“SAMSUNG”дан “APPLE”гача ўзбек қизи босиб ўтган муваффақият йўли ёшлар учун мотивация

    Мақолани тайёрлашга икки оғиз гап туртки бўлди. Хадрадаги дизайн мактабига қатнайдиган ўғлим: “Ойи, мактабимизга “Apple” компаниясида ишлайдиган аёл келиб, маҳорат дарси ўтар экан, Америкадан Тошкентга келибди”, деб қолди.

    Газетамизда “Тесла”да ишлайдиган ўзбек қизи ҳақида берилган мақола ёдимга тушди. Мақола қизиқиш билан ўқилганини кўпчилик ўқувчилардан эшитиб, хурсанд бўлгандим ўшанда. “Apple”да муваффақиятга эришган яна бир ўзбек қизи ҳам юртдошларимизни бефарқ қолдирмаса керак, деб ўйладим. Дизайн мактaби раҳбариятидан аёлнинг телефон рақамини олдим. Телеграм тармоғи орқали ўзимни таништириб, у билан суҳбат қилиш ниятим борлигини айтдим, қаҳрамонимиз юзма-юз кўришиш шартлигини ёзди. Келишилган кун, белгиланган соатда суҳбатдошим — Садоқат Қозиеванинг Тошкентдаги офисига етиб бордим.

    Ҳеч қачон кутиб ўтирма

    ёхуд Буюк Британия мени мустақил ҳаётга тайёрлади

    Чилонзор туманидаги 178-лингвистик мактабда таълим олган Садоқат Қозиева ота-она розилиги билан Буюк Британияга йўл олади. У ерда 6 йилга яқин бизнес менежмент бўйича ўқийди. Бошқа миллатларнинг тили, ҳаёти, маданиятига қизиқиши кучли бўлган ўзбек қизи олис юртда ҳам ўқиб, ҳам ишлашга қарор қилди. Шундай қилса, у одамлар билан кўпроқ муо­малага киришар, инглизлар ҳаётини аниқроқ кўрадигандек эди. Қолаверса, Буюк Британияда талабалар ҳафтасига 20 соат ишлаши мумкин.

    Иш танлаб ўтирмади, KFCда ишлади, офис­ларда фаолият юритди. Кийим дўконларида сотувчилик қилган пайтлари эса, айнан ўзи истаганидек одамлар билан кўпроқ муомалада бўлди. Шу тариқа 16 ёшидан мустақил ҳаётга кириб борди. Унинг фикрича, ўзини ўзи моддий таъминлаган ҳар қандай одам ўсади, ўз меҳнатини баҳолай олади, ҳар нарсанинг қадрига етади. “Ҳеч қачон кутиб ўтирма. Ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ!” шиори унга ҳамиша мотивация беради. Қўл, оёқ, кўз бутунми, албатта, ҳаракат қилиш керак. Интилишлар бугун, эртага, бир ой, балки бир йилда ҳам эмас, бир кун келиб, албатта, ўз самарасини беради.

    Одамларга

    енгиллик яратгим келади

    Садоқатнинг “Apple”га бориб қолиши унинг учун гўё тошқин дарёнинг нариги қирғоғига ўтиш билан баробар бўлган, десак хато эмас. Ўзбекистонлик йигит-қизларнинг аксарияти учрашувларда унга “Apple”га қандай бориб қолгансиз?” деб савол беришади. Садоқат эса, бу йўлдаги “ширин азоблар”ини қайта-қайта ҳикоя қилишдан эринмайди.

    “Ота-онам Америкага кўчишганида, мен ҳам бирга кетдим. У ердаги коллежда таълим олиб, коммуникацияни ўргандим. 2013 йилда Калифорния штатида бир технологик компанияда иш бошлаганман. Айнан ўша ердан бугунги муваффақиятимга йўл очилди. Чунки ишга олиш жараёнида турли одамларнинг биографияси билан танишишга тўғри келарди. Маркетолог­лар, муҳандислар, сотув бўлими ходимлари ва ҳоказолар. Улар орасида ногаҳон UX/UI дизайнер деган лавозим ҳақида ўқиб қолдим. Янгилик бўлгани учун шу касбга қизиқдим. Бир томондан, ёш онаман. Хайриятки, турмуш ўртоғим ҳам технология соҳаси вакили. Бир-биримизни тўғри тушунганимиз учун кадрлар бўлимида ишлаб туриб, UX/UI дизайнни ўрганишимга ёрдам берди.

    Кейинроқ Техас штатидаги Остин шаҳрига кўчиб ўтдик. Учинчи фарзандим ўша ерда туғилди. Табиийки, бола сал катта бўлгач, иш қидира бошладим. Остиндаги катта компаниялардан
    бири “Samsung” бўлиб, ходимларининг
    70 фоизи корейслар эди. Кадрлар билан ишлашда тажрибам бўлгани учун компанияга тест синовидан ўтиб, ишга жойлашдим. Компания биносининг ичкарисига кириб боришингиз билан ўзингизни Кореядагидек ҳис қиласиз. У ерда бир йилдан ошиқроқ ишладим. Асосан дастурларни осонлаштириш, янгиликлар киритиш, жараёнлар тузиш билан шуғулландим. Табиатан одамларга ҳар нарсани соддалаштириб, енгиллаштириб беришни яхши кўраман. Ҳатто “объективка” ёзишниям соддалаштиришни талаб қилардим. Умуман, барча соҳада одамларга осон бўлишини истайман. Бу борадаги ишларим менежеримга ҳам маъқул келиб, “бўлди, шу иш сенинг зиммангда, ҳар ҳафта янги жараёнларни тузасан”, деган. Гуруҳ йиғиб, ўша жараённи йўлга қўярдим. Ҳар ой янги ло­йиҳам бўларди. Ички интилишларимга кўра, ҳаракат қиладиган инсон бўлганим учунми, назаримда, “Samsung”да ўсишдан тўхтаб қолгандай ҳис қила бошладим, ўзимни”.

    Умримнинг охирига қадар талаба бўлиб қолишни истайман

    Уйимиздан “Apple” компаниясигача 10 да­қиқалик йўл эди. “Apple”нинг биринчи офиси Калифорнияда бўлса-да, Остиндаги иккинчи офис айни пайтда жуда кенгайган. “Samsung”га кетаётиб, албатта, “Apple”нинг ёнидан ўтар, унинг улкан биноси, афишаларига алоҳида эътибор берардим. Бир кун чорраҳада светофорнинг яшил чироғини кутиб туриб “Apple”да ҳам ўзимни синаб кўрсам-чи”, деган фикр хаёлимга келди. “Samsung”даги икки ҳамкасбим мендан олдин “Apple”га ўтишганди. Улар билан алоқада бўлиб турганим боис, “Apple”да бошқачароқ эканини тасаввур қилардим. Тўғрироғи, бу ерда ўсишга имконият кенгроқ бўлса керак, деб ўйлардим. Аслида, одамнинг ўзи қизиқмаса, бировнинг фикри уни ҳеч қачон ўзгартира олмайди. Муҳими, истак инсоннинг ўзида бўлиши керак.

    “Apple”да тўғридан-тўғри бошқа бир бўлимда ишлаб кетишим мушкуллиги, ишга олиш бўлимида эса қийналмаслигимни ўйлаб, телефонимдаги рақамларни бирма-бир қараб чиқдим. Америкада телеграмга ўхшаган линкдинг платформасидан фойдаланишади. Ўшандан ишга йўналтирувчи 3-4 кишига ёздим. Америкада ишга кирмоқчи бўлсангиз, аввал ташқи рекрутер билан интервью қиласиз, агар унга ёқсангиз, сизни ички рекрутерга тавсия қилади. 2 ҳафта ўтиб, уларнинг биридан жавоб келди, мулоқот қилдик. 1-2 ҳафтадан кейин у мени ички рекрутерга тавсия қилди. 2 ҳафтада ички рекрутер қўнғироқ қилди. Дарвоқе, Америкада ишга кириш масаласида ички рекрутерга ёқиб қолиш жуда муҳим. Шунда у сизни юлдузли номзод сифатида тизимда ушлаб туради. Ички рекрутерга ҳам маъқул бўлдим шекилли, бироз кутасан, деди. Кейин Калифорниядаги бир ходим билан телефонда ярим соат интервью қилдик. Унинг рухсати билан “Apple”нинг ўзига бориб, интервьюлардан ўтадиган бўлдим. Остиндаги офисда биринчи куни уч одам билан интервью бўлди. Ҳар бири билан 30 минутдан суҳбатлашдим. Ҳар бирининг қўлида қоғоз, ручка. Мен билан суҳбатлашаётиб, бир нималарни қоралаб ўтиради. Фақат бир менежер касал экан, у билан интервьюга уч кундан сўнг келишимни айтишди. “Эй худо, бунча мени текширишади”, деганман ўшанда. Яхшики, тўртинчи менежер хушчақчақ одам экан. 30 минут бўлиши керак бўлган интервью 1 соату 15 минутга чўзилиб кетди.

    Ўша куни “Apple” учун сизнинг ҳаётга қарашингиз, нафақат қарашингиз, уни қандай ҳис қилишингиз ҳам муҳим эканини тушуниб етдим. Зеро, ишга тааллуқли бўлмаган саволлар ҳам бериладики, мақтанчоқ, фақат ўзим дейдиган инсонлар шундоққина ўзини ўзи намоён қилиб қўйишади. Менежерлардан 2 нафарига ёқмаган бўлсангиз ҳам ўйлаб кўришади. Ҳаммаси бир-бири билан фикр алмашиб, интервьюларни таҳлил қилишади. У ерда таниш-билиш, бой-камбағал, кийим роль ўйнамайди. Улар ҳамма нарсадан меъёр қидиришади. Буни улар тренингларда ҳам очиқ айтишади.

    2 кундан кейин менга жавоб ёзишди. Интервь­юлардан муваффақиятли ўтибман. Мақсадимга яқинлашганим сари ўзимга сиғмасдим. Қўлимдан келган барчасини қилаётганим, бу ёғи Яратгангагина боғлиқ эканини ҳис қилиб турардим. Шу ўринда ёшларга ўйлаган режангиз амалга ошмай қолса, аввало, максимал даражада ҳаракат қилдимми, деб ўзингизга савол бериб кўринг. Балки бирон жойда дангасалик қилгандирсиз, деган бўлардим.

    “Қачон иш бошлай оласиз”, деб “Apple”дан қўнғироқ қилишганида, “наҳотки” деб сакраб юбордим. Барча ҳужжатларга қўл қўйилди, шартнома имзоланди. Шунингдек, “Apple”нинг жуда кучли ўзига хос фалсафа китоби ҳамма қатори менга ҳам тутқазилди. Ишга келган кунингизданоқ ўша китобни беришади. Бирон гап бўлса, албатта, китобни эслатишади. Шундай қилиб, “Apple”даги карьерам бошланди ва у ерда 3 йил UX/UI дизайнер бўлиб фаолият юритдим. “Samsung”даги каби жараёнларни енгиллаштириш, ўзгартириш, таклиф бериш, янги лойиҳалар яратиш билан шуғулландим. Тобора “Apple”да ҳам ҳамма нарса осонлаша бошлади.

    График дизайндан UX/UI дизайнга ўтганлар ҳақида youtube тармоғидан маълумот изладим, бу йўналишга оид китоблар сотиб олдим. Билим ва тасаввурларим анча ошиб қолгандан кейин билдимки, UX/UI дизайн соҳасида ишласам бўлади. Фақат бунинг учун чуқур ва интенсив таълим (буткемп)ни ўрганишим керак эди. Кечқурун уй юмушларидан сўнг 2-3 соат вақтим борлигини ўйлаб, 9 ойлик буткемп курсида онлайн ўқий бошладим. Курсни муваффақиятли тамомлагач эса, менга UX/UI дизайнда ишлаш жуда қизиқ экани, шу боис, бошқа бўлимга ўтишни истаётганимни маълум қилдим. “Apple” компаниясида бир бўлимдан бошқа бўлимга ўтиш учун ҳам интервьюлар бўлади. Яна интервью вақтлари белгиланди. Онлайн тарзда Калифорниядаги ходимларнинг 9 нафари билан суҳбатдан ўтдим. 2 ҳафтадан кейин бу борада менга йўл очиқ эканини айтишди.

    “Apple”дан чиқар эканман, ҳар куни нимадир олаётганимни билар ва шунинг учун ўсишдан тўхтаганим йўқ, деб ҳисоблар эдим. Ҳаётда ҳар куни бир нарсани ўргангим, шу маънода умримнинг охирига қадар талаба бўлиб қолгим келади.

    Компания­да иш жараёнидаги ҳар қандай ­муаммони ўзингиз ҳал этишингиз талаб қилинади. Масаланинг лоақал 50 фоиз ечимини билишингиз, билганда ҳам 1 та эмас, 3-4 та ечим кўрсата олишингиз керак. Бу эса, устингизда мунтазам ишлашга ундайди. Натижада сизда лидерлик қобилияти ҳам шаклланади.

    Ўзбекистон.

    Истиқболли лойиҳалар

    Садоқат Америкадан туриб ҳар куни Ўзбекистонни кузатиб боради. Зеро, инсон қаерда бўлмасин, киндик қони тўкилган тупроқ тафти унинг қалбида юртга бўлган муҳаббатни оловлантириб туради. Шу боис, фарзандларини бир кун албатта, Ўзбекистонга олиб келиш, уларга она Ватанини бировларнинг эмас, ўзларининг кўзи билан танитишни ният қилган. Зеро, уларнинг ҳаммаси Америкада туғилди. Бугун улар Тошкентда ўзбек тили, маданияти, урф-одатларини зўр қизиқиш билан ўрганяпти. Миллий таомларимизга ҳам тез кўникишди. Айниқса, тандирдан иссиққина узилган ширмой нонларимиз таъмини улар Америкадан тополмаслигини очиқ айтишади.

    — 18 йил аввал Ўзбекистондан кетган эдим, кейинги йилларда юртимизда улкан ўзгариш­лар бўлди, — дейди Садоқат Қозиева. — Барча соҳада ислоҳотлар амалга ошяпти. Энг қувонарлиси, охирги 3 йил мобайнида IT кескин ривожланди. Бу бизни жуда ҳурсанд қилиши баробарида янги-янги ғояларга ҳам илҳом берди. Ўша ғоялар, тажрибаларимизни Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этишга қарор қилдик. Тошкентга келганимизга кўп бўлгани йўқ. Турмуш ўртоғим, акаларим билан бирга ITда янги лойиҳалар, жараёнлар яратиш устида ишлаяпмиз. Ҳозир 4 та лойиҳамиз йўлга қўйилди. Агар лойиҳаларимиз истиқболли бўлиб, улар амалга татбиқ этилса, Ўзбекистонда қолиб, IT соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчимиз. “Apple”га келадиган бўлсак, мен учун унинг эшиги ҳамиша очиқ. Буни менежерларнинг ўзлари кўп бор таъкидлашган. Шундай экан, Америкада орттирган тажрибам, салоҳиятимни ишга солиб, она юртим ёшларига мотивация бериш асосий вазифам, деб биламан.

    Ҳа, қаҳрамонимизнинг чет элдаги нуфузли компанияда, замонавий йўналишда иш юритганини эшитган кўплаб ўқув марказлари, дизайн мактаблари уни ўз ўқувчилари билан мулоқотга таклиф эта бошладилар. Ана шундай учрашувлардан сўнг Садоқат мамлакатимизда аёлларга ITда карьера қилиш учун гўё бир майдон етишмаётганини чуқур ҳис қилди. Негаки, учрашувлар сўнггида асосан, қизлар ITда ривожланиш, портфолиони тўлдириш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида Садоқатдан маслаҳат сўрашяпти.

    — Агар бу каби қизларни бир ғунчага қиёсласак ва уларни тўғри парвариш қила олсак, улардан эртага жуда гўзал гулдаста ҳосил бўлади, — дейди Садоқат. — Илм йўлида карьера қилишда жинсни чеклаш керак эмас. Қиз бола ҳам ўғил боладек ақлан кучли, салоҳиятли бўлиши мумкин. Айни шундай иқтидорларни кашф этиш йўлида кимларгадир ёрдамим тегса, тажрибамни кимлардир ўзлаштирса, бошим кўкка етади.

    Дарҳақиқат, кўнглидагини борича кўрсатиш, фақат рост сўзлаш, одамларга енгиллик яратишга одатланган бу камтар, соддадил ўзбек қизи хорижда кўп нарсага эришиб бўлди.
    У бахт туйғусини битта сўз билан изоҳлаб бера олмайди. Тўғри-да, ким учундир бахт — карьера, кимнинг бахти — оила, кимдир спортдан бахт топади. Садоқатнинг қалбида эса бу туйғу умум­инсонийлик касб этгани билан аҳамиятли. У ҳамма ўз мақсадига етишини, айниқса, ёшларнинг замонавий илмлар билан юксалишини, бу йўлда эса қўлидан келганича уларга ёрдам беришни бахтнинг энг гўзал кўриниши, деб билади.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates