С. Сафоев: Парламентлараро ҳамкорлик механизмлари орқали Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мазмун-моҳиятини халқаро миқёсда фаол тарғиб қилиш муҳимдир

    Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференция якунларидан келиб чиқадиган вазифаларга Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев тўхталиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг халқаро конференцияда илгари сурган ташаббусларининг туб мазмун-моҳиятини, уларнинг халқимиз фаровонлиги учун амалий аҳамиятини мамлакатимиз кенг жамоатчилиги, ёшларга етказиш долзарб аҳамиятга эга.

    Бу борада Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: шартлари, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

    Парламентлараро ҳамкорлик механизмлари орқали Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мазмун-моҳиятини халқаро миқёсда фаол тарғиб қилиш муҳимдир.

    Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари парламентлари ўртасида алоқаларни изчил ривожлантириш, парламентлараро мулоқотни минтақалар давлатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида янада жадаллаштириш лозим.

    Бу борада тегишли гуруҳлар раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилишларини ташкиллаштириш бўйича ташаббус билан чиқиш зарур.

    БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусни парламентлараро даражада тарғиб қилиш ва илгари суриш муҳимдир.

    Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликка оид “Йўл харитаси” бажарилишини назорат қилиш Сенат зиммасига юклатилган. Ўйлайманки, конференция якунлари бўйича бу ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритиб, юқорида қайд этилган махсус резолюцияни қабул қилиш жараёнини ҳам мониторинг объектига киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

    Ўзбекистон Республикаси
    Олий Мажлиси Сенатининг
    Ахборот хизмати