Рақамлаштиришсиз тараққиёт бўлмайди

    Рақамлаштириш 7 октябр 2020 2169

    Ҳар бир даврни ўзининг долзарб вазифалари ва муаммолари бўлади. Бугунги кунимизнинг энг муҳим талабларидан бири рақамли иқтисодиётни жорий этишдир.

    Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 22 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    2020 йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниб, бу борада кўламли ишлар бошланди. Хусусан, 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Шуни ёддан чиқармаслигимиз зарурки, бугунги кунда кўплаб тараққий этган мамлакатларда рақамли технологиялар иқтисодиёт ривожига ҳамда аҳоли фаровонлига хизмат қилмоқда. Масалан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жараёнини давлат томонидан тартибга солиш бўйича АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Корея, Япония ва Россия каби мамлакатларнинг тажрибаси бу борада асосан иккита - бозор ва маъмурий-бошқарув ёндашувлари мавжудлигидан далолат бермоқда.

    АҚШда рақамли тараққиёт бўйича "Кун тартибида - рақамли иқтисодиёт" деб номланган биринчи ҳукумат дастури, 2015 йилдаёқ ишлаб чиқилган. У мамлакат учун асосий имкониятларни таъминлайдиган тўртта блокни ўз ичига олади. Булар – эркин ва ошкора интернетни жадаллаштириш, тармоқдаги ишонч ва хавфсизликни барқарор этиш, тармоққа эркин кириш ва барча хоҳловчилар учун профессионал кўникмаларни эгаллаш имконияти, инновациялар ҳамда кескин самаралар берувчи ва ёрқин янги авлод технологияларини жорий қилиш. Шундай қилиб, АҚШ сиёсати рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга, бу жараёнда иштирок этадиган тармоқлар ва соҳалар улушини кўпайтиришга, ИТ-саноат билан шуғулланадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

    АҚШдан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқида (ЕИ) Европа мамлакатлари иқтисодиёти ва саноат тармоқларининг рақамли ўзгаришини жадаллаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ давлат миллий ва минтақавий дастурлари ва стратегиялари мавжуд.

    Шундай қилиб, Европада рақамлаштиришга йўналтирилган ягона йўналишни шакллантириш хусусий бизнесни инновацион лойиҳаларга жалб қилиш билан техника ва бозор инновацияларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўсинида амалга оширилмоқда. Европа давлатларининг рақамлаштириш соҳасидаги сиёсатининг асосий тамойилларини ахборот-коммуникация технологиялари учун ягона Европа қоидалари ва стандартларини ишлаб чиқиш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлашдан иборат жараён ташкил қилмоқда.

    Шарқий минтақа рақамли иқтисодиётининг учта гиганти - Хитой, Жанубий Корея ва Япониядан иборатдир.

    Бугун жаҳон электрон транзакцияларининг 40 фоиздан ортиқроғи унинг зиммасига тўғри келадиган Хитой ИТ-технологиясининг энг йирик бозори ҳисобланади. Хитойнинг салоҳиятли рақамли тараққиёти – қудратли ички бозор, рақобатнинг юксак суръати ва тезлик билан ривож топаётган рақамли секторни давлат тарафидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби учта муҳим омилни жадаллаштирмоқда.

    Хитой Ахборот ва коммуникация технологиялари академиясининг 2019 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсишига қўшган ҳиссаси баъзи ривожланган давлатлар даражасидан ҳам ошиб кетиб, 67,7 фоизга етди. 2014 йилдан 2019 йилгача рақамли иқтисодиёт йилига ЯИМнинг ўсиш суръатларига нисбатан 50 фоиздан юқорироқ бўлди. Бундан ташқари, Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти 2019 йилда 99 трлн. юанга етган ва рақамли иқтисодиётнинг бунда улуши 35,8 триллион юан атрофида бўлиб, бу ЯИМнинг 36 фоизини ташкил этди. 2019 йилда рақамли иқтисодиётнинг ўсиш суръати 15,6 фоизни ташкил этди, бу ўша йили ЯИМ ўсиш суръатларидан 6,1 фоизга нисбатан анча юқори эди.

    Шунингдек, 2005 йилда рақамли иқтисодиёт ҳажми атиги 2,6 триллион юанни ёки ЯИМнинг 14 фоизини (18 триллион юан) ташкил этди, демак, Хитойнинг рақамли иқтисодиёти ҳажми сўнгги 15 йил ичида 1300 фоизга ўсган, шу билан бирга иккинчи ва учинчи даражали саноат шу даврда мос равишда 340% ва 590% га ўсди.

    Манба: Хитой Ахборот-коммуникация технологиялари академияси.

    Жанубий Корея, ўз навбатида, 2018 йилдан – 2022 йилгача мамлакатни ривожлантириш стратегиясида платформа асосидаги иқтисодиёт тараққиётига суянишга ҳаракат қилмоқда. Бу рақамли технологиялар ва глобал рақамли платформаларга асосланган иқтисодиётнинг янги туридир. Шу мақсад йўлида мамлакат ҳукумати тўртта дастурни амалга оширишга эътибор қаратмоқда. Булар катта маълумотлар майдонларини қайта ишлаш учун блокчейн технологиялари ва сунъий интеллектни ривожлантириш, рақамли савдо платформаларидан фойдаланиш учун бизнесни рағбатлантириш, водород ёқилғисини етказиб бериш учун логистик занжир тизими ва келажак технологиялари бўйича 10 000 нафар мутахассис тайёрлашдан иборат.

    Японияда мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли мақсад ва вазифаларини белгилаб берадиган асосий ҳужжат 2016 йилда Япония ҳукумати томонидан йирик бизнес федерацияси – "Кэйданрэн" кўмагида қабул қилинган "Society 5.0" стратегиясидир. Ушбу стратегия - фуқаролар фаровонлиги даражасининг ўсишини таъминлаш учун илм-фан ва технологияларни ривожлантириш мақсадида илғор рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда қурилган ижтимоий-иқтисодий ва маданий тизимнинг ўзига хос туридир. Ушбу стратегия машҳур “Industry 4.0” концепциясига асосланган бўлиб, у нафақат ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этади, балки унинг мақсади жисмоний ва кибер-макон интеграцияси орқали ижтимоий фаровонликни таъминлаш ҳамдир.

    Иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг ғоят муҳим масаласига бағишланган бу йиғилишда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жорий йил якунлари ва 2021 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган лойиҳалар муҳокама этилди.

    Рақамлаштириш иқтисодиёт тармоқларида тежамкорлик ва самарадорликни таъминлайди. Масалан, Тойлоқ ва Оқдарё туманларидаги шағал карьерида машиналарнинг юк ҳажмини назорат қилиш тизими йўлга қўйилиши натижасида ойлик тушум 3 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмга ошган.

    Давлат солиқ қўмитасига норуда карьерлардан фойдаланишда “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш, бунинг учун ер қаъри кавланиши, юк ҳажми ва машиналар ҳаракатини назорат қилувчи электрон тизимларни ишга тушириш вазифаси юклатилди.

    Келгуси уч йилда нефть, газ ва энергетика соҳасида 18 та, металлургия бўйича 12 та, автосаноат тизимида 9 та, кимё саноатида 8 та, тоғ-кон геология тармоғида 4 та рақамлаштириш лойиҳаси режалаштирилган.

    Мисол учун, Муборак ва Шўртан нефть-газ корхоналарида автоматлашган диспетчерлик хизмати жорий этилгани туфайли йилига 50 миллион куб метр газ ва 650 минг киловатт-соат электр энергиясини тежаб қолишга замин яратилди. Асакадаги автомобиль заводида логистика, харидлар, хомашё ва бутловчи қисмлар ҳаракатини рақамлаштириш орқали 41 миллион доллар тежаш мумкин. Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидаги “Ёшлик-1” ва “Қолмоққир” конларида транспорт комплекси автоматлашган бошқарув тизимини жорий қилиш ҳам шундай самарали лойиҳалардандир. Бу орқали йилига 28 миллиард сўмлик маблағлар тежалади.

    Туман ва шаҳар ҳокимлари бир ойда 2-3 кун фақат рақамлаштириш билан шахсан шуғулланиши белгиланди. Уларнинг фаолиятига ҳудудда рақамлаштириш қай даражада йўлга қўйилганига қараб баҳо берилади. Бу соҳада яхши натижа кўрсатган раҳбарларга 30 фоизгача устама жорий қилинадиган бўлди.

    Давлатимиз раҳбари ҳар доим аввало аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлайди. Шу талабдан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар томонидан 530 та ҳудудий ва 280 та тармоқ лойиҳаси тайёрланган.

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жорий йилда белгиланган 14 туманда ижтимоий муассасаларни тўлиқ рақамлаштириб, қолган ҳудудлар учун намуна қилиш бўйича кўрсатма берилди.

    Масалан, “Электрон поликлиника” тизимини жорий қилиш орқали қоғоз ҳужжатлар 40 фоизга, навбат кутиш 60 фоизга қисқаради. Бунинг учун марказий шифохона ва поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш лозим.

    Жорий йил якуни бўйича ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари рақамли иқтисодиёт соҳасида кескин ўзгариш қилиши зарурлиги айтилди. Президент бу янгиланишларни одамлар ўз ҳаётида, бюрократия ва коррупциянинг камайгани мисолида, давлат хизматларини кўрсатиш жараёни тезлашганида сезиши лозимлигини таъкидлади.

    – Бугун кўриб чиқилаётган масала ривожланиш ва халқимиз ҳаётини яхшилаш борасидаги ишларимизнинг энг катта замини, – деди Президентимиз. – Буни барча ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари тушуниб, дунёқарашини ўзгартириб, айтилган вазифалар ижросига қаттиқ киришишлари керак.

    Рақамлаштириш ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг оғирини енгил қилиши, уларнинг вақтларини тежаши ва ишларни яхши ва сифатли бажарилишига кўмаклашиши бугунги кунда жаҳон тажрибасида ўз исботини топди. Бу борадаги технологиялар барча соҳаларда тараққиёт суръатларини жадаллаштиради ва пировард мақсадларга тезроқ ва яхшироқ эришишга кўмаклашади. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари эртанги кунимиз учун масъул бўлган ҳар бир юртдошимиз учун ғоят долзарб ҳисобланади:

    – Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ, – дея таъкидлади Президентимиз.

    Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими ишга туширилди. У марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши жараёнида қўлланилади. 2021 йил 1 январга қадар тизим бутун мамлакат бўйлаб реал вақт режимида ишлайди.

    Карантин марказларида сақланаётган шахсларнинг марказлашган ҳисоби ва карантин режими ҳолати устидан мониторингни олиб бориш мақсадида www.karantininfo.uz ахборот тизими ишлаб чиқилди.

    «ASKDOCTOR» беморларга онлайн маслаҳат бериш портали яратилиб ишга туширилди.

    Жорий йилда молия соҳасида ҳам янгиланишлар юз кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳрида “ANOR BANK” ва “TBC банк гуруҳи”га фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берди. Мазкур молия муассасалари масофадан туриб хизмат кўрсатишни йўлга қўйган Ўзбекистондаги илк рақамли банклар сифатида тарихга кирди. Ушбу муассасалар фаолияти мижоз ва банк ўртасидаги муносабатларнинг одатий моделини тубдан ўзгартиришга қаратилган.

    “ANOR BANK” инновацион чакана маҳсулотларни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесга хизмат кўрсатишнинг янги форматини жорий этишга эътибор қаратади. Мижоз банк биносига келмаганлиги учун ҳам бу аҳоли учун янги тажриба. Бу ерда мижоз барча жараённи масофадан туриб бошқаради.

    Ўз стратегияси ва рақамли технологиялардан фойдаланиш устуворлигига мувофиқ, TBC мижозларга асосан бир хил номга эга рақамли банкнинг «Space» онлайн-платформаси орқали хизмат кўрсатади. Шунингдек, мижозлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш янгиланган кейинги авлод жисмоний бўлимлар орқали ташкил этилади. Ушбу турдаги биринчи синов бўлими 2020 йил 26 июнь куни очилди. Банк янада кенгроқ доирада 2020 йилнинг август ойидан хизмат кўрсата бошлади.

    Энг асосийси, мамлакатимизда рақамли технологиялар қанча тезроқ жорий қилинса, шунчалик амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси сифатли ва муваффақиятли бўлади.

    Жамшид РАУПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Молия

    вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ

    тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates