Самарқанд шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Zarmed pratiksha hospital group” Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонаси томонидан ташкил қилинган “Zarmed pratiksha Bogʼishamol” тиббиёт маркази иш бошлади.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шри Маниш Прабхат, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизовлар юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам хусусий секторнинг улуши тобора кенгайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлашди.
Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар натижасида улар томонидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. “Zarmed pratiksha Bogʼishamol” тиббиёт маркази ҳам ана шундай лойиҳалардан бири бўлиб, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатининг ошишига, тиббиёт туризми ривожига муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди.
Корхонанинг дастлабки лойиҳаси “Zarmed pratiksha Bogʼishamol” тиббиёт маркази учун 8,5 миллион АҚШ доллари сарфланган. Шундан 1,5 миллион АҚШ доллари чет эл инвестицияси ҳисобланади. Самарқанд шаҳрининг Камолиддин Беҳзод маҳалласи ҳудудида жойлашган тиббиёт маркази бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Энг муҳими, тиббий марказда 140 та янги иш ўрни яратилган.
– Президент Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга ташрифи давомида биз, инвесторлар билан учрашиб, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонда барча имкониятлар яратилишини маълум қилган эди, – деди “Pratiksha Global” корхонаси бошқарув кенгаши раиси Доктор Прамод Шарма. – Ўша учрашувда, албатта, юртингизга инвестиция киритишимни, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишимни маълум қилган эдим. Мана “Zarmed pratiksha hospital group” қўшма корхонасини ташкил қилиб, илк лойиҳамизни ишга туширдик.
“Zarmed pratiksha Bogʼishamol” тиббиёт маркази замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган бўлиб, бу ерда шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими, тиббиётнинг замонавий жарроҳлик хизматлари ҳам мавжуд.
– Бу ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан амалга оширилаётган дастлабки лойиҳамиз, – дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Zarmed pratiksha hospital group” қўшма корхонаси таъсисчиси Дилшод Шукруллаев. – Яқин кунларда хизмат кўрсатиш қуввати 120 ўринга эга иккинчи тиббий марказимиз ҳам ишга тушади. Ҳамкорларимиз билан замонавий тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ташкил қилишни режалаштирганмиз. Ҳеч кимга сир эмас, минглаб юртдошларимиз хорижга тиббий муолажалар учун миллионлаб маблағ сарфлаб бориб келишади. Мақсадимиз юртдошларимиз талабига мос тиббий хизматни шу ерда ташкил қилишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, “Zarmed pratiksha Bogʼishamol” тиббиёт марказида ўнга яқин юқори малакали тиббиёт мутахассислари хизмат қилади. Уларнинг асосий қисми халқаро тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади.
Алишер ИСРОИЛОВ.