Саноатни геологиясиз ривожлантириб бўлмайди

    2018 йил 26 декабрда ҳар йил апрель ойининг биринчи якшанбасини геология соҳаси ходимлари куни, деб белгилаш тўғрисида қонун қабул қилинди.

    Мамлакатимизда сўнгги йилларда геология соҳаси ва фани ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 2018 йил 26 декабрда ҳар йил апрель ойининг биринчи якшанбасини геология соҳаси ходимлари куни, деб белгилаш тўғрисида қонун қабул қилинди. Президентимизнинг 2020 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида 4 та асосий фан қаторида геологияни ҳам тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. 2020 йил 6 июнда “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чоратадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ўша йилнинг ноябрида эса “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвони таъсис этилди.

    Давлатимиз раҳбари 2020 йил 31 январда пойтахтимизнинг Олимлар кўчасида жойлашган Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтига ташриф буюриб, илмий ходимлар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлашди. Суҳбат асносида “Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳиятни сақлаб қололмадик. Олимларга йўналиш, рағбат бўлмади. Замонавий кадр лар етишиб чиқмади. Аслида геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак. Ташхиссиз беморни операция қилиб бўлмаганидек, геологиясиз саноатни ривож лантириб бўлмайди. Биз бугун шу соҳа ривожига асос бўладиган илм даргоҳига пойдевор қўймоқдамиз”, дея алоҳида таъкидлади.

    Геология соҳасининг асосий вазифаси ер ости фойдали қазилмаларини қидириш, топиш ва ишлаб чиқаришга жалб этишдан иборат. У мамлакат иқтисодиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш, давлатнинг минерал-хомашё, уни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондирувчи асосий бўғинлардан бири саналади.

    Мамлакатимизнинг Фарғона, Чодак, Ангрен, Олмалиқ, Маржонбулоқ, Навоий, Зарафшон, Зафаробод, Газғон, Учқудуқ, Хонжиза, Газли, Муборак, Қоровулбозор, Кўкдумалоқ каби кўркам шаҳар ва қўрғонлари геологларимиз қидириб топган ер ости бойликларини ўзлаштириш натижасида барпо этилган ва ривожланган.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мамлакатимиз минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш, фойдали қазилмалардан фойдаланиш, ер қаърини ўрганиш ва муҳофаза қилиш ҳамда кончилик муносабатларини назорат қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритувчи ваколатли орган ҳисобланади. Қўмита тасарруфидаги 12 та ишлаб чиқариш корхонаси, университет ва 4 та илмий-тадқиқот институтида жами 14 минг нафарга яқин ишчи ва хизматчи фаолият кўрсатади. Қўмита фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳага фан ютуқлари, замонавий технология ва ишлаб чиқаришнинг илғор усулларини қўллаш мақсадида хориждан тажрибали мутахассислар жалб этилган. Геологик қидирув ишлари Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, Франциядаги “ORANO”, Япониядаги “JOGMEC”, Туркиядаги “МТА” каби чет эл компаниялари буюртмалари асосида, асосан, Давлат бюджети, қисман ер қаъридан фойдаланувчи маҳаллий ва чет эл корхоналари маб лағлари ҳисобидан амалга оширилади. Давлат бюджети ҳисобидан бажариладиган геологик қидирув ишлари давлат дас турлари доирасида бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, жозибадор инвестиция жалб қиладиган янги конларни қидириб топиш ва ўзлаштиришга йўналтирилган. Геологик қидирув ишлари натижасида аниқланган фойдали қазилма конлари тегишли тартибда ер қаъридан фойдаланувчи “Ўзбекнефтгаз” МХК, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АК, хорижий инвесторлар ва хусусий тадбиркорларга ўзлаштириш учун тақдим этилади. Шунинг ҳисобидан давлат бюджетига солиқ тушими кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади. Масалан, 2019 йилда фойдали қазилмалар ва ер қаъридан фойдаланганлик учун тўланган солиқ кўринишидаги даромадлар 10,6 триллион сўмга етди. Бу эса мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (511,8 триллион сўм)нинг 2,07 фоизини ташкил этди (2018 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп). 2021 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқлар суммаси 12 триллион сўмдан ошиши кутилмоқда.

    Бугунги кунда геологик-қидирув ишлари ва фойдали қазилма конларини ўзлаштиришга хорижий ва маҳаллий инвесторлар маблағлари кенг жалб этилаётгани ҳисобга олинса, ушбу турдаги солиқ тушумлари янада ошиши шубҳасиз.

    Геология қидирув ишлари айни пайтда, асосан, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Ўзбекнефтегаз” АЖ каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратиляпти. Гидрогеология йўналишида олиб борилаётган геологик-қидирув ишлари эса республикамиз аҳолиси ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашга йўналтирилган. Бошқа турдаги фойдали қазилмалар (вольфрам, тантал, ниобий, бериллий, никель, кобальт, камёб ер элементлари, кварц, базальт, фосфорит ва бошқалар)ни ўрганиш ва қидириш ишлари янги турдаги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш ва мамлакатимизга инвестиция жалб қилишга имкон яратади.

    2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, 1604 та кон ҳисобга олинган бўлиб, унинг 1032 таси қурилиш материаллари , 277 таси углеводородлар, 102 таси қимматбаҳо металлар, 71 таси тоғ-кон хомашёси, 39 таси радиоактив металлар, 35 таси тоғ-кимё хомашёси, 24 таси рангли тошлар, 12 таси рангли ва камёб металлар, 7 таси кўмир ва ёнувчи сланецлар ва 5 таси қора металлардан иборат.

    Сўнгги 4 йил ичида давлат балансидаги фойдали қазилмалар захиралари сезиларли даражада ўсди. Жумладан, олтин захиралари — 336,3 тоннага, уран — 20,6 минг тонна, мис — 468,5 минг тонна, вольфрам — 26,5 минг тонна, кумуш — 1110 тонна, қўрғошин — 95,4 минг тонна, рух — 100,8 минг тоннага кўпайди.

    Республикамизда фаолият кўрсатаётган тоғ-кон саноати корхоналари айни пайтда узоқ келажакка етадиган минерал-хома шё базаси билан таъминланган. “Олмалиқ КМК” АЖ балансидаги мис, молибден, олтин ва кумуш маъдан захиралари, қўрғошин ва рух ҳамда “Навоий КМК” АЖ балансидаги олтин маъдан захиралари камида 50 йил, уран захиралари 20 йил, “Ўзбекнефтгаз” АЖ балансидаги газ ва конденсат захиралари эса 40 йилдан кўпга етади. Бундан ташқари, Ангрен ва бошқа кўмир қазиб олиш ташкилотлари, Қизилқум фосфорит фабрикаси, Қўнғирот сода заводи, Тюбекотан калийли ўғит ишлаб чиқариш корхонаси, Хўжаикон ва бошқа ош тузи ишлаб чиқарадиган корхоналар, цемент ишлаб чиқарадиган катта ва кичик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам узоқ йилларга етадиган хомашё базаси билан таъминланган.

    Бугунги кунда номаъдан фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудудларда кўплаб норуда қазилма бойликларини қайта ишловчи катта ва кичик тадбиркорлик корхоналари барпо этиляпти. Масалан, республикамиз бўйича 790 та конда лицензия асосида 1874 тадбиркор норуда қазилма конларини ўзлаштириш, 1724 та лицензия асосида янги конлар очиш ва уларни қазиб олишга тайёрлаш учун геология қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу борада Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари тадбиркорлари етакчилик қиляпти. Пировардида ушбу вилоятларда янги иш ўринлари ташкил этиляпти, ҳудудлар иқтисодиёти сезиларли даражада ривожланяпти.

    Республикамиз олтин, уран, мис, минерал ўғитлар захиралари миқдори ва уларни қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Айни пайтда ишлаб чиқаришни кўпайтириш натижасида мамлакатимизга инвестициялар жалб қилишга замин тайёрланди. Бундан ташқари, 7 та вольфрам, 2 та кумуш, 2 та қўрғошин ва рух, 3 та темир, 2 та ёнувчи сланцлар, 3 та фосфорит конлари мавжуд бўлиб, уларни ўзлаштиришга инвестиция жалб қилиш учун халқаро стандартлар даражасида зарур техник-иқтисодий асос ва геология-технологик ишлар амалга оширилмоқда.

    Кейинги пайтда ишлаб чиқариш ва илмий изланишларга жалб қилинган асбобуск уна ҳамда техник жиҳозлар эскириб, деярли яроқсиз даражага келиб қолган эди. Сўнгги йиллар давомида Президентимиз ташаббуси билан геология соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, соҳанинг 56 фоиз моддий- техник базаси модернизация қилинди. 2018-2020 йиллар мобайнида 70 хилдан ортиқ замонавий асбоб-ускуна ва лаборатория жиҳозлари харид қилинди. 2021 йилда яна 19 турдаги 104 та замонавий техника ва ускуналар харид қилиниши режалаштирилган.

    Айни пайтда геология қидирув ишларида Boart Longyear (АҚШ), Fordia (Канада), Atlas Copco (Швеция), Hanjin D&B Equipments ва бошқа дунёдаги етакчи компанияларнинг бурғулаш ускуналаридан фойдаланиляпти. Ушбу бурғулаш ускуналари иш самарадорлиги ойига 8001000 метрни ташкил этмоқда. Бурғулаш қудуқларидан олинаётган кернлар замонавий о мборхоналарда халқаро стандартлар асосида сақланиб, ишлаб чиқаришга жорий этиляпти.

    Шунингдек, тоғ жинсларидан олинган намуналар кимёвий таркибини дала шароитида аниқлаш ва саралаш имконини берадиган Innov-X, Horiba SLFA-2100/2800, X-MET8000 ҳамда бошқа кўчма рентгенофлуоресцент анализаторлардан фойдаланилмоқда.

    Бундан ташқари, Президентимиз таклифи асосида соҳанинг бугунги ҳолатини чуқур ўрганиш, уни замонавий даражага олиб чиқиш, жаҳон талабларига мослаштириш бўйича “USGS” (АҚШ) геологик хизмати, “Воston Consulting Group” халқаро консалтинг компанияси каби нуфузли хорижий ташкилотларнинг малакали мутахассислари фикри инобатга олинган ҳолда, янгича ёндашув асосида республикамизнинг 2021 йилги Минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури ишлаб чиқилди.

    Дастурнинг асосий йўналишлари, молияв ий манбалари, ижрочилари ва муддати аниқ белгиланган. Дастурда саноатбоп ва талабгир қазилма бойликларига эга янги конларни қидириб топиш, ўзлаштиришга тайёрлаш, кам ўрганилган ҳамда чўкинди тоғ жинслари билан қопланган ҳудудларда геологик хариталаш, махсус излаш ишларини кенгайтириш асосий йўналиш сифатида танланган. Ушбу ишлар масофадан зондлаш, аэрогеофизик, геокимёвий услубл арни кенг қўллаш, олинган геологик намуналарни замонавий лабораторияларда комплекс ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

    Дастурда давлат геология фонди ва ташкилот фондларида сақланаётган барча ҳисобот ва маълумотларни тўлиқ рақамлаштиришга эришиш, республика ҳудудининг майда ва ўрта ўлчамдаги янги авлод геологик мазмундаги интерактив хариталарини яратиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш, биринчи навбатда, қимматбаҳо, рангли ва камёб металлар, уран, ер ости сувлари, нефть ва газ йўналиш ларида геология-қидирув ишларини олиб боришда илғор технологияларни кенг қўллаш, уларнинг захиралари ва башоратли ресурсларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

    Дала шароитида меҳнат қилаётган ходимларга ишлаш ва яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, дала геология қидирув ишлари сифати ва самарадорлигини халқаро талаблар даражасига кўтариш — асосий вазифаларимиз сирасига киради.

    2020 йил мобайнида соҳа ишчи-ходимларини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб яшаш ва дам олиш шароитини яратиш мақсадида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида 64 та замонавий уй қурилиб, янги Геологлар қўрғончаси барпо этилди. Ва бу уйлар, асосан, ёш геологларга берилди.

    Бугунги кунда соҳада кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Давлат геология қўмитаси тасарруфида Геология фанлари университети ташкил этилди, 4 та илмий-текшириш институти унинг таркибига киритилди. Ҳозирги кунда ушбу ўқув ва илмий-текшириш муассасалари учун янги бино — йирик компус қуриш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Қурилиш ишлари жорий йил август ойида якунланиб, янги ўқув йилида тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

    Давлат геология қўмитаси илмий-текшириш институтлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унда фаолият юритаётган ходимлар илмий потенциалини ошириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқариш жараёни билан боғлаш, энг асосийси, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида чора-тадбирлар белгиланган.

    Давлатимиз томонидан соҳага берилаётган юксак эътибор биз, геологлар зиммасига катта масъулият юклайди, ватанимиз равнақи, иқтисодиёт негизи бўлган минерал хомашё базасини янада бойитиш учун шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.

    Бобир ИСЛАМОВ,

    Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates