Самимий қутловлар келиши давом этмоқда

    Ҳукумат 30 октябр 2021 3327

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига унинг жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда давлатимиз раҳбарига мустаҳкам соғлик, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, тараққиёт ҳамда фаровонлик тилаклари билдирилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Президент жаноблари!

    Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

    Жорий йил март ойида Тошкентда самарали фикр алмашганимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги баёнотни имзолаганимиздан мамнунман. Туркий Кенгаш доирасидаги ҳамкорлигимиз Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлайди. Ишонтириб айтаманки, менинг Ҳукуматим икки томонлама муносабатларимизни ривожлантириб боришда ҳар доимгидек қатъийдир.

    Келгуси йилда Будапештда расмий ташриф доирасида Президент жаноблари билан шахсан учрашишдан умидворман ҳамда ушбу ташриф муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият бўлишига ишонаман.

    Олдингизда турган масъулиятли вазифаларни рўёбга чиқаришда Сизга омад ва мустаҳкам соғлик тилайман!

    Виктор Орбан,

    Венгрия Бош вазири

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз билан табриклайман.

    Президент сайлови натижалари мамлакатингиз фуқаролари Сизнинг иқтисодий ўсишни таъминлаш ва одамлар фаровонлигини оширишга қаратилган сиёсатингиз ва бунёдкорлик ишларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яққол тасдиқлаб турибди.

    Сизнинг Президент лавозимидаги муваффақиятли фаолиятингиз даврида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда халқаро эътирофга сазовор бўлган, республиканинг жаҳон саҳнасидаги нуфузини мустаҳкамлаган улкан ютуқларга эришди.

    Сизга берилган овозлар сони мутлақ кўпчиликни ташкил этгани Ўзбекистон халқи ўз Президентига чексиз ишонч билдирганини аниқ-равшан кўрсатди. Бу фидокорона меҳнатингиз ва Ватанга хизматингиз учун берилган энг юксак мукофотдир.

    Парламентларимиз ўртасидаги конструктив ва очиқ мулоқот мамлакатларимиз ҳамкорлигида тўпланган бой тажрибанинг узвий қисмидир. Ишончим комил, Сизнинг бебаҳо кўмагингиз билан ҳамкорликнинг ушбу муҳим йўналиши бундан буён ҳам Россия-Ўзбекистон алоқаларининг барча соҳаларини жадаллаштиришнинг самарали воситаси бўлиб қолади.

    Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва олий давлат лавозимидаги фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман. Тажрибангиз, изчиллик ва интилувчанлигингиз Ўзбекистон Республикаси халқининг фаровонлиги йўлидаги сермаҳсул ишлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилсин.

    Сизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

    Валентина Матвиенко,
    Россия Федерацияси Федерал Мажлиси
    Федерация Кенгаши Раиси

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Муҳтарам Шавкат Миромонович!

    МДҲ Ижроия қўмитасига қайтиб, яна бир бор Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз билан табриклашни истардим.

    МДҲнинг кузатувчилар миссияси раҳбари сифатида мамлакатингиз аксарият фуқароларининг Сизга бўлган ишончи юқори даражада эканига яна бир бор амин бўлдим.

    Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингиз Ўзбекистон Республикасининг изчил тараққиётига, халқаро майдондаги ўрни янада мустаҳкамланишига, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконидаги интеграция жараёнлари чуқурлашишига бундан буён ҳам хизмат қилишига қатъий ишонаман.

    Фурсатдан фойдаланиб, МДҲ кузатувчилари миссиясининг фаолиятига яратилган ҳамда сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида холисона мониторингни амалга ошириш имконини берган қулай шароитлар учун ташаккур билдираман.

    Сиз билан шахсан учрашиш ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги ташқи ва ички вазиятнинг долзарб масалалари, Ўзбекистон Республикасининг бугунги ривожланиши ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги муаммолари юзасидан очиқ суҳбатлашиш имконияти учун чин дилдан миннатдорман.

    Президентликка сайловдаги ғалабангиз муносабати билан самимий табрикларимни йўллаш билан бир қаторда Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман.

    Сергей Лебедев,
    Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги
    Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Президент жаноблари!

    Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз муносабати билан табриклашга ижозат бергайсиз. 2021 йил июль ойида Ўзбекистонга ташрифим давомида юртингизнинг оташин меҳри ва меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиб, унинг иқтисодий тараққиётига гувоҳ бўлдим.

    Ўзбекистон Республикаси Жаҳон божхона ташкилотининг (ЖБТ) яқин ҳамкори ҳамда халқаро савдони қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш ишига содиқ бўлиб қолишига ишонаман.

    ЖБТ ушбу шерикликни юксак қадрлайди, Сизнинг Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақадаги алоқаларни кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшаётганингизни олқишлайди.

    Администрациянгизга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришда Сизга ҳар томонлама муваффақият тилайман.

    Президент жаноблари, энг эзгу тилакларим ва Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилинг.

    Кунио Микурия,
    Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Жаноби Олийлари!

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва давлат раҳбари лавозимига қайта сайланганингиз тўғрисидаги хабарни катта мамнуният билан қабул қилдим. Ушбу муҳим воқеа – Ўзбекистон халқи Сизга яна бир бор ишонч билдиргани билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Сизнинг оқилона ва чуқур ўйланган раҳбарлигингизда Ўзбекистон аҳолиси бундан буён ҳам катта эркинликлар ва фаровон турмушдан баҳраманд бўлишига ишончим комил.

    Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг жуда фаол аъзосидир, ушбу ҳамкорлик янада мустаҳкамланишидан умидворман. Жаноби Олийлари, Сиз ҳам бу интилишни қўллаб-қувватлашингизга ишонаман, шу сабабли ҳамкорлигимизни янада юксак даражага олиб чиқишимизга умид қиламан.

    Сизни яна бир бор табриклайман ва омад тилайман. Яқин фурсатда Сиз билан учрашиш имкониятини орзиқиб кутаман.

    Самимий ҳурмат билан

    Мартинг Чунгонг,
    Парламентлараро иттифоқ бош котиби

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Президент Жаноби Олийлари,

    Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши номидан ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қозонилган ишончли ғалабангиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.

    Куни кеча бўлиб ўтган сайловда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Туркий Кенгашдан кузатув миссиялари иштирок этиб, мазкур муҳим сиёсий тадбир халқаро миқёсда эътироф этилган стандартларга мувофиқ ўтганига гувоҳ бўлдилар.

    Мазкур сайлов Ўзбекистон халқининг яна бир бор фидойилиги, шижоати ва фаоллигини намоён этган бўлса, овоз бериш натижалари қардош халқнинг Янги Ўзбекистонда Сиз Жаноби Олийларининг раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ислоҳотларни нақадар қўллаб-қувватлаётганини тўлиқ тасдиқлади.

    Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига Туркий Кенгаш фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаётганингиз ва туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшаётган бебаҳо ҳиссангиз учун миннатдорлик билдириб, Сизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва муваффақият ҳамда қардош Ўзбекистон халқига тинчлик ва равнақ тилайман.

    Чуқур ҳурмат ва эҳтиром ила

    Бағдод Амреев,
    Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши
    бош котиби

    Қутловлар келиши давом этмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates