Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланди

    Саломатлик 2 март 2021 461

    1 март куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалдини қабул қилди. Томонлар Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу борада ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилдилар.

    Вазир И. Абдураҳмонов Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида амалга оширилаётган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг синов жараёнлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Хитой фармкомпанияси билан уч томонлама меморандум доирасидаги III фаза синовларида мазкур вакцинанинг хавфсизлиги юқори баҳоланганини қайд этди.

    Бугунги кунга келиб 6836 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси, 4453 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси ва 283 нафар кўнгилли 3-доза билан эмланди. Ушбу синовда қатнашган фуқароларнинг 6 нафаридагина озроқ ножўя таъсир – аллергик реакция кузатилди. Бу 0,01 фоиз бўлиб, вакцинанинг хавфсизлигидан далолат беради.

    Ўз навбатида Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Дилбар Долимова ZF-UZ-VAC2001 рекомбинант вакцина экани тушунтириб, эмлаш жараёнида инсон организмига коронавируснинг тожининг бир бўлаги киритилиши ҳақида гапирди.

    – Бу усул ножўя таъсирларни олдини олишга хизмат қилади, негаки унда фақатгина вируснинг ташқи оқсили ишлатилади, – деди Д. Долимова. – ZF-UZ-VAC2001 ни оддий музлаткичда 2-8 даража ҳароратда сақлаш мумкинлиги ҳам мазкур вакцинанинг ижобий томонидир.

    Дархан Сатибалди Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 янги рекомбинант вакцина синовлари муваффақиятли ўтаётгани билан қутлади. Шунингдек, ушбу вакцина борасида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳам материаллар берилаётгани ҳақида гапирди. Элчи жаноблари Ўзбекистон-Хитой вакцинасини Қозоғистонга ҳам етказиш масаласини муҳокама қилиш бўйича таклиф тайёрлашини билдирди.

    Суҳбат якунлангач, Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ва икки нафар Қозоғистон элчихонаси ходимлари ZF-UZ-VAC2001 вакцинанинг 1-дозаси билан эмландилар.