Самарқанддан Сан-Ремогача: ёхуд мамлакатимизда туризмнинг янги даври бошланмоқда

    Миллий иқтисодиётимизнинг асосий бўғинларидан бири бўлган туризм соҳасида мавжуд имкониятларни ишга солишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг самараси эътирофга молик. Юртимиз довруғини ёйишда замонавий бунёдкорлик ишлари, сайёҳлик манзилларини кўпайтириш каби жиҳатлар мавжудки, бугунги кунда ушбу йўналиш янги ривожланиш босқичига ўтмоқда.

    Туризм хизмат кўрсатиш соҳасини рағбатлантиради ҳамда шу орқали аэропортлар, вокзаллар, умуман, транспорт тизими, меҳмонхоналар, хостеллар, оилавий меҳмон уйлари, шунингдек, умумий овқатланиш, савдо, ҳунармандлик, маданият ва санъат соҳалари ривожининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу сабаб мамлакатимизда туризмни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш, ҳудудларда хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб берилган.

    Ўтган ҳафта, яъни 7 февраль куни Президентимиз раислигида ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалаларига бағишланди. Унда кўтарилган масалалар, келтирилган рақамлар, белгиланган вазифалар беихтиёр давлатимиз раҳбарининг жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият экани, биз янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятнинг ана шу иккита мустаҳкам устунга таянмоғимиз лозимлиги ҳақидаги фикрларини шууримизда қайтадан жонлантирди.

    Биз назарда тутаётган йиғилишда ўнлаб мавзулар қатори тилга олинган қуйидаги масала моҳиятига эътибор беринг-а. Таъкидланишича, Шаҳрисабзда Оқсарой, Хивада Ичан қалъа, Бухорода Лаби ҳовуз, Тошкентда “Янги Ўзбекистон” майдонлари бўлса-да, уларда концерт, кўргазма, форумлар ўтказиш бўйича режа қилинмаган. Агар ўзимиздаги мавжуд туристик марказларда халқаро даражадаги санъаткорлар концертлари ташкил қилинса, меҳмонхона, ресторан, кафе, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сайёҳлар билан гавжумлашади. Шу муносабат билан мутасаддиларга камида 1 миллион сайёҳни олиб келадиган концерт, бизнес форум ва кўргазмалар ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

    Фараз қилинг, агар шу топшириқ тўлиқ уддаланса, рақамлар каррасига ошиб кетиши ҳеч гап эмас. Негаки, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси, ҳудудлар инфратузилмаси ҳар бир вилоят, шаҳар, туманларда катта ва йирик анжуманлар ўтказиш имконини беради. Айниқса, шу пайтга қадар Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистоннинг қатор туман ва шаҳарлари мезбонлик қилиб келаётган очиқ осмон остидаги фестиваллар, концертлар, бизнес форумлар кўлами ва нуфузини оширишга барча шароитлар бор.

    ***

    Ўтган асрнинг 80-90-йиллари итальян эстрадасининг юксалиш чўққиси, юлдузли даври сифатида тарихга кирган. Сан-Ремо шаҳрида ҳар йили мамлакат эстрада юлдузлари иштирокида шу ном билан халқаро мусиқий фестиваль ўтказиларди. Унда асосан маҳаллий хонанда ва бастакорлар иштирок этар, хорижлик қўшиқчилар орасида эса юрак ютиб саҳнага чиқаман, дегани саноқли бўларди. Аммо дунёнинг деярли барча давлатидан мусиқа шинавандалари Италияга етиб келар, мисли кўрилмаган қиммат нархда чипта сотиб олиб, фестивални бевосита концерт залида тамоша қиларди. Саҳнадаги чиқишлар жараёни ва ғолибларни тақдирлаш маросими телевидение орқали берилар, миллионлаб томошабинлар экран қаршисига михланарди.

    Айни ўспиринлик пайтимиз биз беш-ўн синфдош гоҳ бизникида, гоҳ бошқа дўстимникида йиғилиб, Сан-Ремо фестивалиги мухлислик қилардик. Ахир магнитофон тасмалари, грампластинкаларда биз қўшиқларини уззукун тинглайдиган хонандалар саҳнада жонли куйлашар, куйлаганда ҳам дунё мусиқа шинавандаларига завқ улашиб ижро қилишарди-да. Болалик ва балоғат ёши тафаккури ила дўстларим билан қачондир ўша дунёни маҳлиё қилаётган концертга бориш, телеэкран орқали эмас, бевосита олди қаторларда ўтириб томоша қилиш орзуси билан ширин суҳбатлар қурардик. Қачондир улғайиб, етарли маблағ тўплаб, Италияга борамиз, деб бир-биримизга сўз берардик.

    Кейинчалик катта синфга ўтганимизда ҳамма ўз қизиқиши, ўз иқтидорига кўра турли йўналишларга оғиб кетди. Камина адабиёт, бадиий ижодга меҳр қўйдим. Газета, журнал, китобларга ошно бўлдим. Айниқса, ҳажвия, сатира ва юмор йўналишидиги битикларни севиб мутолаа қилардим. Ўша кезлар “Габрово латифалари” ўқарманлар орасида оммалашган эди. Нашрларда шу рукнда ҳажвий асарлар эълон қилинар, Габрово латифа ва ҳангомалари китоб ҳолида чоп этиларди. Қизиқсам, Болгариянинг “Жаҳон юмор пойтахти” деб ном олган Габрово шаҳрида ҳар йили сатира ва юмор фестивали ҳам ўтказилиб, унда ушбу йўналишда ижод қиладиган қаламкашлар қатнашар, кулги анжумани ҳафталаб давом этар ва турли мамлакатлардан нафақат ижодкорларни, балки бадиий ижоднинг минглаб оддий мухлисларини ҳам жамлар экан. Ўзимни бир-икки ҳажвий машқлар муаллифи, деб ҳис қилиб, кейинчалик, албатта, Габрово кулги анжуманида қатнашаман, дунёда ягона сатира ва юмор музейини кўраман, деган мақсадни кўнглимнинг бир чеккасига тугиб қўйдим.

    Бу энди болалик, ўсмирлик хотиралари. Вақт ўтиб, мақсадлар, қизиқишлар, шароитлар ўзгариб, Сан-Ремо ва Габровога бориш нияти чекинди. Хўш, унда юқоридаги икки ҳолатни нега эсладим? Асосийси, мусиқа ёки ҳажвиёт анжуманлари эмас. Гап ана шу ва шу каби тадбирлар дунёнинг турли бурчакларидан минглаб меҳмонларни жалб қилишида.

    Мақолани тайёрлаш асносида интернет тармоғида бир маълумотга дуч келдим: 1950 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган Сан-Ремо мусиқа фестивали Италия ғазнасига миллионлаб даромад келтиради. Ўтган 2024 йилда мамлакат ушбу тадбир ортидан 60 миллион, рекламалар ҳисобига эса 42 миллион евро ишлаб олган. Фестиваль кунлари шаҳарга келадиган сайёҳлар сони 3 баробар ортган.

    Болгария бўйича сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган ҳудуд ҳам Габрово экан. Минг-минглаб одам атайин фестиваль ўтадиган иншоотлар, музей, турли ҳажвий персонажларга қўйилган ҳайкалларни кўргани келади. Бу даромад дегани, бу маданият ва маънавият ортидан келаётган моддий, иқтисодий барқарорлик деганидир.

    ***

    Видеоселектор йиғилишида Президентимиз жон куйдириб кўтарган масаланинг моҳиятида маънавиятни иқтисодиётга, иқтисодиётни маънавиятга хизмат қилдириш мақсади мужассам. Дарҳақиқат, бошқа давлатлар, иқтисодиётлар турли шакл ва ёндашувлар орқали эплаштириб келаётган ушбу вазифани шунча имконият ва шароит, бой маданий мерос, табиий қулайликларга эга мамлакатимизда ҳам уддалашнинг вақти келди.

    Дарвоқе, имконият ва шароитлар ҳақида. Имконият ҳам, шароит ҳам бор, тан олайлик, давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан улар сони ҳамда салмоғи тобора ортиб боряпти. Масалан, Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, соҳада кечаётган ислоҳотлар туфайли Жаҳон туризм ташкилоти Ўзбекистонни туризм хизматларидан тушган тушумлар (экспорт) бўйича дунё бўйлаб “иккинчи энг яхши йўналиш” сифатида кўрсатди. Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган “Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индекси” тадқиқотига кўра, Ўзбекистон 2024 йилда “Туризмни ривожлантириш бўйича дунёнинг энг фаол мамлакати”, деб топилди.

    Лондон шаҳрида бўлиб ўтган маросимда юртимиз нуфузли “Wanderlust Reader Travel Awards 2024” мукофотининг “Энг яхши ривожланаётган йўналиш” номинациясида ғолиб бўлди. “Wanderlust” журнали Буюк Британиянинг 1-рақамли саёҳат журнали ҳисобланади.

    Яна видеоселекторга қайтсак. Йиғилиш кун тартиби ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мавзусида экан, у ўзида қандай масалаларни жамлади? Уч йил олдин бу борада катта дастур қилинган эди ва у бугун натижасини беряпти. Сервис соҳасида қўшимча 1,5 миллион аҳоли доимий даромадга эга бўлди. Хизматлар миқдори 2018 йилдаги 19 миллиард доллардан 65 миллиард долларга ошди. Айниқса, ахборот технологиялари, молиявий хизматлар, туризм, авиация, таълим ва тиббиёт соҳаларида “катта сакраш” бўлди.

    Хизмат йўналишида энг катта соҳа — туризм. Сўнгги йилларда 90 дан ортиқ давлат билан алоқалар яхшилангани натижасида хорижлик сайёҳлар сони қарийб 4 карра ошди. Ўтган йили туризм хизматлари экспорти 3,5 миллиард доллар бўлди. Лекин мамлакатимизнинг салоҳияти бундан анча юқори. Масалан, Малайзия ва индонезиялик мусулмонлар умрага боришдан олдин алломаларимиз қабрини зиёрат қилишни хоҳлайди. Йиғилиш давомида улар учун “Умра плюс” хизмати йўлга қўйилиши вазифаси ва ушбу топшириққа масъуллар белгиланди.

    Ижтимоий соҳаларда ҳам имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, ўтган йили “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури йўлга қўйилган эди. Бу хорижий фуқароларни даволаш ва экспортни ошириш учун қулайлик. Сўнгги саккиз йилда 125 та янги олий таълим ташкилоти очилган. Лекин бу соҳадаги экспорт имкониятларга мутлақо мос эмас. Ёки бўш турган айрим маданият ва санъат марказларини ҳам хусусий секторга бериш мумкин.

    Бу йил хизматлар ҳажмини 15 фоиз ошириб, 82 миллиард долларга, экспортини эса 8,5 миллиард долларга етказиш, соҳада 2,5 миллион одамни даромадли қилиш мўлжалланган. Йиғилишда имкониятлар бундан ҳам кўплиги таъкидланди, уларни ҳаётга татбиқ этишда ҳудуд ва соҳаларда яхлитлик етишмаётгани каби муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг ечимлари кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, сўнгги етти йилда аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра ўсгани натижасида хизматларга талаб ортаётгани қайд этилди.

    ***

    Сайёҳлик деганда фақат ташқаридан келиб-кетувчилар эмас, ўз фуқароларимизнинг ҳам мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши тушунилади. Яъни ички туризмни ривожлантириш орқали хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда юртимизда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури ишга туширган. Унинг доирасида республика бўйлаб корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда маҳаллалардаги аҳолининг саёҳатлари йўлга қўйилган.

    Бундан ташқари, Президентимизнинг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўқувчи, талаба ва ёшларни юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, қадимий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар билан таништириш мақсадида “Ватанимнинг тарихини ўрганаман” ва “Мозийга саёҳат” лойиҳаларини амалга оширишга амалий қадам ташланди.

    Сайёҳлар оқими кўпайиши яратилган шароитга боғлиқ. Бугун дунё табиати мувозанатидаги беқарорлик эко ва этнотуризмга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан юртимизда этнотуризмни ривожлантириш ва улардан туризм ташриф объекти сифатида фойдаланиш мақсадида Самарқанд вилоятида 9 та, Тошкент вилоятида 3 та, Бухоро ва Фарғона вилоятларида эса 1 тадан мазкур туризм турига ихтисослашган корхоналар рўйхати шакллантирилди. Бу объектларда сайёҳларни қабул қилиш учун шароитлар яратилиб, туристик ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёҳлик дастурларига киритилди.

    2024 йилда туризм соҳасида жами 2,8 миллиард долларлик 591 лойиҳа амалга оширилиб, 19 минг 428 та янги иш ўрни яратилди. Туристик салоҳияти юқори бўлган 20 та туман ва шаҳар бўйича қиймати 50 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш юзасидан лойиҳа пакетлари ҳамда янги лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.

    Март, апрель ва май ойларида барча ҳудудларда “Ички туризм ярмаркалари” ўтказилди. Тадбирга ички туризм йўналишидаги 1700 га яқин тадбиркорлик субъекти, 18 мингдан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди. Ярмарка доирасида ички саёҳатларни ташкил этиш билан боғлиқ 1300 дан ортиқ шартнома ва битим имзоланди.

    Ички туризм қамрови кенгайиб боргани сари сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга талаб ҳам ортиб бориши табиий. Ана шу омилни ҳисобга олиб, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 1866 та янги туристик ташкилот фаолияти йўлга қўйилди ва уларнинг сони 3686 тага етказилди.

    ***

    Юқорида мавжуд майдонлар, иншоотлар, туристик марказларда халқаро даражадаги санъаткорларнинг концертлари, кўргазма, форумлар ўтказиш, шунда меҳмонхона, ресторан, кафе, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сайёҳлар билан янада гавжум бўлиши масаласи ҳам видеоселектор йиғилишида алоҳида тилга олинганига эътибор қаратган эдик. Шу ўринда бир муҳим янгилик ҳақида тўхталмоқчимиз. Энди сайёҳлар учун ўзлари ташриф буюрган ҳудудда турли театр томошаларида иштирок этиш, мусиқали шоулар уюштириш, ҳаво шарида экскурсия қилиш, борган объектлари тарихи ҳақида қисқа метражли фильмлар томоша қилиш ҳамда бошқа янги хизмат турларидан фойдаланиш имкони яратилади.

    Шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қўшимча 400 янги гид-таржимон ўқитилиб, ўрнатилган тартибда фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Бухоро, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 4 та туризм кластери, Фарғона вилоятида 1 та туризм рекреацион зонаси, Бўстонлиқ ҳамда Шаҳрисабзда 2 та дор йўли фойдаланишга топширилади.

    ***

    Бугун Ўзбекистонда халқаро “Шарқ тароналари”, Бахшичилик санъати, “Лазги”, Жаҳон ҳунармандлик, мақом, аския санъати, “Дунё садо”лари миллий эстрада санъати, “Бойсун баҳори” фольклор фестиваллари, “Ипак ва зираворлар”, “Атлас” байрамлари сингари нуфузли анжуманлар, маданият кунлари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бошқа муҳим тадбирларни ўтказиш тизимли йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда бундай анжуманлар кўпайди. Айниқса, Самарқандда ўтаётган анъанавий “Шарқ тароналари”, Хива мезбонлигидаги “Лазги” фестиваллари ва қатор анжуманлар дунё санъат шайдоларини бирдек ўзига жалб қилиб келяпти. Бу қайсидир маънода Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъват бўлиб ҳам жарангламоқда.

    Мақола давомида ўсмирлигимиз Италия ва Болгария сафари орзуси билан ўтганини ярим армон, ярим ҳавас билан мисол қилгандик. Ишонч билан айтиш мумкинки, заминимиз бугун мезбонлик қилаётган маданият ва санъат анжуманлари моҳият-эътиборига кўра Сан-Ремо ва Габрово фестивалларидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Яна ишонамизки, дунёнинг қайсидир давлатларида ушбу маданият ва санъат байрамларига келиш, иштирок этиш, бевосита томошабин бўлишни орзу, мақсад қилаётган ўсмирлар, ҳавасмандлар кун сайин кўпайиб боряпти.


    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 13 февраль 31-сонида чоп этилган)