Республика спорт мусобақалари ғолиблари учун имтиёзлар нега бекор қилинди?

    Таълим 13 июл 2021 4111

    АОКАда спорт мусобақалари ғолибларининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. 

    Раҳимжон Ҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари:

    — Ўзбекистон Президентининг «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига қўшимча давлат гранти асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

    Илгари бу имтиёз республика спорт мусобақаларида ғалаба қозонган спортчиларга нисбатан ҳам бор эди. Жорий йилдан ушбу имтиёз бекор қилинди.

    Имтиёзга эга спортчилар қайси йўналишларга имтиҳонсиз кира олади? Бу борада ҳозирда тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда ва яқин орада эълон қилинади.

    Нима учун республика мусобақаларидаги имтиёз бекор қилинди? Таҳлиллар шуни кўрсатдики, спорт мусобақалари фақатгина олий таълим муассасига имтиҳонсиз киришга йўлланма учун ташкил этилаётгандек бўлиб қолмоқда. Турли федерациялар керак бўлмаган вазиятларда ҳам республика чемпионатларини ташкил этиб, имтиёзлар учун йўлланмалар тақдим этмоқдалар. Мақсад — ёшларни спортга жалб этиш ёки қизиқтириш эмас, йўлланмага эга чиқиш бўлиб қолган ҳолатлар ҳам мавжуд. Шу боис кўплаб ёшларнинг таклифи асосида ана шундай қарор қабул қилинди.

    Абдулазиз Аккулов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари:

    — Илгари республика спорт мусобақаларида ғалаб қозонган спортчилар учун барча йўналишларга имтиҳонсиз кириш имконияти берилган. Бу нафақат таълим тизими, балки ўша талабанинг ўзига ҳам зарар келтирган.

    Масалан, йиллар давомида ҳуқуқшуносликни ўқиб келган талабалар орасига имтиёз билан ўқишга кирган спортчи тушиб қолади. У на спортни давом эттира олади, на юридик соҳада мутахассисликка эришади. Президент Қарори ана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

    Қарор қабул қилингач, кўплаб ота-оналарнинг таклифларини ҳам эшитдик. Эндиликда республика спорт мусобақаларида ғалаба қозонган спортчиларга спорт йўналишларига ўқишга киришда муайян имтиёзлар берилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates