Қозоғистонда ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учради

    Жорий йил 12 май куни Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги (Қозоғистон Республикаси) Бош консулхонаси маълумотига таяниб ахборот берди.

    Хабарда айтилишича, Нукус – Олмаота йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобусда 53 нафар йўловчи, шу жумладан 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Воқеа оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.

    Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда.

    "Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Дипломатлар воқеа жойига етиб борди.

    Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилмоқда.

    Вазият Бош консулхона назоратига олинган.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради ҳамда ҳамюртларимиз мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +77779504422, +77779504433) ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади", дейилади ахборотда.