Реал вазиятга яқинлаштирилган жанговар машғулот бўлиб ўтди

    Ҳарбий 10 ноябр 2020 1552

    Миллий армиямизнинг жанговар қудратини ошириш ва шайлигини мустаҳкамлашда ташкил этилаётган машғулотларнинг реал шароитлар ва вақт кесимида ўтказилишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, Тошкент ҳарбий округида ўтказилган навбатдаги мажмуавий тактик ўқувда айни жиҳатлар эътиборга олинди.

    Ўқув режасига кўра десантчилар ҳарбий қисми эрта тонгдан тревога сигнали асосида кўтарилиб, жанговар шай ҳолатга келтирилди. Юқори қўмондонликдан олинган вазифага кўра, жанговар бўлинма Сирдарёдан ўтиши ва белгиланган ҳудудга етиб бориши лозим. Ўқув шартига кўра кўприк устида шартли йўл транспорт ҳодисаси юз бергани сабабли бир вақтнинг ўзида понтон кўприкчилар взводига жанговар бўлинманинг ўтиш имкониятини таъминловчи муҳандислик иншоотини барпо этиш вазифаси қўйилган.

    Десантчилар жанговар бўлинмаси белгиланган маррага колонна тартибида марш уюштирди. Эътиборли томони, ўтказилаётган тактик машғулотларда қўшин турларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини таъминлашга ҳам катта аҳамият берилди. Понтон кўприкчилар взводи зудлик билан қулай ҳудудга келиб понтонларни сувга тушира бошлади. Взводнинг махсус гуруҳи томонидан разведка ишлари амалга оширилди ҳамда қирғоқ қўриқлови ташкил этилди.

    Машғулотларни Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, ҳарбий округларнинг жанговар тайёргарлик бўйича масъул офицерлари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва ҳамкор куч тузилмалари вакиллари кузатиб борди. Муҳандислар қўйилган вазифани адо этаётган бир пайтда понтон кўпригини ўрнатишга қаршилик қилишга уринган шартли душман ҳужуми қайтарилиб, жангарилар тор-мор этилди. Муҳандислардан эса тезлик ва аниқлик билан ҳаракатланиш талаб этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жипсликдаги ҳаракатлари сабаб понтонлар бир-бирига бириктирилиб, иккала қирғоқни бирлаштирувчи яхлит муҳандислик иншооти ҳосил қилинди.

    Десантчилар жанговар бўлинмаси Сирдарёга ўрнатилган сунъий иншоотдан мувафаққиятли ўтишга киришди.

    Шунингдек, машғулот давомида турли ҳарбий техникалар, ўт очар қуроллар ва анжомлар кўргазмасидан иборат ўқув нуқталари ҳам ташкил этилди. Қуролли Кучлар академияси курсантлари ва тингловчиларига улардан самарали фойдаланиш бўйича керакли маълумотлар берилди.

    Тактик ўқувда фаол қатнашган ва ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ушбу ўтказилган кенг кўламли ўқув машғулоти ҳам қўшинларимизнинг ҳар қандай вазиятда ҳаракатлана олиши, фавқулодда вазиятларда ностандарт қарорлар қабул қилиб, қўйилган вазифани бажариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилди.

    Лейтенант Бобур ЭСОНОВ,

    Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates