Самарқанд феномени

    Самарқанд саммитидан кейин бугун ШҲТ маконидаги, умуман, дунё халқлари кайфияти, дипломатик-сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит муштараклиги ҳақида фикр юритадиган бўлсак, янги бир башарий жипслик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро боғлиқликда тараққий этишга интилиш ҳодисаси пайдо бўлаётганини кўрамиз.

    Бу — ўзгараётган дунёда кенг феъллилик, бир-бирига ишонч ва самимий муносабатлар шаклланаётгани, инсон қадри улуғланган тараққиёт даври дунёнинг қарийб ярим нуфусини қамраб олаётганини англатади. Бу — қадимий Буюк ипак йўли ривожланиш ва тараққиёт йўли сифатида қайтадан тикланаётганидан дарак беради. Саммит воқеалари табиат ва замон талабини чуқур англаётган давлатлар одамларнинг муносиб ҳаёт кечириш масъулиятини ўз елкасига ортиб, қудратли ташаббуслар билан катта сиёсат майдонига чиқаётганини кўрсатади.

    Одатда, “феномен” деганда, камдан-кам учрайдиган ҳодиса, воқеалар ёки факт тушунилади. Албатта, саммит биз учун ҳам, бошқа иштирокчи давлатлар учун ҳам, дунё учун ҳам кутилмаган ҳолат эмасди. ШҲТнинг тадбирлари кўп ташкил этилган ва бундан кейин ҳам ўтказилади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро анжуманга тайёргарлик жараёнидан ҳам барча хабардор эди. Лекин Самарқанд саммити бошқача ўтди. Ҳам ташкилий, ҳам амалий натижадорлик жиҳатдан. Ундаги самимийлик, кенг қамровлилик, кўтарилган масалалар, айтилган фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва ғоялар, бутун мазмун-моҳияти нафақат ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар истиқболи, фаровон келажаги, балки минтақа ҳамда жаҳон иқтисодиётига дахлдор тарихий рекорд даражада ҳужжатлар имзоланиши билан алоҳида ажралиб турди.

    Саммит асносида бўлиб ўтган учрашувларда давлат етакчилари томонидан айтилган сўз ва фикрлар пешма-пеш жаҳон ахборот майдонидан жой олиб борди. ОАВ вакиллари хабар ва янгиликларни ҳаммадан олдин узатишга, биринчи манба бўлишга ҳаракат қилди. Эксперт ва мутахассислар қабул қилинган ҳужжатларнинг долзарблиги ва аҳамиятини таҳлил қилишга ошиқди. Унинг тафсилотлари ҳақида ҳали узоқ вақт ёзилади, гапирилади. Шу маънода, Самарқандда саммит феномени рўй берди, десак хато бўлмайди.

    “ИЖТИМОИЙ СИЛКИНИШ ДАВРИ”ДА ҚАЛБ БЎШЛИҚЛАРИ ТЎЛДИРИЛМОҚДА

    Чингиз Айтматов ўтган аср адоғида айтган истиғфорида шундай деган эди: “Эзгулик салгина чекинса — бас, унинг ўрнига дарҳол ёвузлик мустаҳкамланиб олади. Афсуски, биз узоқ вақт бунга аҳамият бермадик. Тирик инсон яратувчилик ва бузғунчилик, ўйлаб ва ўйламасдан қилинадиган сон-саноқсиз ҳаракатлар манбаидир. Инсоннинг ички олами ниҳоятда мураккаб ва хавфли йўл-йўлаклардан иборат. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, қонхўрдан қонхўр туғилишини, ёвуз кимсадан ёвуз кимса туғилишини, манқуртчилик ва зомбичилик вабосини олдиндан бартараф этиш керак. Бу жамики инсониятнинг муқаддас бурчи ҳисобланади”.

    Сайёрамизда янги тартиб-таомиллар, дипломатик-сиёсий тутумлар, ўзаро ишончсизлик муҳити авж ола бошлаган йигирма биринчи асрга келиб бундай муқаддас бурчларни бажармаслик кайфияти башариятни, бутун дунёни инқироз сари етаклаш билан баробар бўлиб қолди.

    Самарқанд саммитида бу ҳақда секин гапирилмади, балки баралла айтилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайгани фонида, жумладан, “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин”, деди.

    Бу чорлов саммитда иштирок этган барча мамлакатлар етакчилари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу бугун минтақалараро сайқал топаётган “Самарқанд руҳи”нинг асоси бўлди.

    ШҲТнинг Самарқанд саммити натижалари ҳақида гапирганда фикрларни тизиб олиш қийин бўлади. Чунки тадбирда ўзгараётган дунёнинг янги руҳини белгилаб беришга қодир ниҳоятда муҳим ва долзарб ташаббуслар кўп бўлди, уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб мушоҳада юритиш мумкин. Энг муҳими, саммит тугаши ва унинг якуни бўйича имзоланган бош ҳужжат — Самарқанд декларациясидан кейин дунёда соат сайин, кун сайин ўзаро ишонч ва бирдамлик қуввати кучайиб бормоқда.

    Буни нималарда кўриш мумкин?

    Биринчидан, Самарқандда бир вақтнинг ўзида 14 та мамлакат етакчиси қўл бериб кўришди. Уларга БМТ ва ШҲТ халқаро тузилмалари раҳбарлари ҳам эш бўлди.

    Шу маънода айтиш мумкинки, ўн тўрт давлат ва уларнинг саммитда иштирок этмаган бошқа дўстлари кузатувидаги ўзаро хайрихоҳлик муҳити, Самарқанд декларациясида кўзда тутилган минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотларни чуқурлаштириш бўйича ёндашувлар Ер шари аҳолисининг катта қисмига уйғоқ кайфият бағишлаётганига ишончимиз комил.

    Иккинчидан, давлатлараро, минтақалараро, табиийки, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч муҳити шаклланмоқда.

    Халқимизда “Инсон қалби қуёшдан ёруғ”, “Табассум тошни эритар”, деган мақоллар бор. Меҳр ва дийдор билан боғлиқ мазкур мақоллар ҳикмати Самарқанд саммитининг маънавий қиёфасида ҳам уфуриб турди.

    Мана шу муҳит кўҳна ва боқий шаҳарда қучоқ очиб, қўл бериб дийдор кўришган халқлар етакчиларининг фикри илгари сурилган мақсадлар йўлида бир жойдан чиқишига замин яратди. Демак, ШҲТ макони ягона оила каби аҳилликка, ўзаро ишонч муҳитида ривожланишга тайёр ва бу бирдамлик руҳи тобора кенгайиб бормоқда.

    Учинчидан, қуролли тўқнашувлар, можаролар, келишмовчиликлар исканжасида толиққан дунё халқлари тинч-тотув ривожланишга чанқоқлик сезаётган бир даврда ШҲТ маконида маданий мулоқотларга кенг йўл очилиши сайёра аҳлида катта умид уйғотмоқда.

    Сиёсат билимдонлари “Ижтимоий силкиниш даври”, дея таъриф бераётган ўтган асрнинг охирги чорагидан бугунги кунимизгача кузатилаётган инқирозли яшаш шароити, маънавий-маърифий фикрлашнинг, маданиятлараро мулоқот тубдан ўзгариши инсониятнинг катта қалбини ҳиссизлик уммони билан тўлдириб ташлагани бор гап. Шундай мураккаб даврда тафаккур ва маънавий юксаклик кайфияти билан йўғрилган “Самарқанд руҳи”нинг парвоз қилиши ҳам айни муддаодир.

    ЯНГИ БУЮК ИПАК ЙЎЛИ ТАШАББУСКОРИ ВА АСОСЧИСИ

    Дарёлар оқа бошлаган жойларига яна қайтади, деган фалсафий гапни эшитгандирсиз? Самарқанд саммити ана шу ҳаётий моҳиятни юзага чиқараётгани билан ҳам қадрли ва диққатга сазовор.

    Буюк ипак йўли неча асрлар мобайнида дунёнинг тўрт томонини ўзаро боғлаган, турли цивилизацияларни, маданий мулоқотларни элтувчи коридор бўлгани ҳақида кўп гапирамиз. Лекин ўтган ҳафтадан бошлаб бу ҳақдаги қарашлар бошқа ўзанга бурилди, янги мулоҳазалар айтила бошлади.

    Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлайди. Президент Шавкат Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида, жумладан, шундай долзарб фикрни илгари сурди: “Инсониятнинг бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги шу даражада юқорики, мавжуд хатарларнинг аксарияти нафақат минтақалар, балки умумжаҳон миқёсида ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда”.

    Агар янги Буюк ипак йўли истиқболига мана шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугун ён-атрофимизда, яқину йироқда кузатилаётган зиддиятлар, қуролли, қуролсиз тўқнашувлар бош сабабчиси — давлатлар ўртасида пайдо бўлган мулоқотсизлик, ўзаро ишончсизлик муҳити эканини сезиш қийин эмас.

    Демак, ўзаро боғлиқлик концепцияси бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва ҳаётий эҳтиёждир. Албатта, давлатимиз раҳбари илгари сураётган ўзаро боғлиқлик сиёсатининг маъно ва мақсадлари кенг.

    Бу ижтимоий-иқтисодий, геосиёсий, маънавий-маърифий, киберхавфсизлик, ёшлар сиёсати, халқларимиз учун муносиб яшаш шароити яратиш, камбағалликни камайтириш, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш, туризм, хизматлар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби мақсадларда акс этади. Буларнинг барчаси бирлашиб, янги Буюк ипак йўлининг асосий концепциясини ташкил қилади.

    Тараққиётни тезлаштириб, фаровонликни таъминлайди. Фикримизни кичик мисолдан бошлаймиз: Президентимиз ташаббуси билан Сергели туманини Тошкент ҳалқа йўли ва Яккасарой тумани билан боғлайдиган янги йўл фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмади. Лекин бугун бу йўл бўйида янги дўконлар, хизмат кўрсатиш объектлари ҳам ишга тушганини кўряпмиз. Уларнинг эгаси ким? Аввало, шу йўл бўйида яшаётган одамлар. Ва албатта, манфаатдор ҳам уларнинг ўзи. Янги йўл туфайли ўнлаб оила янги даромад манбаига эга бўлди. Шундандир, йўл қурган элда азиз, дейди халқимиз.

    Шу маънода, янги транспорт коридорлари пайдо бўлиши, логистика ривожланиши ШҲТ макони халқларининг турмуш фаровонлигига ҳам хизмат қилиши ойдинлашади.

    Тараққиёт тезлашиши эса, аввало, янги транспорт-логистика йўналиши пайдо бўлиши билан изоҳланади: товарларни етказиш муддати сезиларли қисқаради, хавфсизлик таъминланади, янги бозорларга кенг йўл очилади, иқтисодий креативлик ошади.

    Ягона муҳитда узоқ умр кўришни кафолатлайди. Гап шундаки, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда тўкин-сочинликни таъминлаш ниҳоятда долзарб муаммога айланиб бормоқда. Самарқанд саммитида ШҲТ мамлакатларининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси қабул қилинишидан мақсад ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

    Шундай экан, янги транспорт коридорлари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўзаро боғлиқликда ривожланиш имконини яратади. Бу, аввало, маҳсулотларни белгиланган манзилга ҳозиргидан кўра қисқа муддатларда етказиб бериш, шу орқали уларнинг сифатини таъминлашга хизмат қилади.

    Агар экологик вазият тобора ёмонлашиб, иқлим ўзгаришлари жиддий ўзгараётган бугунги шароитда сифатсиз, муддатидан узоқ сақланаётган, кафолатсиз озиқ-овқат истеъмолидан келиб чиқаётган турли касалликлар хавфини ҳисобга олсак, маҳсулотлар қисқа йўллар билан ўз вақтида етказиб келинишининг одамлар саломатлигига ижобий таъсирини янада чуқур англай бошлаймиз.

    Янги маънавий маконга асос солади. Инсоният маънавий-маърифий юксалишга бугун ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Сабаби, радикализм, экстремизм, турли носоғлом оқимлар пайдо бўлиши, кибержиноятчилик кўпайиши хавфсиз ахборот маконини таъминлаш заруратини юзага келтиради.

    Шу маънода, Буюк ипак йўлининг замонавий қиёфада тикланаётгани ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни, маънавий юксалиш йўлидаги илғор тажрибаларни, аждодлардан мерос умумбашарий қадриятларни етказишда муҳим транзит воситасини ўтайди.

    Мана шундай таърифу таҳсинга лойиқ кўрилаётган янги Буюк ипак йўлининг ташаббускори ва асосчиси сифатида Ўзбекистон ва унинг етакчиси кўрилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Самарқанд саммитида ва бошқа халқаро минбарларда Шавкат Мирзиёев транспорт-логистикани ривожлантириш, денгиз ва океанга чиқиш мақсадида муқобил темир йўллар лойиҳаларини доим илгари суриб келади. Бу, албатта, нафақат Марказий Осиё, балки ШҲТ минтақаси давлатлари учун ҳам бирдек фойдали ва жуда муҳимдир.

    ЯГОНА ОИЛА ТИМСОЛИ

    Ўзбекистон 15-16 сентябрь кунлари таъбир жоиз бўлса, катта тўй ўтказди, унинг шовури бутун сайёра бўйлаб тарқалди. Бу тўйнинг довруғи, унда давлатлар, халқлар, бутун инсоният тақдири билан боғлиқ ташаббуслар, фикрлар, таклифлар янги дунё руҳига асос солишига шубҳа қолмади.

    Ҳа, Самарқанд саммити ШҲТ маконининг катта байрами, шодиёнаси бўлди. Биргаликда юксалиш, ҳамжиҳатликда фаровонликни таъминлаш, ўзаро ишонч билан олий мақсадларга эришиш тўйи.

    Президентимиз, унинг фидойи, салоҳиятли жамоаси, Самарқанд вилояти масъуллари ва халқи неча кунлар ухламади! Куну тун ишлади: бутун бошли афсонавий боқий шаҳар бунёд этилди, минглаб меҳмонларни кутиб олиш учун энг майда деталлардан протокол даражасидаги тартиб-таомилларгача тўкис бажарилди. Минглаб кўнгилли ёшлар, таржимонлар сидқидилдан ишлади. Ҳар бир меҳмон учун алоҳида автомобиль ва ҳамроҳлар белгиланди. Йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун қўшни вилоятлардан ҳам йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилди. Миллий гвардия, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кечаю кундуз ухламади. Фаррошлар меҳнати туфайли шаҳар чиннидек тозалигини йўқотмади, ҳар доимгидан ҳам ўзгача фусункорлик касб этди. Энг муҳими, Самарқанд аҳли уларни доим қўллаб турди.

    Бу меҳнатлар бесамар кетмади. ШҲТ саммити якунига етиши билан дунёда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва халқимизнинг феномени мутлақо янгича руҳ билан яна қайта намоён бўлди.

    Аввало, дунё жамоатчилиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни минтақавий ва минтақалараро муҳим масалалар ижобий ечим топишига хизмат қилаётган давлат арбоби, нуктадон сиёсатчи ва моҳир дипломат сифатида яна бир бор ҳавас билан тан олди.

    Ўзбекистон ўзини минтақавий йирик давлат сифатида намоён этди.

    Халқимиз феномени эса “Янги Ўзбекистон орзуси”, “Буюк ўзбек йўли” шукуҳида дунёга тинчликни соғинувчи, азалий дўстлик, аждодлар хотирасига буюк эҳтиром, ўзгараётган дунё фонида фақат эзгу ва олий мақсадлар сари интилувчи, аҳил қўшничиликни қадрловчи ягона оила тимсолида бўй кўрсатди.

    “САМАРҚАНД РУҲИ” БИЛАН УЙҒУН ЭЪТИРОФЛАР

    Куни кеча Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик мактуби йўллади. Унда Хитой етакчиси мамлакатимизга давлат ташрифи ва Самарқанд саммити муваффақиятли якунлангани учун давлатимиз раҳбарига, Ҳукуматимизга ва Ўзбекистон халқига самимий миннатдорлик билдириб, жумладан, шундай дейди: “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити улкан муваффақият қозонди ҳамда Ташкилотнинг соғлом ва барқарор тараққиётига хизмат қилишда тарихий аҳамият касб этди. Хитой Ўзбекистоннинг самарали раислигини ва Ташкилот ривожига қўшган муҳим ҳиссасини юксак қадрлайди. Биз Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар билан “Шанхай руҳи”ни фаол илгари суриш ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янада кенг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Самарқанд саммитининг бирдамлигини рўёбга чиқаришга тайёрмиз”.

    Ўз навбатида, “Меҳмондўстлик ва профессионаллик учун раҳмат”, деди Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Самарқанд саммитидан қайтар чоғида.

    Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди “Twitter”даги саҳифасида “ШҲТ саммитида самарали икки ва кўп томонлама учрашувлар олиб бордик. Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдираман”, дея ўзбек тилида лутф қилди.

    ШҲТ Бош котиби Чжан Мин эса Самарқанд саммитини бундай эътирофэтди: “Саммитни ўтказиш учун танланган манзил — Самарқандда қадимийлик ва замонавийлик уйғун эканини кўряпмиз. Пандемиядан кейин барча аъзо давлатлар етакчилари, мулоқот бўйича шериклар ва бошқа олий мартабали меҳмонлар илк бор бир ерга жамланди. Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларига алоҳида миннатдорлик билдираман. Чунки саммитга тайёргарлик жараёни Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва бевосита назорати билан такомилига етгани бизга яхши маълум”.

    Саммит тафсилотларини ёритиш жараёни ҳам рекорд натижаларни қайд этди. Масалан, 1-18 сентябрь кунлари оралиғида дунё оммавий ахборот воситалари телеграм саҳифаларида ШҲТ Самарқанд саммитига доир 51 мингдан ортиқ пост қолдирилди. Ушбу хабар ва мақолалар 340 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларни қамраб олган. Бу жараён ҳали давом этмоқда.

    Бу ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг нуфузи ва обрўси тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Дарвоқе, француз нашри “ШҲТни БМТдан кейин энг йирик халқаро тузилма”, дея эътироф этди.

    Яна шуни айтиш жоизки, хорижлик экспертлар Самарқанд саммитининг муваффақиятли ўтганини “Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ғалабаси бўлди”, дея баҳоламоқда.

    Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити ўзгараётган дунёда янги мақсад ва муддаоларни белгилаб беришда муҳим ҳамда зарур платформа вазифасини ўтади. Бу бир жиҳатдан Самарқанд саммити Ташкилот фаолияти кенгайишида янги раундни бошлаб бергани билан изоҳланса, иккинчи томондан, умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббуси бутун дунёга кенг ёйилишига билдирилган умид ва ишончлар билан янги мазмун касб этади.

    Салим ДОНИЁРОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates