Россия билан чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғида ҳамкорлик кенгайтирилади

    «Ўзчармсаноат» уюшмасида Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

    Мулоқотда асосий эътибор сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.

    Учрашув аввалида «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти томонидан Россия томонига давлат томонидан мамлакатимизда чарм-пойабзал соҳасида берилаётган эътибор, чет-эл инвесторлари учун яратилган имконият ва енгилликлар, соҳанинг салоҳияти, хом ашё захираси тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

    Ўзбекистон-Россия ўртасида чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғида манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича қатор ташкилий ва амалий масалалар муҳокама қилиб олинди.

    Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, мамлакатимизда экспорт лойиҳаларини илгари суриш, инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этишга кўмаклашиш, кўргазма ва ярмарка тадбирларида иштирок этишда ёрдам ва қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

    2022 йил мобайнида Россия Федерациясига мамлакатимиздан чарм-пойабзал маҳсулотларининг экспорт ҳажми кескин ортди.

    Жумладан, юқори қўшилган қийматга эга (болалар, эркаклар, махсус пойабзал), чарм-атторлик, қоракўл, тайёр чарм маҳсулотлари улуши 2021 йилга нисбатан 3,6 баробарга ошди.

    Мулоқот якунида Россиянинг савдо вакиллари билан мазкур мамлакат компанияларининг Ўзбекистонда чарм-пойабзал кўргазмаларида иштирок этишини таъминлаш юзасидан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.