Саноат тараққиёти сари яна бир ишончли қадам

    Тошкентда МДҲ давлатларининг ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг XXIV сессияси ўтказилди. Сессияда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия делегациялари қатнашди.

    Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси фойдали қазилмалар конлари жойлашган чегараолди ҳудудларни биргаликда геологик ўрганиш, шунингдек қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари билан 1: 1000000 масштабдаги умумлашма геологик хариталарини тузиш ва ер пўстининг йирик блокларини минералогик потенциалини баҳолаш ишларида қатнашмоқда.

    Ҳукуматлараро кенгаш ўз фаолиятини 5 йиллик Истиқбол режаси бўйича амалга оширмоқда. Бунда ер қаърини геологик ўрганиш, мамлакатлар минерал-хом ашё базаларини тўлдириш, сифат жиҳатдан яхшилашга доир муайян лойиҳалар ва ҳамкорликдаги дастурларни амалга ошириш, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари, истиқболли лойиҳавий ва тажриба-конструкторлик ишланмаларни аниқлаш ишлари акс этади.

    Режаланган ишлар бир шаклга келтирилган маълумотлар базаси асосида ҳудуднинг ягона геологик-картографик асоси яратилишини таъминлайди, бу эса фойдали қазилмалар уюмларини прогноз қилишнинг ишончлилигини ошириш учун зарур бўлиб, излаш ишларини олиб бориш чоғидаги таваккалчиликларни камайтиради.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилган бўлиб, улар МДҲ Ҳукуматлараро кенгашининг 2021-2025 йилларга доир режасига киритилган.

    Жумладан, Марказий Осиё ҳудудининг 1:200000 масштабдаги хариталар қисмлари мавжуд бўлган 1:1000000 масштабдаги умумлашма ва ихтисослаштирилган геологик хариталарни тузиш, Стратиграфик, тектоник, петрографик ва лаборатория-аналитик тадқиқотлар бўйича тажриба алмашиш ва ишларни мувофиқлаштириш, Изотопли геохронология асосида Марказий Осиё бурмаланиш камарининг томезозой метаморфик ва магматик комплексларини корреляциялаш ишларини ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган.

    Ушбу ташаббус турли геологик мактабларда тажриба ва янги тадқиқот ютуқлари билан алмашинишга, фундаментал ва амалий фанлар соҳасида мутахассислар ўртасида узвий алоқалар ўрнатилишига, муваффақиятли лойиҳаларни мослаштиришга ва умуман олганда истиқболда янги геологик объектларни аниқланишига ёрдам беради.