“Дунё“ ААнинг Бош консулхонадан олинган маълумотларга таяниб хабар қилишича, ватандошимиз Р.М. фуқаролик паспортини иш берувчидан қайтариш ва соғлигида кузатилган муаммолар туфайли Ўзбекистонга етиб олиши учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ҳамюртимиз жорий йил март ойида Олмаота вилоятининг Қорасой туманидаги фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаш учун келган. Орадан бир-неча кун ўтиб, унда юрак хуружи кузатилган ва ўз вазифасини бажара олмаган.
Фермер хўжалиги раҳбарияти эса унинг оғир аҳволига қарамай ишлашга мажбур қилган ва иш жойини ташлаб кетмаслиги учун фуқаролик паспортини ва уяли алоқа воситасини тортиб олган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари мурожаатни тезкорлик билан ўрганди ва юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралари кўрди.
Маҳаллий полиция вакиллари билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар натижасида ватандошимизнинг паспорти нопок иш берувчидан олиб берилиб, юртдошимиз Бош консулхона ходимлари томонидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.








