Санъат йўлига тушдим — санъат саодатимдир

    Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев лирик хонанда сифатида қўшиқ шайдолари қалбини аллақачон забт этиб улгурган соҳирнафас санъаткор. Унинг “Мен севаман, сен севасанму?” қўшиғини ёд билмаган мухлис бўлмаса керак.

    Шундай қилиб, бугунги суҳбатдошимиз — элимиз севган санъаткор Хайрулла Лутфуллаев.

    Хайрулла Лутфуллаев деган ном бу­гунги замонавий тил билан айтганда, ўзи­га хос брендга айланган. Бу номни шунча йиллар давомида халқимиз орасида гард теккизмасдан тоза ҳолда сақлаб келаётга­нингиз эса ўзига хос масъулият ва меҳнат самарасидир. Санъат орқали номингиз на­фақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга танилди. Шу нуқтаи назардан, дастлабки саволимиз: аслида, санъат сиз учун нима?

    — Санъат нафақат ижод, балки ҳаётим­нинг маънавий маъносидир. Чунки санъат ин­сон қалбини поклайди, юракка қувват беради. Санъат мен учун фақат касб эмас, виждон, масъулият ва умрим мазмунидир. Мен 1968- 1969 йилларда халқимиз орасида қўшиқларим билан танила бошлаганман. Айниқса, ҳамма­нинг ёдида қолган ўша машҳур “Мен севаман, сен севасанму?” қўшиғи мени элга танитган. Шу қўшиқни ижро этганимдан сўнг халқ му­ҳаббати ва эътиборини ҳис қилганман. Шеър матнини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, шоир Пўлат Мў­мин ёзган. Шу қўшиқ орқали биз яхши дўст ва ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. Пўлат ака ҳар гал янги шеър ёзса, “Хайрулла, келиб ўқиб кўр, агар маъқул бўлса, қўшиқ қилиб айт”, дер эди. Йиллар ўтиб, унинг жуда кўп шеърларига куй басталадим. Пўлат ака бир куни қўлимга бир шеърни тутқазиб, “Саҳнага чиқиб, халққа таъ­зим қилганингдан сўнггина шуни қўшиқ қилиб айт”, деди. Шеър қуйидагича бошланар эди:

    Санъат йўлига тушдим — санъат саодатимдир,

    Халқим бахтини куйлаш ҳар кунги одатимдир.

    Ошиқ кулса кулурман, маъшуқ куйса куюрман,

    Бу менга эрмас осон, санъат машаққатимдир.

    Ҳақиқатан, ҳар бир соҳанинг ўзига хос ма­шаққати бор. Санъат ҳам шундай. У осон йўл эмас. Аллоҳ ҳар бир инсонга қайси соҳани буюрган бўлса, ўша соҳада ижод қилади, шу йўлда елиб-югуриб, изланиб, ўқиб-ўрганиб халқ муҳаббатига сазовор бўлади. Мен ҳам санъатдаги бу саодатли йўлга машаққатли йиллар, изланиш, ўқиш ва ўрганишлар орқа­лигина етганман.

    Адашмасам, қарийб 30 йил давомида “Баҳор” ансамблида хонанда сифатида фао­лият юритгансиз. Яъни бу йиллар давомида ансамблнинг дунё кезишида, унинг нуфузи­ни юксалтиришда ҳиссангиз бўлган. Бир пайтлар бўлдики, “Баҳор” ансамблининг мавқеи анча сусайиб кетди. Ҳатто деярли ёддан ҳам чиқиб кетгандек бўлганди. Аммо 2020 йилда Президентимиз қарори билан Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли қайта тикланди. Бу хабар, айниқса, сиз учун қувончли бўлиб, жуда катта таъсир қилган бўлса керак?

    — “Баҳор” ансамблида қарийб 30 йил иш­ладим. Бу жамоа мен учун иккинчи оиламдек азиз бўлган. Ҳақиқатан, йиллар бўлди, ан­самблнинг номи кам эшитиладиган бўлиб қолди. Шу даврда кўча-кўйда, тўй ва концерт­ларда мухлисларим “Хайрулла ака, “Баҳор” ансамблига нима бўлди, нега концерт дас­турлари берилмаяпти? Ахир у ерда Қаҳрамон Дадаев, Маъмура Эргашева каби халқ севган санъаткорлар фаолият юритган-ку”, дея са­вол берарди. Мен эса маҳзун бўлиб, “Худо хоҳласа, яна тикланади, ҳали халқ хизматига қайтамиз”, дердим. Минг шукрки, 2020 йил­да давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ба­ҳор” ансамбли қайта тикланди. Қарор чиққан куни менга телефон қилишди: “Хайрулла ака, тез келинг, муҳим гап бор”, деб. Борсам, санъат соҳасининг бир қанча йирик вакилла­ри йиғилиб ўтирибди. Мени кўриб, қучоқлаб, “Табриклаймиз, Президентимиз қарори билан “Баҳор” ансамбли қайта тикланади энди.

    Давлатимиз раҳбари “Хайрулла ака билан ҳам маслаҳатлашинглар”, деган экан”, дейишди. Ишонасизми, бу сўзларни эшитган дамимдаги ҳис-туйғуларимни ифодалаш қийин. Бир ёқда қарор чиқиши, бир томонда Президентимиз сўзлари. Ўша жараёндаги ҳолатимни таъриф­лаш қийин. Бу мен учун фақат иш жойининг қайта тикланиши эмас, балки ҳаётимнинг қай­тадан маъно топиши эди.

    Аслида, “Баҳор” нафақат ансамбль, балки ўзбек санъатининг байроқдори, миллий юзи­миз эди. Шундан кейин ишлар қизғин бошлан­ди. Ансамблга ҳар ҳафта бориб, маслаҳатлар бердим. Янги мусиқа раҳбарини тайинладик. Мукаррама Турғунбоева саҳналаштирган машҳур рақслар қайта тикланди.

    Қисқа фурсат ичида “Баҳор” ансамбли яна дунёга чиқди. Тожикистон, Озарбайжон, Тур­кия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Ҳин­дистон, Италия каби мамлакатларда чиқиш қилиб, ўзбек рақс ва қўшиқ санъатини намо­йиш этди. Бир вақтлар биз “Баҳор” билан беш­та қитъани кезиб чиққанмиз.

    2024 йилда Президентимиз қўлидан “Ўз­бекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонини олиш­га муяссар бўлдим. Тақдирлаш маросимида сўзга чиқиб, кўнглимда қолиб кетган дил из­ҳорларимни очиқ баён этдим. “Худога шукр, армонга айланаёзган орзумиз амалга ошди”, дедим. Чунки “Баҳор” давлат рақс ансамбли­нинг қайта тиклангани маданий ҳаётимизда улкан воқелик бўлди.

    Сўзларингиздан биляпмизки, “Ба­ҳор” ансамбли ўз даврида Ўзбекистоннинг санъат соҳасидаги ташриф қоғозига ай­ланган. Мана, орадан 5 йил ўтди. Ҳозирги кунда ансамбль фаолияти қандай кечмоқ­да? Илгаригидек дунё саҳналарига чиқиш, юқори нуфузни сақлаб қолиш учун имко­ниятлар етарлими?

    — Албатта, илгариги “Баҳор” билан ҳо­зиргисини таққослашда озгина фарқ бор. Му­каррама Турғунбоева раҳбарлик қилган пайт­ларда ансамблда 45 нафар раққоса қиз, 25-30 созанда бор эди. Бугунги кунда раққоса ва созандалар сони унчалик кўп эмас, аммо ҳам­маси қобилиятли ва меҳнатсевар. Ҳозир ҳам “Баҳор” кичикроқ таркибда бўлса-да, чет эл сафарларига чиқиб, ўзбек санъатини намойиш этиб келаётгани қувончли. Агар ўша даврдаги каби тўлиқ таркиб, имконият ва шарт-шароит­лар яратилса, мен ишонаманки, ансамбль яна дунё саҳналарини забт этади. Чунки бу жамоа миллий руҳи, рақс ва куйларининг ноёб жи­ҳатлари билан ажралиб туради.

    Сиз “Баҳор” ансамблига Қаҳрамон Дадаев ва Бахтиёр Йўлдошев тавсияси би­лан киргансиз. Ўша даврда устоз-шогирд анъаналари ҳам кучли бўлган. Ҳозир-чи? Бугунги кунда ҳам бу анъана давом этмоқ­дами? Ёшлардан етук санъаткорлар дара­жасидаги шогирдлар етишиб чиқяптими?

    — Президентимиз томонидан санъат ва маданият соҳасига жуда катта эътибор қарати­либ, кенг имкониятлар берилмоқда. Бунинг са­мараси ўлароқ, ота-оналарнинг ўғлим ёки қи­зим улуғ санъаткорларга ўхшасин деган эзгу ниятлари туфайли ҳам бугун Ўзбекистон дав­лат санъат ва маданият институтида кўп иқти­дорли ёшлар таҳсил олмоқда. Институтимизда халқ артистлари, хизмат кўрсатган ҳофизлар, таниқли педагоглар талабаларга дарс бериб келмоқда. Улар орасидан аллақачон давлат мукофотларини олган, кўзга кўринган шо­гирдлар етишиб чиқди. Аммо бунинг асосида битта нарса ётади, яъни талабанинг иштиёқи. Агар санъат соҳасига қадам қўяётган ёшлар­да бўлажак касбига қизиқиш, интилиш бўлса, уларга сабоқ бераётган устози ҳам чарчамай­ди. Айрим шогирдлар шундай иштиёқ билан келадики, ҳатто дарси бўлмаган пайтда ҳам кириб: “Устоз, мен бўш эдим, илтимос, мени эшитиб кўринг”, дейди. Бу — чин маънодаги чанқоқлик. Ҳозирги ёшлар шундай истеъдод­ли. Уларга яратилаётган имкониятлар катта. Ижтимоий тармоқлар, онлайн платформалар, замонавий студиялар — барчаси бисёр. Шу боис, айтиш мумкинки, бугунги иқтидорли ав­лод эртанги санъатнинг ёруғ юзи бўлади.

    Хусусан, давлатимиз раҳбарининг санъ­атга эътибор ва ғамхўрлигини битта “Баҳор” ансамблига эмас, балки бутун соҳамизга, барча йўналишларга нисбатан кўриш мум­кин. Масалан, “Мақом” ансамбли тиклани­ши, Зоминда ўтказилган мақом фестивали, “Дурдона” ёки бахшичилик фестиваллари — буларнинг барчаси миллий санъатимизга эҳ­тиромнинг ёрқин намунасидир. Бахшичилик анъанаси анча вақт орқада қолган эди, аммо бугун санъатнинг бу йўналиши ҳам яна юк­сак саҳнага чиқди. Ҳозир бутун дунёдан келаётган сайёҳлар Хивада, Самарқандда, Бухорода фольклор ва бахшичилик санъа­тини завқ ва ҳаяжон билан томоша қиляпти. Улар санъат орқали ўзбек халқининг қалби­ни, руҳини ҳис этяпти. Бу биз учун ғурур ва ифтихор. Ўзбек миллатининг бой мадания­ти, санъати дунёга танилаётгани жуда гўзал жараён.

    Санъатимизнинг турли йўналишла­рини тилга олдингиз: қўшиқчилик, рақс, мақом, бахшичилик, фольклор… Чет дав­латларда ўзбек санъатининг айнан қайси йўналишлари ёки қайси турлари кўпроқ қадрланиши, қизиқиш уйғотишини кузат­гансиз?

    — Мен, албатта, “Баҳор” ансамблини тилга олишим мумкин, чунки бу жой мен учун муқаддас мактаб. Шу билан бирга, фольклор ва бахшичилик санъатига чет элда жуда катта қизиқиш бор. Чунки уларнинг маданиятида бундай бой, табиий ва қалбдан чиққан ижро йўқ. Биздаги бахшиларнинг дутори, фольклор қўшиқларининг сами­мийлиги улар учун сирли ва жозибали. Ма­салан, биз хорижга борган пайтларимизда уларнинг миллий куй-қўшиқларини ҳам ўр­ганиб, ўзларига ижро этиб берган пайтлари­миз кўп бўлган. Улар ҳайрат билан, юракдан қарсак чалган.

    Ўзбек санъатининг ҳар бир йўналиши ўзи­га хос. Қўшиқ, рақс, соз — буларнинг ҳар бири қалбга таъсир қилади. Очиқ айтишим мумкин­ки, биздаги каби мукаммал ва жозибали санъ­ат бошқа давлатда йўқ. Мен кўп мамлакатлар­да бўлиб, катта саҳналарда қўшиқ айтганман. Ҳаммасига ҳурмат билан қарайман, аммо бизнинг танбуримиздаги куйни, дуторнинг икки симидан чиққан титроқни улар ижро эта олмайди. Шу икки сим инсон қалбини ҳам ҳаяжонга, ҳам қувончга, ҳам ларзага солади. Шунинг учун қаерга бормайин, ўзбек санъати билан фахрланаман, шу элнинг фарзанди, шу мактабнинг шогирдиман деб ғурурланаман.

    Санъат аҳли кўнгли жуда нозик ин­сонлар. Кўп йиллик саҳнадаги фаолиятин­гизда сизни таъсирлантирган, ҳаётингизда жуда катта бурилишлар ясаган воқеалар ҳам бўлганми? Шулар ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритсангиз.

    — Албатта, бўлган. Аслида, оиламиз ко­сиблик билан шуғулланган. Тўртта амаким бор эди, дадам раҳматли оиланинг тўнғичи бўлган. Улар махси, кавуш, этик тикарди. Биз Файзулла амаким билан битта ҳовлида турардик. Қолганлари бошқа жойда яшарди. Амакиларимнинг санъатга ишқибозлиги жуда кучли бўлган. Лекин ҳаммаси мадрасада ўқи­ган. Қуръонни ёддан билган. Отамнинг исми Асадулла эди. Қуръонни овоз чиқариб, чирой­ли қироат билан ўқирди. Ҳар куни қўшнилар эшик олдида “Асад ака Қуръон ўқияпти”, деб эшитиб турарди. Шу овозлар болалигимдан қалбимга ўрнашиб қолган.

    Онамнинг алласи ҳам мен учун илк мусиқа бўлган дейиш мумкин. Онам синглимни бе­шикка ётқизиб, алла айтарди. Мен эса ўйнаёт­ган ўйинимни ҳам ташлаб, онамнинг алласи­ни эшитиб ўтирардим. Ана шу “алла-ё, алла” деган овозлар юрагимга шундай сингганки, мендаги санъатга муҳаббат онамнинг овози­дан, она сутидан ўтган, десам янглишмайман.

    Ёшлигимда Файзулла амаким хиргойи қи­либ, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзов каби буюк ҳофизлар қўшиқларини айтар эди. У пайтларда ҳар бир хонадонда симли радио бўлар ва доим ёниқ турарди. Мен ўша овозларни эшитиб улғай­ганман. Маҳалламизда отамнинг яқин қарин­доши, Ўзбекистон халқ ҳофизи Муҳаммад­жон Каримов истиқомат қиларди. Овози жуда ширин, қўшиқлари кўнгилга ором бағишлар­ди. Маҳалладаги ҳамма тўйларни у ўтказар­ди. Тўйда болалар югуриб, ўйнаб юрса, мен унинг қўшиқларини тинглаб, ёдлаб, ўрганиб ўтирардим. Санъатга муҳаббатим уч томондан ўтган — онамнинг алласидан, отамнинг қи­роати ва маҳалламдаги улуғ санъаткорлар на­фасидан. Шунинг учун шу йўлни танладим. Бу йўл менинг ҳам машаққатли, ҳам шарафли тақдиримга айланди.

    Демак, сиз севиб ижро этган қўшиқ­лардаги нолалар ва сеҳрли сўзларнинг ман­баи айнан шу ҳароратли муҳит экан-да?

    — Айнан шундай! Энди “Баҳор” ансамбли­га киришим ҳақида ҳам айтишим лозим. Мен пойтахтимизнинг Савон кўчасида, Қўштутда туғилиб ўсганман. Эски Жўвада Охунбобоев номидаги маданият уйи бўларди, кейинчалик Тошкент шаҳри маданият уйи бўлди. Мен ўша ерда ишлаганман ва концертмейстер бўлиб хизмат қилганман.

    Устоз-шогирд анъанаси ҳақида хотираларингиз...

    — Яшаб турган ҳовлимиздан сал тепароқ­да Бахтиёр Йўлдошев деган жуда чиройли, келишган йигит яшарди. У “Баҳор” ансамбли очилган пайтдан бошлаб ҳам хонанда, ҳам со­занда бўлиб ишлаган. Соз чалишимни кўриб қолиб, “Хайрулла, рубобни зўр чаларкансан, ашула ҳам айтасанми?” деб сўраган. “Ҳа, ай­таман”, деганман ва “Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройли, Шўхи паризоддан раф­торингиз чиройли”, деб айтиладиган қўшиқни ижро этиб берганман. Қизиғи шундаки, бу Бах­тиёр аканинг энг машҳур қўшиқларидан бири бўлган. Кейин Фахриддин Умаров қўшиқлари­ни айта бошладим. Шундан сўнг у мени тўй, тантана ва концертларга олиб борадиган бўлди.

    Қаҳрамон Дадаев билан муносаба­тингиз қандай бўлган?

    — Қаҳрамон ака яқин қариндошимиз эди, уларнинг уйига бориб, бирга вақт ўтказардик. Мен қўшиқ айтардим. “Ўқишингни битиргин, “Баҳор” ансамблига олиб бораман, сенинг жойинг ўша ерда”, дерди. Кўрдингизми, мана шундай устозлар турткиси, қўл­лови билан тўғри йўлни танлаганман. Демак, устозлар меҳнатисиз бирор натижага эришиш қийин. Бизга баъ­зан “Устозлар шогирд танлайдими ё шогирд устоз танлайдими?” деб са­вол беришарди. Мен бунга шундай жавоб бераман: униси ҳам бўлади, буниси ҳам. Устозлар шогирдининг яхши бўлишига кўзи етса, уни танлаб олади. Ёки шогирд “Шу устоздан бир нарса ўрганаман, устозимга ўхшайман”, деб астойдил ният билан ҳаракат қилса, у ҳам ўхшаб кетади.

    Санъат билан бирга ёшлигингиз­да спорт билан ҳам жиддий шуғулланган экансиз.

    — Ёшлигимда турли соҳаларга қизиқиб кўрганман. Спорт ҳам, айниқса, футбол шу­лардан бири эди. Масалан, Эркин Абдураи­мов билан “Спартак” стадионида бирга коп­ток тепганмиз. Мактаб терма жамоасида ҳам ўйнаганман. Кейин болалар спорт мактабига бордим. Ёдгор Саъдиев каби тенгдошлар би­лан бирга машқ қилардик.

    Демак, спортдаги ўша шижоатингиз­ни бор кучингиз билан санъатга бағишла­гансиз?

    — Ҳа, шундай бўлди. Бирданига машҳур бўлиб кетдим. Телевидениеда “Огонёк” дас­турида чиқиб, “Мен севаман, сен севасанму?” қўшиғини ижро этдим. Шу кундан бошлаб спортга қайтишга имконим қолмади, чунки санъат ва кинодан таклифлар кела бошлади. Худога шукр, бахтим санъатдан экан деб шу йўлни давом эттириб келяпман.

    Ўша “Огонёк”даги илк чиқишингиз ҳам қизиқ жараён бўлган экан…

    — Ҳа, эсласам, ҳалигача кўз олдимда. Телевизорда “Огонёк”да чиқасан дейишди. “Нимани айтаман?” деб ўйлаб қолдим. “Бит­та қўшиғим бор, шуни эшитиб кўринглар”, дедим катта-катта санъаткорлардан таркиб топган кенгашга. “Қани, айт-чи, эшитайлик”, дейишди. Шунда “Мен севаман”ни айтдим. Улар “Ие, зўр-ку, мана шуни айтасан”, деди. Шу кечаси жонли эфирда “Мен севаман” кет­ди. Эртасига ўқишга кетаётсам, автобусда, кў­чада, одамлар — “Кеча “Мен севаман” деган қўшиқни шу йигит айтди-ку”, деб гапиришар­ди. Шундан кейин киноларга, концертларга таклифлар кела бошлади. Ўша дамда “Демак, менинг бахтим шунда экан”, деб ўйладим. Ху­дога шукр, шу бахтни ҳозиргача асраб келяп­ман.

    Спортдаги жонкуярлик ва саҳнадаги меҳр, иккаласи ҳам сизда бор. Шу сабабли қўшиқларингизда ҳаёт, шижоат ва сами­мият сезилади.

    — Раҳмат. Шу муҳаббат халқимизга ҳам етиб борсин, илоҳим. Ахир спортчи шиддат­ли, интизомли бўлиши керак. Қиламан деган ишини охиригача қилиши зарур. Бу одат мен­да спортдан қолган. Чунки у ерда ҳам, санъат­да ҳам меҳнатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Мусиқа билим юртида ўқиган пайтларимда Тельман парки ёнида турардим. Эрталаб соат бешда туриб, рубобимни олиб бориб, бўш аудитория топиб машқ қилардим. Икки-уч соат тинмай чалардим. Кейин соат 8 да дарсларимиз бош­ланарди. Ҳар бир кунимда шундай интизом бор эди. Бу машаққат эмас, бу — меҳнатдан завқ олиш. Машқ қиласиз, сўнг ўша ижрони кимгадир чалиб ёки айтиб берсангиз, “Ҳа, зўр!” деган сўзни эшитсангиз, ана шунда ин­соннинг ичида қандайдир илиқ туйғу пайдо бўлади, хурсандлик, илҳом ва яна шу меҳнатга қайтиш, янада яхшироқ қилиш истаги...

    Инсондаги шижоат, меҳнатга муҳаб­бат уни доимо илгарилатади. Сиз нафақат қўшиқчиликда, балки кино соҳасида ҳам фаол бўлгансиз. Бир нарса қизиқ: сиз ки­нога ўз хоҳишингиз билан кирганмисиз ёки машҳурлигингиз туфайли сизни синаб кў­ришганми?

    — Кейингиси тўғрироқ. Лекин менда саҳ­нага, актёрликка қизиқиш анча илгари бош­ланган. Мактабда адабий тўгарак бўларди, шунда Алишер Навоий ролини ижро этган­ман. Ўшанданоқ менда саҳнага бўлган иштиёқ кучайганди. Ҳамза театрига яқин ерда яшар­дик, у ерда Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева каби буюкларни кўп кўрганман. Уларга маҳлиё бўлиб, “Нега мен ҳам шундай бўлолмайман?” деб ўзимга савол берган пайт­ларим кўп бўлган. Шу илҳом менда орзуни, иштиёқни кучайтирган.

    Кинога қадам қўйишингиз қандай бошланган?

    — Бу 1970-йиллар эди. Ўшанда консер­ваториянинг биринчи курсида ўқирдим. Бир куни бир одам келди-да, “Хайрулла, сизга таклиф бор. Учқун Назаров “Шиддат” деган фильм оляпти, сизни киносиновга чақиришяп­ти”, деди. Вақтим жуда тиғиз эди, концертлар, тўйлар, студия ишлари, шу боис, “Вақтим йўқ, боролмайман”, дедим. Аммо ўшанда Муҳсин Алиев қаттиқ туриб, “Йўқ, боргин. Бу умрингда битта келадиган имконият, сенга фойда беради”, деди. Киносиновда мен би­лан бирга Тўғон Режаметов ва Ёқуб Аҳмедов ҳам қатнашганди. Уч кишининг ичида мени танлашди. Сўраганимда, “Сизда жиддийлик, қаҳрамон ролига мос юз тузилишингиз бор”, дейишди. Шу тарзда кинога кириб келганман.

    Устоз, тиғиз вақтингизга қарамай, бизга вақт ажратиб, суҳбатга рози бўлганин­гиз учун сиздан миннатдормиз. Самимий ва дилдан қилинган суҳбат учун ташаккур айтиш баробарида “Янги Ўзбекистон” газе­таси таҳририятига ва мухлисларингизга ай­тар дил сўзларингиз бўлса, марҳамат.

    — Мен деярли барча газеталарни имкон қадар ўқиб бораман. Айниқса, “Янги Ўзбе­кистон” газетасининг ҳар бир сонини доимо кузатаман. Тезкорлиги, дизайни билан бошқа нашрлардан ажралиб туради. Халқимизнинг яхши кунларини, эришаётган ютуқларини, ян­гилик ва хабарларини изчиллик билан етказиб беришда камарбаста бўлаётган таҳририят жа­моангизга куч-қувват тилайман!

    Абу Бакир ЎРОЗОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates