Рақамли кўприк: жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга қандай камарбаста бўляпти?

    Амалдаги тамойилга кўра, ташаббусли бюджет жараёнлари ҳар йили икки марта, 3 босқичда амалга оширилади. “Очиқ бюджет” порталида эълон қилинишича, унинг биринчи мавсуми 6 февралдан — 7 апрелгача ўтказилади.

    Ҳар бир мавсумнинг биринчи босқичида фуқаролар ўз таклифларини илгари суришади, иккинчисида билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз беришга қўйилади. Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кейинги йил учун тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь — декабрь ойларида амалга оширилиши кўзда тутилган.

    Демак, Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги дастлабки босқичи 6 февралдан бошланиб, йигирма кун мобайнида таклифларни қабул қилинади.

    — Ушбу жараёнлар дастлаб One ID тизими орқали йўлга қўйилган эди, — дейди Иқтисод ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азим Ҳасанов. — Соддалаштириш мақсадида фуқароларимиздан фақат телефон рақамларига боғланган ҳолда, рўйхатдан ўтиш тизимини жорий қилдик. Бу аноним таклифлар ёки сунъий тарзда овозларнинг кўпайиб кетишнинг олдини олади. Натижада фуқарода ҳар бир жараёнда битта таклиф киритиш имкониятига эга бўлади.

    Қайд этиш жоиз, саралаш босқичидан ўтган барча таклифларга овоз бериш имконияти берилади. Бунда, ҳар бир таклифнинг ўз саҳифасида “овоз бериш” тугмаси бўлиб, уни қўллаб-қувватламоқчи бўлган фуқаролар ушбу тугмани босиш орқали фақат бир маротаба овоз беришлари мумкин. Бу жараён 2 хил усул билан: “Очиқ бюджет” порталида рўйхатдан ўтган ҳолда ҳамда СМС хизмати орқали амалга оширилади.

    Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бевосита ўзи истаган манзил, шу билан бирга, умуман бошқа ҳудуд бўйича иштирок этиб ҳам ташаббускор бўлиши имконияти мавжуд. Бу эса маълум бир таклиф ғолиб деб топилиши учун айнан ўша манзилда истиқомат қиладиган ёки рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этиши лозим деган чекловни рад этади. Аммо бир фуқаро фақатгина битта лойиҳани қўллаб-қувватлай олади.

    Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг ўзида энг кўп овоз тўплаган таклифлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда “ғолиб” аниқланади. Оддий қилиб айтганда, таклифларга қанчалик кўп овоз тўпланса, ютиш имконияти ортади ва энг кўп овоз олганлари юқоридан пастга қараб саралаб олинади.

    Овоз бериш жараёни якунларига кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали автоматик равишда ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар асосида “ғолиб”ларни аниқлайди ва муаллифининг шахсий кабинети орқали ҳамда мобил телефон рақамига бу хақда хабар юборилади.

    Орттирилган тажриба, амалий ишлар ва айрим муаммолар

    Маълумки, анъанавий бюджет давлат органлари, ҳукумат томонидан тайёрланади ва Олий Мажлис, маҳаллий бюджетлар маҳаллий давлат органлари томонидан тайёрланиб, туман ва шаҳар миқёсидаги депутатлар томонидан тасдиқланади.

    Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бу бюджет кўпинча маҳалла, пастки даражада аҳолини қийнаб келаётган масалаларни қамраб олмайди. Маҳаллий бюджетларда маълум маблағлар кўзда тутилса-да, бу маблағғлар шу ҳудуддаги аҳоли фикрлари асосида шакллантирилиши керак деган хулосага келинди.

    Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштириш жараёни 2019 йилдан татбиқ этилмоқда. Бу бюджет маблағларини тақсимлашда фуқароларнинг иштирок этиш механизми туман (шаҳар) бюджетларидаги қўшимча даромаднинг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтиришни кўзда тутади.

    Дейлик, маҳаллий бюджетлар даромадларининг ортиқча бажарилган қисмини бюджетдан 10 миллиард сўм кўзда тутилган бўлса, 1 миллиард сўм ортиқча даромад қиладиган бўлса,уни аҳолининг таклифлари асосида шакллантириш ғояси пайдо бўлди. Бироқ, даромаддан оширилган маблағлар унчалик катта эмас эди. Шу боис 2019-2020 йиллар давомида “Ташаббусли бюджет” жараёнларида аҳоли томонидан жами 230 мингга яқин таклиф билдирилиб, овоз бериш натижааларига кўра, 245,1 миллиард сўм маблағлар жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирилди.

    Президентимизнинг давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 13 апрелда ”Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга кўра, 2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдорини 10 фоиздан 30 фоизга ошириш ҳақидаги таклифлар маъқулланди.

    Фуқароларнинг бюджетни шакллантириш жараёнларини нафақат назорат қилиши, балки бюджет маблағларини шакллантириш жараёнидан бошлаб уларни сарфлашда қатнашиши учун ҳам имконият яратилди. Мазкур меҳанизмни янада самарали ишлашини йўлга қўйиш мақсадида 2021 йил июль ойи бошида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги янгиланган “Очиқ бюджет” порталини (openbudget.uz) ишга туширди. Унда давлат бюджети, давлат қарзи ҳақида маълумот эълон қилиб келиняпти ва “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилди.

    Бу бўлим орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин бўлди.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Ноила Ибрагимованинг таҳлилларига кўра, 2021 йилда ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаси бўйича 1600 дан ортиқ лойиҳани молиялаштириш учун 407,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Фуқаролардан энг кўп таклиф ички йўлларни таъмирлаш (408), таълим муассасалари (367), ичимлик суви таъминоти, канализация ва суғориш тизимларини қуриш (131), кўчаларни ёритиш (115) бўйича келиб тушди.

    2022 йилнинг февраль-март ойларида фуқароларнинг ташаббусли бюджет платформасидаги фаол иштироки жараёнида 69,7 мингдан ортиқ таклиф олинди. Уларнинг катта қисми ички йўлларни таъмирлаш ёки қуриш — 17,2 минг (барча ташаббусларнинг 25 фоизи), мактаблар — 10,1 минг (15 фоиз), мактабгача таълим муассасалари — 4,4 минг (6 фоиз) доир бўлди. Фуқаролар, шунингдек, ёритиш тизимларини таъмирлаш ёки ўрнатиш, ичимлик суви билан таъминлаш, болалар майдончалари, маҳалла биноларини таъмирлаш, газ ва электр таъминоти ҳамда бошқа масалаларда ўз таклифларини билдирди.

    2022 йилнинг биринчи ярми учун овоз бериш натижаларига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелигача бир ой мобайнида 6,7 миллион ҳамюртимиз ташаббусли бюджетнинг 40,2 мингта лойиҳаси бўйича овоз берди.. Пировардида 2215 та лойиҳага энг кўп овоз олди. Уларни молиялаштириш учун биринчи босқичда 1,11 триллион сўм маблағ ажратилди..

    2022 йил июль — сентябрь ойлари давомида ўтказилган иккинчи мавсум якунларининг дастлабки натижаларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва уларни амалга ошириш учун туман ва шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди.

    Республика бюджетидан ажратилган қўшимча маблағлар доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган таклифларнинг 110 таси умумтаълим мактабларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш, 113 таси маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, 16 та мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, 49 таси соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳалар қўшимча равишда молиялаштирилди.

    Натижада 2-мавсум учун ажратилган жами маблағлар миқдори 1,3 триллион сўмни, унинг доирасида ғолиб деб топилган лойиҳалар сони 1 782 тани ташкил этди.

    Юртдошларимизнинг мазкур жараёндаги иштироки ҳам тобора фаоллашиб боряпти. Агар ўтган йили ижтимоий лойиҳаларга 1 миллиондан ортиқ овоз берилган бўлса, унинг жорий йилда ўтказилган дастлабки мавсумида ушбу кўрсаткич беш баробарга ортди, яъни овозлар сони 6 миллион 700 мингдан зиёд бўлди.

    Иккинчи мавсумда бу лойиҳада 9 минг 201 та (98 фоиз) маҳалла иштирок этди. Жараёнда 7,8 миллиондан ортиқ овозлар берилди. Шундан 4,3 миллион овоз тўплаган 1418 та лойиҳа ғолиб бўлди. Улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

    Энг муҳим жиҳати, овоз бериш жараёнида мамлакатимизда яшовчи жами аҳолининг 22 фоизи иштирок этган бўлса, бу кўрсаткич Фарғона вилоятида 33 фоиз, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятларида 25-26 фоиз атрофида бўлди.

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети департаменти бош иқтисодчиси Ҳабибулло Ҳамидовнинг қайд этишича, “Ташаббусли бюджет” жараёни бугунги кунда давлат ва жамият ўртасида “рақамли кўприк” вазифасини ўтамоқда, десак ҳеч бир янглишмаган бўламиз.

    — Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнига халқни кенгроқ жалб этиш орқали ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлашга эътибор кучайди, — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска. — Мамлакатингизда 2021 йили "Ташаббусли бюджет"ни муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва ҳозирда бу жараён кенг кўламли давлат молия тизимига жорий этилаётгани муҳим ҳисобланади. Бу одамларга ишонч ва уларнинг эҳтиёжига эътибор рамзи.

    Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек Расуловнинг таъкидлашича, биринчидан,бюджет очиқлиги” бу — бюджетга оид маълумотларнинг кенг жамоатчиликка шаффофлигини таъминлайди. Иккинчидан, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиради. Учинчидан,Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали фуқароларимизни давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланишида фаол иштирок этишларига имконият яратади. Тўртинчидан, бюджет ҳисобидан қилинаётган харажатлар тўғрисидаги барча маълумотларни домимй равишда аҳолига расмий веб сайтлар орқали маълумот сифатида бериб бориши очиқлик сиёсатини таъминлайди.

    Бироқ, мазкур тизим мамлакатимизда янги жорий этилаётганлиги сабабли айрим камчиликлардан ҳам холи бўлмаётганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Олий Мажлис Сенатида ўтган йил 25 ноябрь куни бўлиб ўтган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида ҳам “Ташаббусли бюджет”жараёнларини амалга оширишда айрим муаммо ва камчиликларга йўл қўйилганлигига қайд этилди.

    Хусусан, ҳудудларда Бюджет кодекси талабларига тўлиқ амал қилинмай, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизини йўналтиришда сусткашликка йўл қўйилган. “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг иккинчи мавсуми доирасида республика бўйича 162 та маҳаллада яшовчи фуқаролардан лойиҳалар таклиф этилмаган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 95 та маҳалла, Андижон ва Тошкент вилоятларида 22 тадан маҳалла, Қорақалпоғистонда 18 та ҳамда Сирдарё вилоятида 5 та маҳалла мазкур жараёнда иштирок этмаган.

    Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 257 та лойиҳа бўйича 5,6 миллиард сўмлик қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Натижада Бош прокуратура томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёнида қонун бузилишига йўл қўйган 255 нафар шахс интизомий, 15 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилган.

    Жаҳон амалиётига назар ташлаганда...

    Тадқиқотчиларнинг фикрича, сўнгги ўн йилликларда жаҳон амалиётида ҳам ташаббусли бюджетлаштиришга қизиқиш сезиларли даражада ошди. Мамлакатларда қўлланилаётган ташаббусли бюджетлаштиришнинг асосий турларига қуйидагилар киради:

    – партисипатор (иштирокчи) бюджетлаштириш (participatory budgeting),ёки “Порту-Алегри модели” (Бразилия, ташаббусли бюджетлаштириш тарихидаги биринчи йирик тажриба, 1989 йил);

    – Ижтимоий инвестиция фондлари (Social investment Fund, SIF), уларда молиявий лойиҳалар танлов асосида тақсимланади;

    – Маҳаллий жамоаларнинг кучи ёрдамида амалга ошириладиган тараққиёт лойиҳалари (Community Driven Development, CDD) объектив мезонлар бўйича донорлар (Жаҳон банки, БМТ агентликлари) томонидан тақсимланади; ҳамжамият (Community Led Local Development, CLLD) бошқаруви остидаги маҳаллий тараққиёт лойиҳалари;

    – Европа Иттифоқи агентликлари ва аралаш амалиётлар (мисолучун Қишлоқ тараққиёти лойиҳаси).

    — “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари бутун дунё бўйича кенг тарқалган. Бразилия (Порту-Алегри)да амалга оширилган лойиҳа дастлабки тажрибалардан бири бўлган, — дейди Ноила Ибрагимова — Шундан сўнг бу амалиёт Лотин Америкаси, Осиё, Африка, Шимолий Америкада қўлланила бошланди. 2005 йилга келиб, у дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатига тарқалди.

    Европада партисипатор бюджетлаштириш 2001 йилда Италия, Испания ва Франциядаги маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан татбиқ этилди. Лиссабон (2008 йил) шаҳар миқёсида электрон овоз бериш асосида партисипатор бюджетлаштириш механизми татбиқ этилган биринчи пойтахт бўлди. 2019 йилда эса барқарор тараққиётни молиялаштириштириш учун “яшил” партисипатор бюджетлаштириш жорий этилди.

    АҚШда ташаббусли бюджетлаштиришнинг бюджет очиқлиги сиёсатига тўлиқ интеграциялашуви 2013-2015 йилларда рўй берди. (Тажриба 2009 йилда Чикагода, 2011 йилда эса Нью-Йоркда бошланди).

    Бу борадаги ишлар Хитой, қолаверса, дунёдаги энг катта тажриба Чэнду шаҳрида амалга оширилди. Бунда инфратузилмалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, бизнес ва маданиятни ривожлантириш бўйича 50 мингта лойиҳа қабул қилинди.

    Филиппинда аҳоли йўл инфратузилмаларини қуриш бўйича ижтимоий лойиҳаларни бошқаришда иштирок эта бошлади ва ҳисоботлардаги номувофиқликларни аниқлади ҳамда шу тариқа лойиҳа учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши таъминланди.

    Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, ташаббусли бюджетлаштириш ҳукумат фаолиятининг муҳим йўналиши эканлиги ва давлатнинг марказий ҳамда ҳудудий даражадаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари таркибига киритилганини алоҳида эътироф этиш лозим.

    Муҳим қарор ва янги кўламлар

    —Ҳаётнинг ўзи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтиришни кун тартибига қўймоқда, — дейди Азим Ҳасанов. — Чунки, бу тизим орқали ҳозирги пайтда аҳолининг энг долзарб муаммоларини ўрганишга ёрдам берадиган “очиқ маълумотлар базаси” шаклланмоқда. Бинобарин, уч мавсум давомида айнан маҳаллалардаги муаммоларга доир 100 мингдан ортиқ таклифлар билдирилди.

    Президентимиз томонидан ўтган йил 24 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиб келаётган кенг жамоатчиликни янада рағбатлантириш, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг ушбу жараёнларда фаоллигини оширишни кўзда тутади.

    Қарорга мувофиқ, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2022 йил 2-мавсуми доирасида фуқароларни фаол иштирокини инобатга олган ҳолда ғолиб деб топилган лойиҳаларга қўшимча равишда ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та таклифни амалга ошириш учун республика бюджетидан 335 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

    Яна бир янгилик шундаки, эндиликда лойиҳалар маҳаллабай тарзда шакллантирилади. Қарорга кўра, 2023 йилдан бошлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланиши назарда тутилган. Бу жараёнда аҳоли томонидан амалга оширилиши таклиф этилаётган тадбирлар ҳар бир маҳалла бўйича битта лойиҳа пакети шаклида овозга қўйилади.

    Шу масадда лойиҳалар пакети учун ажратиладиган маблағлар чекланган миқдорини 8 миллиард сўм этиб белгилаш, дастурларни молиялаштириш учун ҳар йили Давлат бюджетидан камида 4 триллион сўм йўналтириши мўлжалланган.

    “Ташаббусли бюджет” жараёнини молиялаштириш кўлами янада ортади. Яъни, келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда 6 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилиши ҳисобига мазкур жараёнлар учун 2 триллион сўмдан ортиқ маблағлар йўлланиши кутилмоқда. Бунинг натижасида, 53 та туман ва шаҳарда (тасдиқланадиган бюджетлари миқдори кам бўлишига қарамай) улар учун ҳам 6 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилади. Мисол учун, Ғазғон шаҳрида 2022 йилда 900 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2023 йилдан бошлаб мазкур ҳудудга 6 миллиард сўм маблағ берилади.

    Вилоят бюджетлари қўшимча манбаларининг 30 фоизи ҳам эндиликда ташаббусли бюджет жараёнига йўналтирилади. Жойларда фуқароларни қийнаб келаётган долзарб муаммоларни ҳал этилиши кўламини кенгайтириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштиришга ажратилиши белгиланмоқда.

    Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 2 февралдаги “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жорий йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўллар таъмирланади. Бу тизми “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли равишда ҳар йили бир маротаба ўтказилади.

    “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ҳам маблағлар мидори оширилади. Агар ўтган йилда бу масадлар учун 271 миллиард 71 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ушбу миқдор ҳам икки карра кўпаяди.

    Алқисса, ана шундай кенг кўлам ва катта маблағлар асосида 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнининг биринчи мавсумига старт берилди. Бу мавсум ҳам одамларга эътибор ва эҳтиёж рамзи сифатида кўплаб долзарб муаммоларнинг жойларнинг ўзида ҳал этилишига камарбаста бўлади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates