баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз
  • 12210.60 сўм
  • 136.28 сўм
  • 10315.62 сўм

«Самарқанд тарихий обидаларига йўл» волонтёрлик акцияси

Жорий йил 14 сентябрида Самарқанд шаҳрида «Самарқанд тарихий обидаларига йўл» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, фаол фуқаролар ҳамда волонтёрлар иштирок этишди.

Тадбирда мутасаддилар томонидан ҳудудда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шароитлар, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотларининг фаолияти, Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор бўлган тарихий обидалар, зиёратгоҳларда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Давра суҳбати, шунингдек, Самарқанд шаҳрида шу йилнинг 25 августидан бошланган туристик объектлар, тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун яратилган шароитларни ўрганиш бўйича ўтказилган «Самарқанд тарихий обидаларига йўл» акциясига якун ясашга хизмат қилди.

Таъкидланганидек, акция доирасида волонтёрлар гуруҳи дастлаб «Регистон» мажмуаси ва «Гўри Амир» мақбараларида имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам жалб қилинган ҳолда, уларга яратилган шарт-шароитларнинг жорий ҳолати ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, Регистонда кўзи ожиз ташриф буюрувчилар учун ансамбль макети, кар-соқов бўлган ташриф буюрувчилар учун сурдотаржимон хизматлари ва мажмуа рўпарасидаги йўлдан ўтиш жойидаги светофорга қўл кнопкаси ўрнатиш, Гўри Амир мақбарасида эса мақбарага кириш эшигига ва ичкарига 2 та пандус, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган ҳожатхона қуриш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Ишлар бошқа тарихий объект ва зиёратгоҳларда ҳам давом эттирилди. Жумладан, «Имом ал-Бухорий» мажмуасида ногиронлар аравачаси юриши, тепага кўтарилиши учун зарур бўлган пандуслар мавжуд бўлсада, улар стандарт талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланди ва уларни бартараф этиш муҳокама қилинди. Натижада, қатор камчиликлар, хусусан, мажмуа музейига кириш йўлларига ҳам 2 та кичик пандус қуриш ишлари ва таҳоратхонани ҳам имконияти чекланган фуқароларга мослаштириш ишлари тезкорлик билан бажарилди.

«Шоҳизинда» мажмуаси ҳам баъзи стандартларга мос эмаслиги, хусусан, ногиронлик аравачаларида ҳаракатланиши учун шароитлар мавжуд эмаслиги, мажмуага пастки томондан кириш ногиронлиги бўлган шахсларга катта қийинчилик туғдириши маълум бўлди. Бунинг учун эса объектнинг юқори томонидан кириш қисмидаги зиналарда 6 та пандус ўрнатиш ва таҳоратхоналарини ҳам имконияти чекланганлар учун мослаштириш бўйича таклиф берилди.

Бундан ташқари, ўрганилган ва қолган бошқа объектларда кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги маълумот берувчи табличкалар бўлиши кераклиги алоҳида тушунтирилди.
Мазкур давра суҳбати «Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар» XI халқаро конференцияси доирасида ташкил этилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

No date selected
September 2020
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
Use cursor keys to navigate calendar dates