилади.

    — Илмий тажрибаларда соя экилгунга қадар тупроқдаги гумус миқдори 0,65-0,72 фоиз бўлган бўлса, соя экилгандан кейин кузда гумус миқдори 0,95-1,03 фоизга етади, — дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессори Насриддин Халилов. — Бугунги кунда юртимизда соянинг “Барака”, “Виктория”, “Генетик-1”, “Грациа”, “Дўстлик”, “Нафис”, “Орзу”, “Олтин тож”, “Ойжамол”, “Сочилмас”, “Устоз”, “Парвоз”, “Фаворит” каби навлари экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган.

    Лекин ҳозир юртимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган соянинг 10-20 фоизи ўзимизда етиштирилса, катта қисми хориждан валютага келтирилмоқда.

    Андижон тажрибаси омилкорликнинг

    янги йўналиши

    Андижонда аҳоли зич жойлашган, суғориладиган ер майдонларининг ҳар қаричи олтинга тенг. Турган гапки, бундай шароитда сояни ғўза қатор орасига экиш усули, айниқса, юқори ҳосил ва даромад олиш, омилкорликнинг янги йўналиши сифатида жуда қўл келади.

    Президентимизнинг ўтган йил 21 майдаги қўш экин етиштиришнинг Андижон тажрибасини яратиш бўйича таклифидан кейин қисқа фурсатда вилоят туманларида ғўза экилган майдонлар орасига соя экиш, бу ерларга сарф этиладиган уруғ миқдори, агротехнологияси, ҳосилини йиғиштириб олишга кетадиган маблағлар ҳисоб-китоб қилинди. Бажариладиган ишларнинг пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва ер майдонлари кесимидаги реестри тузилди. 10 минг гектар ер бунинг учун танлаб олинди.

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотга кўра, мамлакатимиздаги илмий муассасалар ва уруғчилик хўжаликларидан, шунингдек, хорижий мамлакатлардан 510 тоннадан ортиқ соя уруғи махсус рейслар орқали олиб келиниб, Андижон вилояти фермерларига етказиб берилган.

    Мазкур жараёнларда Дилором Ёрматова ҳам фаол эштирок этиб, фермер ва мутассаддиларга соянинг ўзига хос хусусиятлари, агротехник тадбирларни ўтказиш тартиблари ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб борди. Улар таъбири билан айтганда, “Соячи опа” то ҳосил йиғиштириб олингунча Андижонда бўлди. Шу боис, ҳар бир даладаги аҳволни, қандай уруғ қандай унганини, ҳатто қайси деҳқон бу янгиликка қандай муносабатда эканигача яхши билади.

    Пахта билан соя аралаш бирйўла экилганда, бу экиннинг республикамизда яратилган эртапишар навлари, чет мамлакатлардан келтирилган уруғларнинг ўртапишарлари танланиши яхши самара беради. Чунки улар июль ойининг учинчи ўн кунлигида ёки кечи билан август ойининг бошида пишиб етилади ва йиғиб олинади.

    Андижон шароитида эса ҳолат тубдан бошқача эди. Чунки соя уруғларини чигит билан биргаликда эмас, балки ғўзалар униб чиққан кезда алоҳида экишга тўғри келди.

    — Биз Андижонда соя уруғини қадашга киришганимизда далада ўсиб турган ғўзанинг бўйи 15-17 сантиметр атрофида эди, — дейди Дилором Ёрматова.— Бундан ташқари, ғўза қатор ораси кенглиги айрим майдонларда 60 сантиметр бўлса, бошқа бирларида 76 ва 90 сантиметр эди. Андижонлик муҳандис ва фермерлар ишбилармон эмасми, ғўза қатор ораси 76 ва 90 сантиметр бўлган майдонларда техника ёрдамида ҳар гектарига 25-30 килограммдан уруғ сарфлаб, 4-5 сантиметр чуқурликка қадашнинг уддасидан чиқишди.

    Эндигина суғорилган майдонларда тупроқдаги нам билан соя уруғлари 4-5 кунда униб чиқди. Лекин суғорилмаган далаларга экиш олдидан сув қуйиш лозим эди. Табиийки, бу тавсия фермерларнинг анча қисмига унчалик ёқмади. Чунки улар ғўзанинг ғовлаб кетишидан эҳтиёт бўлишарди. Шу боис, тушунтириш ишларини кўп ва хўп олиб боришга тўғри келди. Суғориш тадбирлари омилкорлик билан ўтказилган далаларда ҳам соя ниҳоллари гуркираб униб чиқди ва кенг майдонларда яхши ҳосил берди.

    — Ҳар бир янгилик, ўз навбатида, фидойиликни, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, тер тўкишни, ўргатиш-тарғиб қилишни тақозо этади, — дейди Дилором Ёрматова. — Президентимиз ғўза қатор ораларига соя экиш тажрибасини йўлга қўйишда Андижонни танлагани бежиз эмас. Ҳар бир фермер ва мутахассис бу ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилди. Албатта, хайрли ният билан бошланган бу тажриба жорий мавсум учун катта мактаб бўлди. Шу нарса яхши аёнки, соянинг ғўза билан қўшиб экилиши натижасида, биринчидан, тупроқ унумдорлиги ошади, иккинчидан, фермернинг оладиган даромади кўпаяди, бир майдонда ҳам пахта, ҳам соя дони йиғиб олинади, учинчидан, кейинги йилларда пахта ҳосилдорлиги гектарига 8-10 центнер ортади.

    Айни кун вазифалари

    Президентимиз раислигида жорий йил 24 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали бу йил ҳар бир гектардан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказиш вазифаси қўйилди.

    – Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши керак, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

    Бунинг учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Шу жиҳатдан олганда ва олим-мутахассисларнинг тавсияларига асосланганда, соя экинини ғўза қатор орасига экиш Андижон, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари шароитига тўғри келса, очиқ майдонларда Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида етиштириш маъқбул бўлади.

    — Мамлакатимизда бу йил мазкур экин жами 140 минг гектарда, шундан 40 минг гектари асосий ва 100 минг гектари ғўза қатор ораларига жойлаштирилиб, бу майдонларда 192 минг тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўп соя дони етиштириш белгиланяпти, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқов. — Соя ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан асосий мақсад ҳар гектар ердан олинадиган даромадни,тупроқ унумдорлигини ошириш, мамлакатимизга кириб келаётган соя маҳсулотлари импортини камайтириш ҳамда ички имкониятлар ҳисобига ушбу талабни қондиришдан иборатдир.

    Масалан, юртимизда ҳозирги кунда 41,1 миллион бош парранда саноат усулида боқилади. Улар учун паррандачилик корхоналарига бир йилда 234 минг тонна соя шроти талаб этилади. Чунки, ўртача бир бош парранда учун кунлик рацион бўйича 47 грамм омухта ем, шундан 5,7 грамми (12 фоизи) соя шроти бўлиши зарур. Ўтган йили жами 25,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, қайта ишлаш ҳисобига 4,6 минг тонна соя ёғи ва 19,3 минг тонна унинг шроти олинган. Бу паррандачилик корхоналари эҳтиёжининг атиги 8 фоизга таъминланганидан далолат беради.

    Жорий йилда етиштирилиши режалаштирилаётган 192 минг тонна соя донини қайта ишлаш ҳисобига 35 минг тонна соя ёғи ва 145 минг тонна шрот ишлаб чиқариш белгилаб олинган. Бу эса, саноат усулида боқиладиган паррандалар талабини 62 фоизга қондириш имконини беради.

    Яна бир муҳим масала. 100 минг гектар майдондаги ғўза қатор ораларига соя экиш ва ишлов бериш ўз навбатида мазкур жараёнларни механизациялаштиришни тақозо этади. Шу мақсадда “Ўзагросервис” АЖ ва Қўқон механика заводлари томонидан 600 дан ортиқ чигит экиш сеялкаси ва қатор ораларига ишлов бериш агрегатларини мослаштириш йўлга қўйилди. Бунда якка қаторларда (60, 76, 90 сантиметр экиш схемасида) ўсимликдан 15 см узоқликда ва қўшқатор усулида қаторларнинг биттасига соя уруғи экилиши ҳисобга олинган.

    Мазкур агрегатларнинг ишлаш механизми ҳамда ғўза қатор ораларига соя етиштириш агротехникаси бўйича Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида дала кўргазмали семинарлари ташкил этилди. Бундай тадбирларда кластер, кооперация ва фермер хўжаликлари вакиллари билан бир қаторда соҳа олимлари ҳам иштирок этаётгани яхши самара беряпти. Зеро, илғор илму ақл амалиёт билан уйғун бўлган жойда белгиланган вазифаларни замонавий асосда бажариш имконияти вужудга келади, ўз навбатида, натижалар ҳам куттириб қўймайди.

    Шу ўринда Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомизнинг машҳур “Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар… Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракот, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракот, деган сўзлари ёдга келади. Бугунги кунда ҳам ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини, шу жумладан, сояни кенг майдонларга экиш элга янада маъмурлик, қут-барака келтиради. Зеро, остонада ерни ёрмоқ ила ризқ йўлини очадиган кунлар турибди.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates