Ўзбекистонда ҳам “миллий маданият кунлари” ўтказилса...

    Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунки маънавият ва маърифат давлат ва халқнинг бугунги ва эртанги тинч, фаровон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Бошқача айтганда, маънавият, маърифат, маданият дарахтнинг ўзак томирлари кабидир.

    Тўғри, давлат равнақида ривожланган мамлакатларнинг илм-фан, техника, иқтисодий жиҳатдан ютуқларидан андоза олиш мумкин. Бироқ маданият ва маънавият борасида бу мумкин эмас. Ўзлигини сақлаб, ривожлантириб борган халқ чин маънода мустақил, бахтли бўла олади.

    Айни пайтда бу йўналишда ўз ишимизга танқидий назар ташлаш вақти келди. Зотан, ёшлар орасида миллий либослари, миллий қадриятлари, анъаналаридан бехабар, уларни менсимайдиган, ёт маданият унсурларига кўр-кўрона эргашадиган йигит-қизлар озмунча эмас. Бошланғич мактаб ёки боғча ёшидаги болаларга миллий қадриятлар нима, деган саволни берсангиз, уларнинг аксарияти Наврўз умумхалқ байрамимиз ҳақида гапириб беришади.

    Улардан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ. Чунки бу ўзимизнинг ҳаракат маҳсулимиз: болаларга фақат Наврўз байрамидагина миллий либосларни кийдирдик, улар шу байрамдагина миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналарга гувоҳ бўлишди, миллий маданият ва маънавиятимиз хусусида мана шундай кунлардагина гапириб беришга одатланиб қолдик. Натижада ёшлар ўртасида миллий либосларни кийишдан ҳатто ор қиладиган, уяладиганлар кўпайди...

    Маълумотларга қараганда, Япония давлатида ҳафтанинг ҳар якшанба куни давлатнинг барча фуқаролари ўз миллий кийимларини кийиб юришар экан. Ёш Туркманистон давлатидаги сиёсий раҳбарлар ҳам расмий тадбирларда ҳам ўзига хос миллий кийимда иштирок этади ва албатта, бу халқ қалбида миллий ғурур борасида мотивация уйғотиши табиий.

    Биз эса фақат Наврўз байрами арафасидагина урф-одатларимиз, миллий либосларимизга эътибор қаратамиз. Қолган вақтларда эса бу биз учун аҳамиятсиз масалага айланади. Эътибор берсак, айнан Наврўз байрами арафасида чет давлатлардан мамлакатимизга туристлар келади. Улар бизнинг маданиятимиз, урф-одатимиз, қадимий ёдгорликларимиз, бир сўз билан айтганда, миллийлигимизни кўриш, ўрганиш, улардан завқ олиш учун келишади. Худди ўзлари каби европача ва замонавий услубда кийинганларни улар учун қизиғи ва аҳамияти йўқ.

    Миллий маданиятимиз ниҳоятда гўзал ва моҳиятан қимматли эканини ҳеч ким инкор этолмайди. Миллий либосларимиз ҳам халқимизнинг бой маънавияти, гўзал қалби, машаққатли ўтмишидан ҳикоя қилади. Шундай экан, нега уларни доим кўз-кўз қилмаслигимиз керак?!

    Мен мамлакатимизда «Ўзбек миллий маданияти кунлари»ни жорий қилиш ва анъанавий тарзда ўтказишни таклиф қиламан. «Ўзбек миллий маданияти кунлари»да миллий кийимларимизни кийиш, миллий таомларни тайёрлаш, ўзига хос ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш, миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этиш, миллий рақс, қўшиқ, аския, айтишувлар бўлиши, театр ва бошқа маданий томошалар уюштириш мақсадга мувофиқ.

    Бунинг натижасида миллий маданиятимиз янада ривожланади, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос урф-одатлари намоён бўлади, дўппидўзлик, пичоқчилик, заргарлик каби ноёб ҳунармандчилик турлари янада ривожланади, ўзбек миллий либослари дунё юзини кўради, энг муҳими, оилавий қадриятлар янада мустаҳкамланади, ёшлар тарбиясида миллий руҳ янада барқарор бўлади. Бир сўз билан айтганда, ёшлар қалбида маънавий-ахлоқий фазилатлар шаклланади ва сайқалланади. Шу ўринда Президентимизнинг қуйидаги сўзларини эсга олиш ўринли: «Жамиятдаги ижтимоий муносабатлар қонунлар билан тартибга солинади.

    Инсонлар ўзларини низолашишдан олиб қочадилар, лекин улар ор-номусни ўзларида ҳис қилмайдилар, агар маънавий-ахлоқий воқеалар ёрдамида тартибга солинса, одамлар ор-номусни ҳис қиладилар, ҳалол ва софдил бўладилар». Давлатимиз раҳбари балки «ҳалоллик вакцинаси» ҳақида гапирганларида миллий ғурури баланд ва маънавияти бой халқни назарда тутгандир?!

    Ер юзида тобора озайиб бораётган баъзи бир миллатлар ўзларининг қадриятлари ва маданиятини сақлаб қолиш учун курашаётган бир пайтда нима учун биз ҳафтада бир кунимизни миллий маданиятимиз учун сарфламаймиз? «Ўзбек миллий маданияти кунлари» «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» бораётган халқнинг энг биринчи қоидаси бўлишига ишонаман. Биз бутун дунё ҳавас қиладиган меҳмондўстлик, оилавий ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат назари билан қарайдиган, ҳалолликни инсонийликнинг энг муҳим талаби деб биладиган миллатмиз. Бундай гўзал қадриятларни жаҳонга кенг ёйиш орқали халқнинг ўзлигини сақлаб қола оламиз.

    Мираббосхон МИРСАИДОВ,
    Наманган вилояти ИИБ,
    маънавий ва маърифий ишлар ҳамда кадрлар билан
    таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари,
    подполковник.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates