Самарқанд вилояти ҳокими 2021 йил якуни ва кейинги йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича халққа мурожаат қилди

    Мамлакатимизда 17 декабр 2021 763

    Самарқанд вилоятида Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда 2021 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ҳамда 2022 йилда вилоятни комплекс ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича энг муҳим йўналиш ва вазифалар тўғрисида аҳолига мурожаат қилди.

    Таъкидланганидек, жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 9,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш

    25,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 4,1 фоизга ҳамда қурилиш-пудрат ишлари 14,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

    Бунинг натижасида, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари 5,4 миллион сўмни, хизматлар 4,9 миллион сўмни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 9,6 миллион сўмни ташкил этади.

    Вилоятда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналарининг алоҳида ўрни мавжуд.

    Мазкур саноат зоналарида ташкил этилган юқори технологик ишлаб чиқаришлар ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда.

    Бугунги кунда, «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг янги 14 та филиаллари ва 88 та кичик саноат зоналари ташкил этилди.

    «Ургут» эркин иқтисодий зонасида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига умумий қиймати 286 миллион доллар бўлган 60 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган бўлса, 11 ой давомида 2 трлн. 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 57 миллион доллар миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

    Кичик саноат зоналарида ҳам 92 та лойиҳа ишга туширилиб, 380 млрд. сўмлик инвестициялар киритилди ва 1558 та янги иш ўринлари яратилди.

    Ушбу корхоналар томонидан жорий йилнинг 11 ойида 168 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

    2022 йилда «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналарида янги 180 та лойиҳалар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 3 трлн 738 млрд. сўмга етади ва маҳсулотлар экспорти 135 млн. доллардан ошади.

    Мана шуларни ҳисобига, 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 59 триллион сўмга етиб, 7,3 фоизга ҳамда саноат маҳсулотлари ҳажми 25 триллион сўм ёки 8,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

    Вилоят ҳокими таълим соҳасидаги ислоҳотларга ҳам тўхталди.

    Қайд этилганидек, мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошланган ишлар натижасида, жорий йилда 1 минг 121 та, шундан 9 та давлат, 8 та нодавлат (хусусий), 1 минг 89 та оилавий ва 15 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар ташкил этилди.

    Йил якунига қадар 234 минг 762 нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳисобига, қамров даражаси 68,9 фоизга етади.

    Соҳа фидокорлари ва кенг жамоатчилигимизнинг сай-ҳаракатлари натижасида жорий йилда қизил тоифадаги мактаблар сони 91 тага камайиб, олий таълимга кириш кўрсатгичи ўтган йилга нисбатдан 2 баробарга кўтарилиб, 24 фоизни ташкил этди. Мамлакатда 5 та поғонага кўтарилди.

    Мактабларда фаолият олиб бораётган олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши 16 фоизга ошиб, халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар сони эса 306 нафарга етди.

    Жорий йилда 902 та мактабларда 446 млрд. сўмлик маблағлар эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

    Бугунги кунда олий таълимга ҳам катта эътибор қаратилиб, юртимизда хорижий давлатларнинг нуфузли таълим муассасаларини филиаллари очилмоқда.

    Жумладан, Финляндия ва АҚШнинг нуфузли университетлари билан педагогика муҳандислик-технология йўналишларида олийгоҳлар ташкил этилмоқда. Олий таълим муассасалари сони 13 тага етди. Шунингдек, Нарпай ва Паяриқ туманларида Самарқанд давлат чет тиллар институтининг факультетлари ташкил этилди.

    Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, вилоят болалар онкохирургияси ва кимётерапия бўлимлари ташкил этилди.

    Қарийб 2 миллион евро маблағлар эвазига Онкологик марказига ички ва ташқи нур терапия аппаратлари ўрнатилиб, беморларда нур терапияси амалиёти йўлга қўйилди.

    Кардиология марказига ҳам 30 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 48 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди.

    Республика марказида амалга ошириладиган ўткир юрак қон-томир касалликлари бўйича барча операциялар вилоятда ўтказилиши йўлга қўйилди.

    Марказга чет мамлакатларда ишлаб юрган малакали 19 нафар ватандошларимиз ишга олинди.

    Ушбу марказнинг, Ургут ва Пахтачи туманларида бўлимлари ташкил этилди.

    Инфратузилма объектлари бўйича ҳам маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугунгача вилоятда 1 триллион 146 миллиард сўмлик маблағлар ҳисобидан 1 минг 116 километр автомобиль йўллари таъмирдан чиқарилди ва 8 та кўприкларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

    Туман ва шаҳарлардаги 800 километрлик ички хўжалик йўллари таъмирланди ва 27 та янги кўприклар қурилди.

    Мурожаатномада айтиб ўтилганидек, бугунги кунда, вилоят аҳолисининг 58,9 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 270 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади, 214 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади.

    Вилоятнинг асосий драйверларидан бири туризм соҳасини изчил ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида келгуси йилда 212 гектар ер майдонида «Самарқанд бизнес ва туризм маркази» барпо этилмоқда.

    Туристларга сифатли хизмат кўрсатишни кенгайтириш мақсадида, 150 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 17 мингтага етказилади. Келгуси йилдан бошлаб Халқаро гастрономик фестивали ўтказилади.

    Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда барча даражадаги тадбиркорлар сони 98,1 мингтага етказилди, шу йилнинг ўзида 20,5 мингта ташкил этилди. 2022 йилда эса 130 мингтага етади.

    Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 866 миллиард сўм кредит ажратилиб, 2836 та (307,9 гектар) ер участкалари, 299 та бўш бино ва иншоотлар тадбиркорлик субъектларига аукцион орқали сотилади, 11 минг 427 нафар ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорликка ўқитилди. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан 100 миллиард сўмдан ортиқ компенсация маблағлари ажратилади.

    Бунинг натижасида, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2021 йил якунига қадар 74,7 фоизга етади.

    Мурожаатномада қишлоқ хўжалигида қўлга киритилган натижалар ҳам тўхталиб ўтилди. Вилоят бўйича 627 минг тонна ғалла олинган бўлса, 244 минг тонна пахта етиштирилиб, пахтачилик тарихида ҳар гектаридан 32,4 центнер ҳосил йиғиб олинди.

    Бундан ташқари, 1,7 млн. тонна сабзавотлар, 711 минг тонна картошка, 128 минг тонна полиз маҳсулотлари, 379 минг тонна мевалар, 565 минг тонна узум, 3 минг тонна пилла, 315 минг тонна гўшт ҳамда 1,4 млн. тонна сут тайёрлашга эришилди.

    Мурожаатномада таъкидланганидек, жорий йилда вилоят бўйича «Қишлоққурилиш», «Шаҳарқурилиш», «Агромир бюлдинг» ва хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан 167 та 8 минг 557 хонадонли кўп қаватли квартиралар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

    Шунингдек, жорий йилда чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 99 нафар болалар уй-жой билан таъминланди.

    2022 йилда ҳам вилоятнинг шаҳар ва туманларида субсидия асосида 4 минг 500 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши мўлжалланган.

    Ўтган давр мобайнида, «Темир дафтар»га киритилган 52 479 та оилаларга «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 67,1 миллиард сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Дафтардаги 67 374 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

    Вилоят ҳокимнинг халққа йўллаган мурожаатида юзасидан депутатлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини йўллади.

    Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга вилоят ҳокимга атрофлича жавоб қайтарди.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates