Қуролли Кучлар тизимида коррупцияга қарши жиддий курашилмоқда

    Ҳарбий 16 октябр 2020 3808

    Қонунчилигимизда яширин коррупсиоген омиллар мавжудлиги барча соҳаларда бу иллат илдиз отишига замин яратяпти. Яъни масала жуда жиддий. Бугун бирорта соҳада коррупция йўқ, деб айтолмаймиз, деган эди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов.

    Мудофаа вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида коррупцияга ўрин йўқ» мавзуида ташкил этилган видеоанжуманда Қуролли Кучларимиз тизимида ҳам, афсуски, оз бўлсада, коррупция ҳолатлари учраётгани қайд этилди.

    Тадбирда коррупсиоген ҳолатларни келтириб чиқаришга сабаб бўлаётган асосий омиллар ҳақида сўз борди, фожеали иллатнинг олдини олиш чоралари айтилди, таклифлар билдирилди.

    Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бўлим бошлиқлари Бахтиёр Пардаев, Толибжон Мирзаев, Ҳарбий прокуратура бўлим бошлиғи Бахром Жалолхўжаев тизимда ишга жойлаштириш, иш жойини ўзгартириш, ҳарбий хизматга жўнатиш, унвон ва лавозимларни ошириш билан боғлиқ ҳолатларда коррупцияга йўл қўйилаётганини айтди.

    Коррупциянинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак? Анжумандаги бош саволга Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлим бошлиғи Ахрор Тошпўлатов нутқида мазмунли жавоб берилди.

    Майор Тошпўлатовнинг айтишича, «уста» контрабандачилар жуда айёр бўлади. Масалан, 250 миллион сўмлик товарни чегарадан ноқонуний олиб ўтиш учун 50 миллион сўмини «отади». Албатта, бизнинг чегарачилар пулга учмайди, лекин баъзи ҳолатлар Ватанга содиқлик эътиқодини чалғитиши мумкин.

    Бунга кўпинча сарҳадларимиз ҳимоячиларининг ота-оналари, оила аъзолари ёки қариндошлари ҳам сабабчи бўлади. Гап шундаки, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари фарзандларига керагидан ортиқ моддий топшириқлар беради. Тўй қилса ҳам, уй қурса ҳам асосий мажбуриятни ҳарбий ўғли елкасига юклайди. Шунда ҳарбийлар баъзи ҳолларда қинғир йўлга ўтишга беихтиёр мажбур бўлмоқда.

    Ота-оналар билан суҳбатларда бу ҳақда сўралганда эса асосан битта жавоб: «Маошини беҳуда сарфламасин, дедикда».

    Яна бир сабаб ҳам аниқланган. Таҳлилларга кўра, коррупцияга йўл қўйилиши фақатгина моддий тақчиллик билан изоҳланмайди. Оиладаги тарбияга ҳам кўп нарса боғлиқ. Айрим ҳарбийлар хизматининг муносиб эътироф этилмаётгани, қадрланмаётганидан нолийди. Бундай кишилар орасида эса коррупцияга мойиллик кучаяди.

    Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида тизимли ишланмоқда. Юқорида айтганимиз каби ҳарбийлар оила аъзолари, чегараолди ҳудудлар аҳолиси билан профилактик суҳбатлар қилинмоқда. Коррупцион ҳолат бўйича маълумот берган ҳарбийларни рағбатлантириш, давлат мукофотларига тавсия қилиш тизими йўлга қўйилган. Моддий ва маънавий қўллаш мақсадида ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, рўзғорига етарли маблағ ажратиш, фарзандларини олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга қабул қилиш каби асосли тизим ишлаб турибди.

    Анжуманда коррупциянинг олдини олишга доир таклифлар ҳам айтилди. Қуролли Кучлар тизимида рўй берган жиноятлар ҳақида ҳафталик маълумотларни барча тузилмаларга етказиш ва муҳокама қилиб бориш, ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудуд яқинидаги ички ишлар, прокуратура органлари билан тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйиш, мансабдор шахслар иш фаолиятига доир йўриқномани такомиллаштириш, тузилмалардаги жамоатчилик кенгашлари аъзолари – фахрийлар иштирокидаги тарғибот учрашувларини кўпайтириш каби таклиф ва мулоҳазлар шулар жумласидан.

    Улуғбек АСРОРОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Музаффар АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates