Учрашувда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди, бунда савдо, инвестициялар, меҳнат миграцияси ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани, қўшма лойиҳалар, энг аввало, саноат ва энергетика соҳаларида фаол илгари сурилаётгани алоҳида таъкидланди. Миграция тартиб-таомилларини тезлаштириш чора-тадбирлари ва патентларни расмийлаштириш босқичларининг бир қисмини Ўзбекистон ҳудудига кўчириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда минтақалараро ҳамкорлик ва янги таълим ташаббусларини амалга ошириш, жумладан, олий ўқув юртларининг янги филиалларини очиш ва МИСиС муҳандислик мактабини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзаро ишонч ва очиқлик руҳида ўтган суҳбат ҳамкорликда амалий натижаларга эришишга томонларнинг интилиши қатъий эканлигини тасдиқлади.
Кўрсатилган меҳмондўстлик учун Россия томонига самимий миннатдорлик билдираман, — деб ёзади Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм каналида.