Саломат бўлинг! Бу ҳозир энг кўп ишлатаётган ибора

    Айни пайтда мамлакатимизда пандемияни жиловлаш ва ёйилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни жараённинг ичидаги инсонларгина яхши билади. Агар ҳамма билганида, ҳис қилганида эди, карантин тартиблари енгиллашганини имтиёз билиб, кўчаларни тўлдириб юрмаган, ниқобни иякка тушириб ёки мутлақо тақмай олифталик қилмаган бўларди.

    Шу кунларда Учтепа туман давлат санитария-эпидемиология осойишталиги маркази томонидан коронавируснинг туман ҳудудига кириб келиши ва аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш учун қатор профилактик, эпидемиологик чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, профилактика мақсадида ҳар бир муассаса ходимларидан суртма олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказиляпти. Ишлаб чиқилган махсус дастурга кўра, олдин тиббиёт ходимларидан суртма олдик. Чунки улар беморлар билан бевосита мулоқот қилади. Ҳудудимиздаги барча клиникаларнинг айни пайтда фаолият юритаётган ходимларидан суртмалар олинди. Лекин бирортасида касаллик аниқланмади. Кейин эса бозорларга ўтдик. Ҳар бир бозорнинг ишчиларидан суртмалар оляпмиз.

    Касаллик ўчоғидаги кураш

    Касаллик тарқалган ўчоқларни аниқлаб, зарарсизлантириш бўйича эпидемиологлар зиммасига масъулиятли ва машаққатли вазифа юкланган. Улар тезкор ҳаракатланиб, касалларни дарҳол изоляция қилиши керак. Сўнг жонини хатарга қўйиб, бевосита вирус ташувчиларига юзма-юз бўлади. Беморлардан кимлар билан мулоқотда бўлгани, қаерларга борганини майдалаб сўраб-суриштиради. Пандемия билан боғлиқ биринчи ҳолат ҳудудимизда 18-19 март кунлари аниқланди. Беморни тезда аёли, оила аъзолари билан изоляция қилдик. Шифохонага олиб борганимизда унинг аёлидан ҳам вирус чиқди. Қолган оила аъзолари ва қўни-қўшниларида касаллик аниқланмади.

    Иккинчи ҳолат бюджет ташкилотда ишлайдиган икки нафар фаррош аёлда аниқланди. Уларни тез шифохонага жойлаштирдик. Биринчи бемор хонадонининг 17 нафар, иккинчисининг эса 10 нафар аъзоси ҳамда 1 нафар қўшнисини бирламчи мулоқотчи сифатида ўз пайтида изоляция қилдик. Натижада биринчи оиланинг 16 нафар, иккинчисининг 9 нафар аъзосида коронавирус аниқланди. Ҳолатдан хабар топиб борганимизда тун ярмига яқинлашганди. Агар тонг отишини кутиб, ҳаяллаганимизда улар кўчага чиқиб кетган ва ишимиз янада қийинлашган бўларди.

    Навбатдаги ҳолат Шайхонтоҳур туманида аниқланган. Бир хонадонда икки кишида — уй бекаси ва қизида вирус аломатлари кузатилган. Уларни шифохонада ётқизмаслик учун турмуш ўртоғи аёли ва қизини олиб қочиб келиб, ҳудудимиздаги манзилга жойлаштирган. Бундан хабар топиб бордик. Эркакнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, она-болани шифохонага ётқиздик. Иккаласида ҳам коронавирус аниқланди. Улар билан мулоқот қилган 19 нафар одамни 14 кун пойлаб ўтирдим. Хайриятки, улар орасидан касал чиқмади. Эрининг ҳақорати, бақиришига қарамасдан, беморларни ўз вақтида ётқизганимиз натижа берди. Уйдаги 19 кишига юқмади. Агар улар кўчага чиқиб кетганида, аҳвол қандай бўлишини тасаввур қилиш оғир.

    Яна икки нафар фуқародан профилактика мақсадида суртма олинди. Ютуғимиз шуки, ўзлари чиқиб келди. Уларни ҳам ўз вақтида шифохонага ётқиздик. Оила аъзоларига бу касаллик юқмади. Бизга фақат иситмалаётган бемордан таҳлил олиш тўғрисида кўрсатма берилган. Бироқ бир хонадонга борганимизда истисно қилишга тўғри келди. Хонадон бекаси бетоб бўлсада, оиланинг ҳамма аъзосидан суртма олдик. Натижада бемор она қолиб, соғлом кўринган 11 яшар қизда вирус аниқланди. Бу ердаям олиб борган ишимиз тўғри бўлди. Уйдаги қолган 11 кишига касаллик юқишининг олди олинди.

    Вирус одам танимайди

    Малака ошираётганда бир домламиз айтган гаплар шу кунларда исботини топаётганидан ҳайратдаман. У киши “Бизнинг тиббиёт таълим муассасаларида юқумли касалликлар эпидемиологияси ўтилади. Шу боис, биз, эпидемиологлар «Эпидемиология нима?» деган саволга доим «Юқумли касалликларни ўрганувчи фан», деб жавоб берганмиз. Бироқ Европа мамлакатлари мутахассислари юқумли касалликларни ўрганмаяпти. Улар, барча юқумли касалликларнинг вакцинасини ишлаб чиқдик, тўлиқ ғалаба қозондик, деб юқумсиз касалликлар эпидемиологияси билан шуғулланяпти. Бу кейинчалик хавфли салбий таъсирини кўрсатади”, деган эди.

    Ғарб давлатлари юқумли касалликлар билан шуғулланмай қўйгандан кейин коронавирусга қарши курашиш улар учун қийин кечяпти. Инфекция даврийлиги, қачон беморни иҳоталаш кераклиги, қайси пайтда вирус юқумли ёки юқумсиз бўлиши, бирламчи ва иккиламчи ташувчиларни билмаяпти. Айнан Испания, Италия, Франция давлатларида юқумсиз касалликлар эпидемиологиясини ўрганиш биринчи ўринга чиққан.

    Биз пандемияга қарши кураш учун Хитойнинг тажрибасини, эришган натижаларини обдон ўргандик. Ҳатто ҳар кунлик маълумотни олиб синчиклаб таҳлил қилдик. Клиникаси, эпидемиологияси, даволаш усулларини ўзлаштирдик. Хуллас, кутилмаган вазиятга тайёр эдик. Шунга қарамай, коронавирус мамлакатимизга кириб келгани аниқ бўлганда ҳамма эсанкираб қолди. Ваҳоланки, бизда барча зарур маълумотлар мавжуд эди. Икки ҳафта ўтиб, тизим ишга тушгандан кейин секин-аста касалликни жиловлашни ўргандик.

    Бу кунлар биз учун синов. Уни тоқатсизлик ёки енгил фикрлаш билан эмас, матонат билан енгиш мумкин. Бу йўлда халқимиз бизга кўмакчи бўлса, карантин қоидаларига нечоғли қатъият билан риоя этса, ғалаба онларимизга етадиган муддат шунча қисқаради.

    Шаҳноза МУХСИМОВА,

    Учтепа туман санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг

    эпидемиологик мониторинг ва профилактика бўлими мудири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates