Россияда коронавируснинг британ ва Жанубий Африка штаммлари учрамоқда

    Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова Россияда 81 ҳолатда коронавируснинг британ штамми ва 6 ҳолатда Жанубий Африка штамми топилганини маълум қилди.

    “Бу, бизнинг бошқа мамлакатлар билан ҳамон борди-келди қилаётганимизни билдиради. Чунки бу штаммлар олиб келинган. Вирус юқтирмасликнинг энг яхши йўли, сафарга чиқмай, уйда ўтириш”, деди у “Известия” мухбирига.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бир кеча кундузда дунёда 510 минг киши коронавирус юқтирган. Бу касаллик билан оғриган беморлар сони дунё бўйича 130 миллион нафардан ошиб кетди. Кейинги 24 соат ичида коронавирус туфайли 10,1 минг, пандемия бошлангандан буён эса 2,84 миллион нафар инсон ҳаётдан кўз юмди.