Самарқандга хорижий инвесторлар қизиқиши ортмоқда

    Бизнес 15 апрел 2021 1495

    Афғонистонлик ака-ука Аюуоби Абдул Ҳаж ва Аюуоби Аҳмад Билал Самарқанд шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилган.

    Шу мақсадда улар шаҳримизга ташриф буюрди ва даставвал Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказига мурожаат қилди. Марказ орқали ака-укаларнинг “AYOUBI" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси ташкил этилди.

    Таъкидлаш керакки, 800 миллион сўм устав фонди билан ташкил этилган хорижий корхона Самарқанд вилоятидан озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистонга экспорт қилиш билан шуғулланади.

    Шунингдек, меҳмонлар марказда фуқаролар, шу жумладан, тадбиркорларга яратилган шароитлар, имкониятлар билан ҳам танишиб, бу ердаги имкониятлар кўламини эътироф этишди.

    — Мамлакатингизда хорижий инвесторларга яратилган имкониятларни юксак баҳолайман, — дейди Аюуоби Абдул Ҳаж. — Айниқса, Самарқандда бу борадаги ишлар ўз кўлами билан алоҳида аҳамиятга эга экан. Бунга корхонамиз фаолиятини йўлга қўйиш жараёнларида ўзимиз янада амин бўлдик. Қолаверса, юртингизда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида эришилган ютуқлар бизда катта таассурот қолдирди.

    Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида вилоятдаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали жами 17 та хорижий инвестиция иштирокидаги юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтган. Уларнинг 8 таси қўшма корхона бўлса, 9 таси хорижий корхоналардир.

    ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

    Ахборот хизмати