Жиззахда тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилган, Андижонда бажарилмаган ишлар ҳисоботга киритилган, Хоразмда “замҳоким”нинг укаси тендер ғолиби

    Қурилиш соҳасида ўтказилган ўрганиш ҳамда мониторинглар натижаси объектларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда, шунингдек, қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупцион омиллар, қонунбузилиш ҳолатлари, бюджет маблағларини самарасиз сарфлаш, ўзлаштириш билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

    Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.

    Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилди. Ўрганишлар мобайнида Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилганлиги, 941,1 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлиги, Андижон вилоятида 4 та объектда 57,9 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, 1,4 млрд. сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган. Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 млрд. сўмлик “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлган.

    Бундан ташқари, бюджет буюртмачилари томонидан қурилиш бўйича “dxarid.uz” ва “tender.mc.uz” порталида жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганида, республиканинг 10 та вилоятида жами қиймати 81,9 млрд. сўмлик 137 та қурилиш объектларида танлов ва тендерлар юзасидан ғолиблар аниқланмасдан қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ёки якунланганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузишлар бўйича жами 28 та материаллар прокуратура органларига юборилди. Шунингдек, “tender.mc.uz” электрон портали орқали амалга ошириладиган тендер савдолари мониторинги ва таҳлиллар натижасида ҳам тизимда бир қатор камчиликлар ва коррупциявий
    хавф-хатарлар мавжудлиги аниқланди:

    Биринчидан, “Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низомда харид комиссияси аъзоларининг аниқ вазифалари кўрсатилмаган;

    Иккинчидан, Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинг мезонларида қурилиш пудрат ташкилотларининг фаолиятидаги салбий кўрсаткичларни, яъни шартнома шартларини бажармаганлиги, солиқ ва банкдан қарздорлиги, муддати ўтган кредитларнинг мавжудлиги, маъмурий ёки жиноий иш қўзғатилганлиги кабиларни баҳолашга эътибор қаратилмаган;

    (Мисол учун: Баҳолаш мезонида жиноят иши қўзғатилганлиги бўйича балларни пасайтириш назарда тутилмагани оқибатида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар якунига асосан МЧЖ раҳбари ва бошқаларга 2021 йил 18 мартда ЎзР ЖКнинг 167, 228-моддалари билан 2 та жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, 2021 йил 30 апрелда умумтаълим мактабини таъмирлаш бўйича ўтказилган тендерда мазкур МЧЖ яна ғолиб деб топилган.

    Учинчидан, “Шаффоф қурилиш” тизимида маълумотлар ҳаққонийлигини текширувчи функциянинг мавжуд эмаслиги ташкилотлар томонидан ишчилар, транспортлар сони, молиявий кўрсаткичлар ва бошқалар бўйича сохта маълумотлар бериш хавфини келтириб чиқармоқда.

    Тўртинчидан, Қурилиш ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичлари қанча муддатга берилиши, қанча муддатда ўзгартирилиши аниқ белгиланмаганлиги, баҳолаш жараёнларида иштирокчилар рейтинг кўрсаткичлари ўзгаришига, тендерларда мағлуб бўлишига сабаб бўлмоқда;

    (Мисол учун: Тошкент вилоятида 50,7 млрд. сўмлик қурилиш объекти бўйича ўтказилган тендерга МЧЖ “В” категория билан кириб, баҳолашда Қурилиш вазирлиги томонидан “ССС” категорияга қайта баҳолангани оқибатида мазкур МЧЖ мағлуб бўлган)

    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш, таҳлил ва мониторинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш соҳасида коррупция омиллари, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates