Санъат — қудратли тўлқинга мадад

    Тўлқинларнинг энг зўри қудратли, деб аталади. Демак, ана шу тўлқинлар ортида меҳнат завқи, ижод шавқи, дўстга рағбат, ёвга даҳшат солиб тоғдек тўлқин келяпти.

    Президентимиз шу йил 30 июнда Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида фаол ёшларимизни қудратли тўлқинга ўхшатди. Янги Ўзбекистон ёшларига берилган бундай улуғ, муҳташам сифат уларга жуда ярашади.

    Бир ижодкор сифатида бу сифатни бадиий талқин қилиб кўрдим. “Қудратли тўлқин” жумласини эшитганда, беихтиёр “Ниманинг тўлқини? деган савол туғилади. Жавоб аниқ: янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракатининг қудратли тўлқини. Бу ҳаракат улкан денгиз сатҳидаги тўлқинларга ўхшайди. Тўлқинларнинг энг зўри қудратли, деб аталади. Демак, ана шу тўлқинлар ортида меҳнат завқи, ижод шавқи, дўстга рағбат, ёвга даҳшат солиб тоғдек тўлқин келяпти. Мана шундай кўкси кўкка етган, қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётган ёшларимизга давлатимиз раҳбари таҳсин айтди.

    Инсон умри болалик, ёшлик, кексаликка бўлинади. Болаликка — ўрганиш, кексаликка — ўргатиш фасли дейилса, ёшлик — олинган билимларни ҳаётда қўллаш, шижоат фасли бўлиб чиқади. Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек, одамнинг ақлини ишлатиб оламни обод қиладиган, гўзал хулқи билан элини шод қиладиган даври — ёшлик. Яъни ёшлик шижоати билан эзгу орзуларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш мумкин. Бунинг учун ҳар бир йигит-қиз ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак.

    Президентимиз Ёшлар форумида ҳаммамизни безовта қилаётган айрим муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида тўхталди. “Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани давлат раҳбари сифатида шахсан мени жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган 5 ойда 7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёшлар профилактик ҳисобда тургани ҳам хавотиримиз бежиз эмаслигини кўрсатмоқда”, деди. Жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлардан ниҳоятда ранжиганини баён қилди.

    Мен бир қаламкаш сифатида бу номаъқул ишлар сабабини ёшлар қалбини тарбиялашда йўл қўяётган камчиликларимизда кўрдим. Чунки бола билимли, бироқ қалби бўш бўлса, гўзалликка ошно бўлмаса, уни ҳис қилмаса, мана шундай бекорчи ишларга қўл уради. Шунинг учун ҳам доно халқимиз билиб, кўриб, синаб, “Болам тошбағир бўлмасин, десанг, қўлига дутор тутқаз”, деган.

    Президентимизнинг “Бу борада мени бир нарса чуқур ўйлантиради. Нима учун ёшлар тарбиясига бевосита масъул ва жавобгар бўлган ташкилотлар, ота-оналар, педагогик жамоалар бу масала бўйича тезкор ва принципиал муносабат билдирмаяпти?”, деган фикрлари ҳар бир зиёлининг виждонига мурожаат бўлди, деб ўйлайман.

    Ҳа, лоқайдлик ҳали ҳам бизга панд беряпти. Мамлакатимиздаги ислоҳотларга халал бераётган муаммо ва камчиликларни биргаликда, ўзимиз ҳал қилмасак, ким қилади? Албатта, бажариладиган ишларнинг ташкилий жиҳати муҳим. Шу билан бирга, ҳар ишга илм билан ёндашиш зарурлиги тобора ойдинлашяпти. Ёшларнинг қалбини тарбиялаш иши ҳам илмий, ҳам амалий асосга қурилса, яхши натижа оламиз. Токи ҳар бир йигит-қиз гўзалликни қалбан ҳис қилсин, тушунсин, қадрласин, ардоқласин, бойитсин. Бу эса, мамлакатимизда ёшлар тарбиясида адабиёт ва санъатнинг барча туридан фойдаланиш самарадорлигини оширишни талаб қилади.

    Бугун ёшларни санъат билан тарбиялаш учун илгари бўлмаган кўплаб имкониятлар яратилди. Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбони барпо этилди. Беш муҳим ташаббус оммалаштирилди, мактабларда ижтимоий-маданий тарғиботчи лавозимлари жорий қилинди. Мана шу имкониятлардан илмий асосда фойдаланишни йўлга қўйсак, албатта, аниқ натижаларга эришамиз.

    XXI асрда давлатлар орасидаги рақобатни инсон капитали ҳал қилади. Қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, мутахассислардан ижодий, инновацион фикрлаш талаб этилади. Жаҳон тажрибаси буни тасдиқлаб турибди. Ижодкор тарбиясида адабиёт, санъат ва педагогика синтези асосида юзага келган, дунё таълим тизимларига тобора кенгроқ кириб бораётган артпедагогика асосий восита бўлиб хизмат қилади.

    Бугун юртимизга, халқимизга содиқ, ота-онасига меҳрибон, хулқи гўзал, креатив фикрлайдиган ёшлар керак. Бунга онг ва қалбни уйғун тарбиялаш орқали эришилади. Мен Президентимизнинг биз, ёшларни қўллаб-қувватловидан катта куч олиб, қудратли тўлқин сафида бўлишга қарор қилдим. Бадиий-илмий ва миллий қадриятларимизга асосланган артпедагогиканинг самарали методларини яратиб, янги Ўзбекистон ўғил-қизларини санъатга ошно этиб тарбиялашга, навбатдаги қудратли тўлқиннинг вужудга келишига ўз ҳиссамни қўшаман.

    Мунира РАМАЗОНОВА,

    шоира, илмий тадқиқотчи

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates