Самарқандда аҳоли кўчиб ўтган бинонинг 2 та қавати олиб ташланади

    Урбанизация 26 январ 2021 1520

    Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчаси 84-манзилда қурилган янги кўп қаватли уйда қурилиш-таъмирлаш ишларида камчиликлар борлиги, аҳолиси бинога кўчиб ўтганига кўп бўлмаган бўлсада, аллақачон бузила бошлаганлиги, аксарият фуқаролар қурилган уйни ўзлари қайтадан таъмирдан чиқарганликлари тўғрисида хабарлар тарқалди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят Қурилиш Бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.

    Самарқанд шаҳар Фирдавсий кўчаси 84-манзилда жойлашган кўп қаватли бино «Пастдарғом қурилиш моллари» МЧЖ томонидан қурилган. Бино 104 нафар фуқароларнинг якка тартибдаги уй-жойларини сотиб олиб, ўрнига пишиқ ғиштдан 9 қаватли уй-жой қурилган. Бинода 534 та хонадон мавжуд бўлиб, 392 таси сотилган.

    Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорига асосан кўп қаватли бино қурилиш ишлари олиб борилган. «ТошбошпланЛИТИ» томонидан кўп қаватли турар жой биноси учун хулоса берилган. Архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган.

    2017 йилнинг 22 августдаги 4-сонли Архитектура шаҳарсозлик кенгашининг баёнида кўп қаватли турар жой биноси қурилиши маъқулланган. 2017 йилнинг 24 августда давлат экспертизанинг 1019-2017-сонли кўп қаватли турар жой биносини қуриш бўйича тегишли хулосаси олинган. Қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун Қурилиш назорат инспекциясидан 2017 йилнинг 4 сентябрда 794/17-сонли рухсатнома олинган.

    Қурилиш-монтаж ишлари Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2017 йилнинг 4 сентябрдан 794/17-сон билан рўйхатга олинган ва назорат ишлари олиб борилган. Объект қурилиши Республика Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар-жой биносининг 7-қаватдан юқори қисми 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган.