Самарқандда вилоятнинг 2021 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти бўйича матбуот анжумани ўтказилди

    Самарқанд шаҳридаги “Матбуот уйи”да оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пандемия даврида вилоятда туризм ва спортни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов бошчилигидаги мутахассислар журналистларни қизиқтирган масалалар бўйича сўз юритиб, барча саволларга батафсил жавоб берди.

    – 2021 йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилоятида 84 та сайёҳлик лойиҳаси, жумладан, 335 ўринли 12 та меҳмонхона, 443 ўринга мўлжалланган 45 та оилавий меҳмон уйлари, 14 та туристик фирма ишга туширилиб, 15 та янги сайёҳлик йўналиши ташкил этилди. Юқоридаги лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 343 нафар янги иш ўринлари яратилди, – деди Дилшод Нарзиқулов.

    Бундан ташқари, тадбир доирасида айни пайтда 7 триллион 41 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилаётгани, бунинг натижасида эса 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши маълум қилинди. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши минтақани нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг туризм хабига айлантириш имконини бериши қайд этилди.

    Матбуот анжуманида шунингдек, ўтган 6 ойда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

    Самарқанд вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Олим Собировнинг сўзларига кўра, “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида ўтказилган 4050 спорт тадбирида 65 874 нафар ёшларнинг иштироки таъминланди.

    Шу билан бирга, Олимпия ўйинларида Самарқанд вилоятининг 10 нафар вакили 6 спорт тури бўйича, паралимпия ўйинларида 4 нафар спортчи 2 спорт тури бўйича йўланмани қўлга киритди.