“САДОИ ФАРFОНА”НИНГ ҲУР САДОЛАРИ ёхуд инсонларни маърифатга чорлаган минбар

    Маданият 24 июн 2020 3949

    Жадид матбуотининг йирик нашрларидан бири — 1914 йил 3 апрелдан чиқа бошлаган “Садои Фарғона” газетасидир. Қўқон шаҳрида чоп этилган газетанинг эгаси ва муҳаррири тоғ-кон муҳандиси Обиджон Маҳмудов бўлиб, газета унинг хусусий матбаасида босилган. 

    “Маданий давлатнинг барча фуқаролари маърифатнинг порлоқ зиёсига интилмоғи керак. Маданият зиёсига йўл очмоқнинг энг яхши омили матбуотдир”.

    Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

    Газета халқни жаҳолатга қарши курашга, фойдасиз расм-русум ва бидъатларни тугатишга, уларга сарфланадиган маблағларни эса миллат болаларини ўқиши учун ишлатишга чақирди. “Садои Фарғона” илк сонлариданоқ халқнинг севимли газетаси ва муҳокама минбарига айланиб улгурди.

    Газета Туркистон жадидларининг таълимни ислоҳ этиш ғоясини бош масала сифатида ўз олдига қўйди ва “усули жадида” мактабларини тарғиб этди. Унинг 9-сонида “Муаллим афандиларга очуқ мактуб” номли хабарда муаллиф жадид мактаблари муаллимларининг имтиҳонга тайёр эканлигини таъкидлаб, уларнинг меҳнатларига ташаккур изҳор этади. “Садои Фарғона”нинг 13-сонида Қўқоннинг “Хонақоҳ” маҳалласидаги “Мактаби Муҳаммадия” ҳақида сўз юритилган бўлса, 17-сонида Яҳё қори Шаҳрихон жадид мактабларида ўтказилган имтиҳонларда ўқувчиларнинг илмидан мағрур бўлади ва муаллимларни алқайди. “Садои Фарғона”нинг 44 ва 47-сонларида Обиджоннинг “Усули жадидни ихтиро қилиб туруб, яна бошқалардан шикоят қилувчиларға таажжуб” мақоласида мактаб ва мадрасаларда таълим бериш усулини мужтаҳидлар илгари ҳам ислоҳ қилгани ҳақида ёзади. “Усули жадида энди ўйлаб топилган нарса эмас, эски мактабни ислоҳ қилишга қарши турувчилар бироз мулоҳаза қилсинлар, ҳозирги воқелик, ижтимоий турмушнинг моҳиятига етмай, уларнинг жоҳиллиги туфайли азият чекаётганлар бор. Бунга қайси бири — усули қадимми ёки усули жадид мактаблари айбдорми”, деб ўз фикрини хулосалайди муаллиф.

    Газетанинг 76-сонида қўқонлик Ҳ.Ҳ.Н. имзоси остида (Ҳамза) “Муаллим афандиларимиза улуғ ражомиз” сарлавҳали мурожаатда туркистонлик мусулмонларнинг ҳаётда тубан ва хор бўлиб яшаётганларга замонавий билимлардан четда қолаётгани сабаб бўлаётгани айтилади. Ҳамзанинг “Мактаби “дор ул-айтом”, янги етимлар мактаби” мақоласида эса ота-онаси йўқ, кўча-кўйда қолган болаларни ўқитиш масаласи кўтарилган. “Садои Фарғона”нинг 61-сонида Маҳмудхўжа Аҳмадхўжа ўғлининг “Кеча мактаби очилур” мақоласида кечки мактабларни очиш масаласининг долзарблиги ва унда ўқитиладиган билимлар батафсил баён қилинади. Нашрнинг 93-сонида “Ҳунар мактаби” номли хабарда Андижонда сартарошлик мактаби очилгани ва ҳунар эгаларининг иш билан таъминланиши ҳақида ёзилади. Шунингдек, газетанинг 7-сонида босилган “Русияда яҳудий мактаблари” номли мақолада: “Русия яҳудийлари мусулмонларнинг чорагидан ҳам кам бўлиб, ҳаммаси 6 миллион миқдорича бордир. ...1914 йилги ҳисоботга қараганда, яҳудийларнинг ўз дин ва тилларини ўргатадирган миллий мактаблари Русияда расмий 10000 дан ортиқ экан. Улардан беш баробар ортуқ мусулмонларнинг эски ва янги мактаб мадрасалари билан бари қўшилиб ҳам 9000 га етмайдур”, дейилган.

    “Садои Фарғона”нинг 44-сонида “Бухорода мактаблар ёпилмоқда” номли мақолада 1914 йил 5 июль, шанба куни Бухоро қозикалони ва қушбегисининг Бухорода 3 та (Говкушон — 70 нафар ўқувчи, Бозори Кафш — 20 нафар, ­Лабиҳовуз — 35 нафар) янги усул мактабини ёпиб, ўқитувчилардан хат олгани маълум қилинади. Муаллиф кўчада қолган болаларнинг йиғлаб юргани ҳақида ёзади. Туркистон ўлкасидаги тараққийпарварлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаб, Туркманистоннинг Челикин овулида очилган жадид мактаби муваффақиятларини, Кошғарда очилган жадид мактаби ҳақида хабар беради.

    “Садои Фарғона” саҳифаларида олий таълим муаммолари, айниқса, мадраса таълимини ислоҳ этиш билан боғлиқ мунозараларга кенг ўрин ажратилган. Унинг илк сонида Шокир Мухторов “Ислоҳни нимадан бошларға?” мақоласида тарбияни, энг аввало, ибтидоий мактабларни ислоҳ қилишдан бошлаш керак, дейди. Газетанинг 3-сонида мулла Абдуллабек Мусобек ҳожи ўғлининг “Ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи ҳам шу мавзуга бағишланган. Муаллиф Ш. Мухторовни танқид этиб: “Мавжуд мадрасаларни танқид қилиш деб, уларни ёппасига ерга уравериш керак эмас, негаки ҳозирча ушбу мадрасаларимиздан бошқа олий таҳсил оладиган муассасаларимиз йўқ. Бунинг устига, аллома даражасига кўтарилган буюк аждодларимиз барчаси мадрасалардан чиққан. Фақат қадимда мударрислар тўй, зиёфат, таъзия ва ҳоказо деб дарсни ташлаб кетмаганлар. Агар виждон билан ёндашилса, ҳозирги мадраса таълими дастуридаги барча фанларни ўзлаштириш мумкин”, дейди. Газетанинг 7-сонида Ш.Мухторовнинг “Мо фи ислоҳ ул-ислоҳ” мақоласи юқоридаги фикрларга жавоб шаклида ёзилган бўлиб, муаллиф “улуми қадима”ни инкор этмаслигини, фақат талабаларга дунёвий илмлар бўйича асл манбаларни эмас, ҳошияларни ўқитишга, энг мўътабар ва керакли китоблар ўрнига “Ривояти мутаноқаза”, “Жомеъ ар-румуз” кабиларни ўқитишга қаршиман, дейди. Дарҳақиқат, кенг муҳокама этилган бу мунозаралар жамоатчиликда ижтимоий фикрнинг уйғонишига, зиёлиларимиз, хусусан, уламоларимизнинг ўз фаолиятларига бир оз бўлса-да, танқидий ёндашишларига сабаб бўлган эди. “Самоварда муллабаччалар” мақоласида талабалар ахлоқ-одобга ва кўчада бекор юрмаслик, ўзларининг хулқи билан халққа ўрнак бўлишга чақирилади.

    “Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий хабарларга ҳам кенг ўрин берган. Муҳими, бу материаллар тўғридан-тўғри мустамлакачи манфаатини эмас, аксинча, Туркистон халқларининг қизиқишларини ҳам ифода этган. Нашрнинг 44-сони илк саҳифасидаги “Австрия-Сербия ихтилофи” мақоласи уруш мавзусига бағишланади. Унда уруш ҳаракатлари ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот берилади. Газетанинг 52-сонида Нурийнинг “Оврўпа уруши” мақоласида уруш энди жаҳоннинг барча мамлакатларини қамраб олганлигига эътибор қаратилади. Эътиборли жиҳати шундаки, муаллиф қардош Туркиянинг урушга кириши кутилаётганидан ташвиш билдиради. У аслида Туркиянинг дўсти йўқ ва унинг бетараф тургани яхши эди, деб хулоса билдиради. “Садои Фарғона”нинг 77-сонида “Раннее утро” газетасидан олинган мақола берилиб, унда Туркиянинг урушга кириши ва унинг ҳарбий аҳволи ҳақида ўқувчиларга хабар берилади. Бу, аввало, ўқувчиларнинг талаблари натижаси бўлиб, жаҳон урушида Туркистон халқининг Туркия мамлакатига нисбатан ҳамдард муносабатидан далолат беради. Газетанинг 82-сонида “Тарғиб иона” мақоласида урушнинг инсоният бошига солаётган кулфатлари ҳақида айтилиб, аҳоли жабрдийда мусулмонларга ёрдам тариқасида ионалар йиғишга чақирилади. Шунингдек, 84-сонида “Ҳинд мусулмонларига мурожаат” номли хабарда мусулмонларнинг урушга нисбатан позицияси қандай бўлиши кераклиги айтилади. Жумладан, ислом мамлакатларининг етакчиси бўлган Туркиянинг урушга кириши охирида ҳар қандай ҳолатда унинг зиёнига ўйнаши ва давлатнинг империалистлар томонидан бўлиб олинишига олиб келиши ёзилади. Дарҳақиқат, уруш якунланиши билан Туркия ўз ҳудудларининг деярли 80 фоизидан айрилган эди. “Садои Фарғона”нинг 94-сонида Н.Донченконинг “Русское слово” газетасида эълон қилинган мақоласи асосида “Уруш майдонидаги туркманлар” мақоласини муаллиф туркий йигитларнинг азалдан жасоратли бўлгани, бу дашт арслонлари Чингизхон, Амир Темур қўшинларида дунёнинг энг қудратли армияларини барпо этганини эсга олишдан бошлайди. Шундан сўнг туркман йигитларининг туғма баҳодирлиги, отларининг чидамлилиги, сардорлари аскарлар билан тенг яшашлари ҳамда жангда ягона кучга айланиши ва уларни ҳеч қандай ютиб бўлмаслигини ёзади. Бу мақола мустамлака зулми остида аҳволи забун, миллий армиядан маҳрум халқнинг ғурурини тиклашга, миллий истиқлол учун биринчи зарурий шарт бўлган миллий армия орзусининг ифодаси эди.

    Нашрнинг 96-сонида “Инсоният қаҳрамони бетараф қиз” ҳақидаги мақолада уруш майдонларидаги ҳаёт қаламга олинади ва инсоният учун уруш ҳеч қачон фойда келтирмаслиги айтиб ўтилади. Бу Туркистон жадидларининг урушга нисбатан якдил позициясини ифодалар эди. “Садои Фарғона” газетасининг саҳифалари дунёда кечаётган жараёнларни айнан миллий манфаатлар ва интилишлар юзасидан акс эттирган. Жумладан, Японияда татар театри қўйилиши, Японияда мусулмон депутати ва аёллар ҳуқуқи масалаларига ҳам ўрин ажратилади.

    “Садои Фарғона”нинг сўнгги 123-сони 1915 йилнинг 6 июнида чоп этилади. Газета ўз даврининг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий, маиший муаммоларини дадил кўтара олган нашр сифатида ўзбек журналистикаси тарихидан муносиб ўрин эгаллади. Туркистондаги бошқа жадид газеталаридан “Садои Фарғона”нинг яна бир фарқли жиҳати шу эдики, у ўзининг саҳифаларида уламолар учун ҳам кенг ўрин берди ва ҳеч қачон кескин зиддиятга сабаб бўлувчи мақолаларни чоп этмади. Мана шу мўътадил сиёсати туфайли газета Туркистон уламоларининг ҳам, жадид тараққийпарварларининг ҳам бирдай севимли минбарига айлана олди. Иккинчи томондан, газета ижод аҳли учун ҳам кенг ўрин ажратди. Газета саҳифаларида Сўфизода, Тавалло шеърлари, ёш Чўлпон, Иброҳим Давроннинг илк ижодий намуналари нашр этилди. Айтиш мумкинки, “Садои Фарғона” кейинчалик Туркистондан кўплаб ижодкорлар, журналистлар етишиб чиқишида ҳам катта роль ўйнади. “Садои Фарғона” ўз саҳифаларида сиёсий ахборотлар учун ҳам кенг ўрин ажратган. Бу материаллар, асосан, Биринчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлса-да, Туркистон жадидларининг муайян мақсадларини ифодалаши билан аҳамиятга моликдир. “Садои Фарғона” ўз даврида халқимизнинг сиёсий онгини, сиёсий маданиятини оширишда бемисл хизмат қилди. Кейинчалик илк сиёсий ташкилотлар, сиёсий партияларнинг пайдо бўлишида жуда катта роль ўйнади.

    Баҳром ИРЗАЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
    Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates