Саккиз юзга яқин ёшлар иш билан таъминланади

    Қарши шаҳридаги “Хонтепа” маҳаллласи ҳудудида вилоятда илк бор янги Ёшлар саноат зонаси иш бошлади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан жойларда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Ҳудудларда асосан йигит-қизларни иш билан банд қилиш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси эса амалда намоён бўлмоқда.

    Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларни тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудларда ишлар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, яқинда Қарши шаҳридаги «Хонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида иш бошлаган Ёшлар кичик саноат зонаси ҳам бугун кўп сонли ёшларни бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Уларнинг ўз касбига эга бўлиб, вақтини фойдали ўтишига, меҳнатига яраша маош олишига замин яратилмоқда.

    Жами 2 гектар ер майдонига эга бўлган, шу пайтгача фойдаланилмай келинаётган ҳудудда айни пайтда 24 та лотга ёш тадбиркорлар томонидан қиймати 27 миллиард сўмни ташкил этувчи 21 та лойиҳалар жойлаштирилиб, қисқа вақтнинг ичида 18 та тадбиркорлик лойиҳаси 23 миллиард сўм маблағ эвазига ишга туширилди.

    — Тегишли қарорга асосан тадбиркорларга фойдаланиш мақсадида аукционсиз тарзда берилди, — дейди Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев.—Шунингдек, шу жойнинг ўзидаги баъзи бир бўш турган тўртта бино ҳам тадбиркорлар ихтиёрига топширилди. Ҳозирда босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Мақсадимиз ёшларни ўз ишига эга бўлишига эришиш. Албатта, ҳар бир ёш қизиқувчан бўлади. Бу вақтда бирор иш билан банд бўлмаса турли ёт нарсаларга чалғиши, вақтини беҳуда сарфлаши мумкин. Шу боис янги ташкил этилган саноат зонасида тўлиқ қувватда ишга тушгач саккиз юзга яқин ёшларимиз иш билан таъминланади. Бу эса, олдимизга қўйган энг асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади.

    Айни пайтда ушбу саноат зонасида қисқа вақтнинг ўзида 346 нафар ёшлар ишга қабул қилинибди. Ҳозирда эса, бу жараён давом эттирилмоқда.

    — Янги иш ўрни очилибди, деб эшитиб қолдим, — дейди Ёшлар саноат зонасидаги тикувчилик цехига ишга кирган тикувчи Камола Турсунова. —Анчадан бери ишсиз эдим. Келиб, мурожаат қилгандим тикувчиликка қабул қилишди. Бу касбга ёшлигимдан қизиқаман. Бу ерга келганимга ҳали икки кун бўлди. Ўзим шу «Хонтепа» маҳалласида истиқомат қиламан. Айнан бизнинг маҳалламизда буни ташкил этилиши биз каби ишсиз хотин-қизларга жуда қўлай бўлди. Ойлик маошлари ҳам яхши экан. Ҳозирча бир ярим миллион сўм қилиб белгилашди. Кейинчалик иш тажрибамиз ошиб боргач, янада маош кўпайтирилиб берилиши ҳақида тушунтириб ўтишди. Барча имкониятлар мавжуд. Бу ердаги ишчи-хизматчиларга ҳам шароитлар яратилган. Ўз ишимни топганимдан мамнунман.

    Ёшлар кичик саноат зонасида ҳозирда 11 та тўқимачилик, 8 та мебель ва 1 кимё саноати бўйича иш ўринлари яратилган. Тадбиркорлар томонидан ишни ўрни яратилиши эса, шу маҳалла ёшлари учун ҳам анчагина қўлайлик туғдирди.

    — Маҳалламизда шу пайтгача 56 нафар ишсиз ёшлар бор эди,— дейди Қарши шаҳридаги «Хонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Қаҳрамон Темиров.— Бугун эса айнан маҳалламизда Ёшлар кичик саноат зонасининг иш бошлаши оқибатида 50 нафар ёшларимиз иш билан таъминланди. Бугун ҳам тўрт нафар ёшларимизни шу ерга ишга қабул қилишди. Асосан йигитлар мебель ишлаб чиқариш цехига ишга киришмоқда. Бу ерда маош ҳам яхшигина экан. Шунингдек, ўзлари яхшигина ҳунар урганишлари учун ҳам анча қулай. Ҳозирда маҳалламизда олти нафар киши ишсиз. Улар ҳам олий уқув юртлари талабалари ҳисобланишади. Тез орада уларни ҳам бандлигини таъминлашга эришамиз. Бир сўз билан айтганда, ёшлар учун бу саноат зонаси керакли вақтда ишга тушди.

    Акбар РАҲМОНОВ,
    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates