Россияда ишлаш учун яна 700 дан ортиқ фуқаро танлаб олинди

    Ижтимоий ҳаёт 25 ноябр 2020 1466

    Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «ПИК-Индустрия» акциядорлик жамияти ўртасида фуқароларни ишга қабул қилиш бўйича видеоконференцалоқа шаклида танловлар давом этяпти.

    10-18 ноябрь кунлари ўтказилган танловларда танлаб олинган 1 209 нафар фуқаронинг рўйхати Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги «Паспорт ва виза хизмати» федерал давлат унитар корхонасига фуқароларнинг ушбу давлат ҳудудига кириб боришида тақиқ бор-йўқлигини текшириш, шунингдек, Коронавирус касаллиги кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича оператив штабидан Россияга киришга рухсат олиш учун юборилди.

    Бугунги кунда вилоятлар кесимида танловнинг иккичи қисми давом этяпти. Айни пайтгача Агентликнинг Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари билан видеоконференцалоқа шаклида танлов ўтказилиб, турли йўналишлар бўйича Россия ишлаш истагидаги 700 дан ортиқ фуқаро танлаб олинди.

    Танлов давомида «ПИК-Индустрия» томонидан меҳнат мигрантлари учун яратилган шароитлар, иш ҳақи, зарур мутахассисликлар ҳақида маълумот бериляпти.

    Танловларда пайвандчи, электрик, шамоллатиш тизимларини монтаж қилиш, ғишт терувчи ва бошқа мутахассисликлар бўйича ваканциялар ҳақида маълумот берилиб, ўртача 60-90 минг рубль миқдорида ойлик иш ҳақи таклиф этиляпти.

    Мигрантлар иш берувчи томонидан Россия Федерацияси Меҳнат кодексида белгиланган меҳнат шароитлари, иш ҳақи, меҳнат таътили, COVID-19 тести, ётоқхона ва рўйхатдан ўтиш, зарур ҳимоя воситалари, иш кийимлари, иш қуроллари билан таъминланади.

    Пандемия пайтида чет эл фуқароларини олиб кириш учун махсус рухсатнома олиниб, ишга жалб қилинган Ўзбекистон фуқаролари камида 1 йил ишлаб бериши талаб этилади, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.