Рамазон ҳайити кунлари Нидерландияда Иккинчи жаҳон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олинди

    Муборак Рамазон ҳайити ҳамда яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан шу йил 3 май куни Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Нидерландиянинг Лёйсден шаҳри ёнидаги «Растхоф» қабристони ҳудудида жойлашган «Совет шон-шараф майдони» хотира хиёбонида бўлиб ўтган анъанавий хотира маросимида иштирок этди.

    Даставвал шуни айтиб ўтиш керакки, ҳар йили 5 май куни Нидерландияда Иккинчи жаҳон урушидан буён турли ҳарбий ҳаракатлар ва тинчликпарварлик операциялари қурбонларининг хотираси ёдга олинади. Бутун мамлакат бўйлаб хотира маросимлари ўтказилади. Жорий йилда коронавирус билан боғлиқ чекловлар олиб ташлангани муносабати билан маросимлар кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиляпти. 3 майда ўтказилган маросим 5 майда мамлакат бўйлаб ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик доирасида ташкил этилди.

    Тадбирда Нидерландиянинг «Совет шон-шараф майдони» жамғармаси кўнгиллилари, шу жумладан, маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари, Нидерландияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар, Ўзбекистон-Нидерландия дўстлик жамғармаси раҳбарияти қатнашди.

    Бундан ташқари, меҳмонлар орасида Нидерландиянинг «Совет шон-шараф майдони» жамғармаси ҳамда Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан Нидерландияга таклиф этилган икки нафар Ўзбекистон фуқароси –Лазиз Қаҳҳоров ва Елена Жилина ҳам бор эди. Улар мазкур хотира хиёбонида дафн этилган амакиси Саидқул Қаҳҳоров ва бобоси Площаднов Валерианнинг қабрини зиёрат қилиш мақсадида келган эди.

    Маросим давомида Иккинчи жаҳон урушида Нидерландияда қурбон бўлган ва мазкур хотира майдонида дафн этилган 865 нафар совет аскари, шу жумладан, «Амерсфорт» концлагерида фашизм қурбони бўлган 101 нафар ўзбекистонлик аскарнинг қабртошлари ёнига нафис қилиб безатилган тирик гуллар қўйиб чиқилди. Гултуваклар сув билан тўлдирилди. Шу тариқа хотира хиёбони гулларга бурканди.

    Сўнгра тадбирнинг барча иштирокчилари хотира майдонининг тўрига тўпланди. Бўлиб ўтган қисқача мулоқот чоғида Нидерландия ҳукумати, кенг жамоатчилиги, «Совет шон-шараф майдони» жамғармаси раҳбариятига, хусусан, унинг бошқаруви раиси, таниқли журналист ва тарихчи Ремко Рейдингга хотира хиёбонидаги қабрларга ғамхўрлик кўрсатгани ҳолда инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш қурбонларининг, шу жумладан, ўзбекистонлик аскарларнинг хотирасини авайлаб асраш ҳамда уларнинг шахсини аниқлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирилди.

    Бундан ташқари, маросим муборак Рамазон ҳайити кунларига тўғри келгани ҳам алоҳида таъкидланди. Дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этадиган Рамазон ҳайити инсон қадрини улуғлашнинг ёрқин намунаси эканига алоҳида урғу берилди.

    Шундан сўнг уруш қурбонлари ёдига Қуръон тиловат қилинди.

    Қатнашчилар, хусусан, «Diplomatic World Institute» таҳлил маркази лойиҳа менежери Альберто Туркстра ушбу тадбирнинг ўзгача бир рамзий маъно касб этганини алоҳида таъкидлади.

    — Биз бугун ушбу маросимда иштирок этиш учун Брюсселдан келдик, — деди Альберто Туркстра. — Бу ерда дафн этилган аскарлар, шу жумладан, 101 нафар ўзбекистонлик аскарнинг хотирасини ёдга олишга бағишланган бу тадбир бизга ўзгача бир кўтаринкилик ва ҳаяжон бағишлади. Бизнинг таҳлил марказимиз Ўзбекистондаги жараёнларни диққат билан кузатиб боради. Сўнгги йиллар давомида мамлакатингизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва қурбонларининг хотирасини ҳурмат бажо айлаш борасида кўрилган чора ва ташаббусларни алоҳида таъкидлаш жоиздир. «Diplomatic World» журналимиз саҳифаларида бундай маълумотларни кенг ёритиб боришдан мамнунмиз».

    «Совет шон-шараф майдони» жамғармаси бошқаруви кенгашининг раиси Ремко Рейдинг Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва қурбонларининг хотирасини авайлаб асраш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    Маросим сўнггида хайрия оши тарқатилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates