Саратонда соябон оромгоҳлар

    Шу кеча-кундузда Термиз шаҳридаги “Aмударё” болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқараётган 194 нафар ўғил-қизнинг 30 нафардан ортиғи кам таъминланган ва камбағал оилаларнинг фарзандлари.

    Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда воҳанинг Узун, Сариосиё, Олтинсой, Шеробод туманлари ҳамда Термиз шаҳрида “Сардор Парвин”, “Хонжиза”, “Мироб”, “Вахшивор”, “Нефтчи”, “Бешбулоқ Сурхон Шеробод”, Холмуҳаммад Қулниёзов номидаги, “Вандоб олтин булоғи”, “Aмударё” каби тўққизта болалар оромгоҳи фаолият кўрсатяпти.

    Биринчи босқичда уларда 1 минг 674 нафар ўғил-қиз карантин талабларига амал қилган ҳолда ҳордиқ чиқаряпти. Оромгоҳлар август ойининг ўрталаригача фаолиятини давом эттиради. Стационар турдаги бу оромгоҳларда беш босқичда 6 минг 200 нафар ўғил-қизни дам олдириш режалаштирилган.

    Болаларнинг ёзги дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш бўйича вилоятда ташкил қилинган мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари ҳомий ташкилотлар, болалар оромгоҳлари раҳбарлари ҳамда мутасаддилар билан ҳамкорликда тоғли ҳудудлардаги оромгоҳларга элтадиган йўлларни таъмирлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, тоғ йўлларида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларни тартибга келтириш ва мавсумга шайлашга алоҳида эътибор қаратди.

    Ҳар бир оромгоҳ болалар сонига қараб қадоқланган сув, антисептик воситалар, тиббиёт буюмлари ва дори-дармон билан таъминланган. Оромгоҳларга йўлланма тўловининг асосий қисми касаба уюшмалари ва ота-оналар ишлаб турган корхона, ташкилот, муассаса маблағи ҳисобидан қопланмоқда. “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари оромгоҳларда дам олиши учун бериладиган йўлланмалар тўлови ҳомий ташкилотлар зиммасида.

    Маълумотларга кўра, шу кеча-кундузда Термиз шаҳридаги “Aмударё” болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқараётган 194 нафар ўғил-қизнинг 30 нафардан ортиғи кам таъминланган ва камбағал оилаларнинг фарзандлари.

    Узун туманидаги Холмуҳаммад Қулниёзов номидаги оромгоҳ ҳам болаларга намунали хизмат кўрсатяпти. Атрофи азим чинорлар билан ўралган масканга қадам қўйишингиз билан озодаликни кўриб, баҳри дилингиз очилади. Кириш жойида бир зум тўхтаб, панноларда ёзилган ҳикматларни ўқишга ўзингизда мажбурият ҳис этасиз. Ҳовлига киришингизданоқ анвойи гуллар диққатингизни тортса, буюк сиймоларнинг суратлари ва ҳикматлари қизиқишингизни яна ҳам оширади. Болаларнинг шўх-шодон қийқириғи беғубор онларингизни эсга солгандек бўлади.

    Болалар дам олиш оромгоҳи директори, тажрибали педагог Ҳикматулла Шоймардонов бу мавсум оромгоҳ ҳудудида бажарилган ишлар билан таништиради. Директорнинг айтишича, оромгоҳ чодирлари ҳар мавсум жамоа кўмаги билан жорий таъмирланади. Бу мавсум ҳам Узун тумани халқ таълими бўлими ҳомийлигида оромгоҳнинг павильон ва ётоқ бўлмалари сифатли таъмирланди. Зарур ашёлар янгиланди.

    — Ушбу мавсум болалар беш босқичда дам олишини режалаштирганмиз, — дейди Ҳикматулла Шоймардонов. — Биринчи босқичда Сариосиё, Узун, Денов туманлари ҳамда Термиз шаҳридан келган 140 нафар ўғил-қиз ҳордиқ чиқаряпти.

    Оромгоҳда ҳар бир тадбир олдиндан ишлаб чиқилган режа асосида ўтказилмоқда. Турли тадбирлар ва кўнгилочар ўйинлар Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусга асосан тайёрланиб, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбияга кенг жалб қилиш, ўғил-қизлар маънавиятини ошириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда китобхонликни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

    Туман халқ таълими бўлими ҳузуридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби томонидан ажратилган коптоклар ва бошқа спорт жиҳозлари беллашувларнинг қизиқарли ўтишида асқатяпти. Спорт майдончаларида эрталабки бадантарбия машқлари, волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси, югуриш мусобақалари ўтказиляпти. Кун давомида “Қувноқ бекатлар”, “Иншолар танлови”, “Энг моҳир китобхон”, “Aсфальтга расм чизиш” танловлари, “Дунё манзараси”, “Жонли шахмат”, “Жуманжи” каби беллашув ҳамда интерактив ўйинлар ташкил қилинмоқда.

    — Ўтган йили пандемия туфайли оромгоҳларда мириқиб дам олиш имкони бўлмади. Тоғлар бағрида, шарқираб оқаётган сойлар атрофида ва соя-салқин масканларда жойлашган оромгоҳларда тенгдошларим билан ўйнашни жуда соғиндим, — дейди Денов туманидаги 36-мактаб ўқувчиси Беҳрўз Саидов. — Ўртоқларим билан маза қилиб ҳордиқ чиқаряпмиз. Оромгоҳда қўшни туманлардан келган болалар билан дўстлашдик.

    Денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган, Сариосиё туманидаги атрофи баланд дарахтлар билан ўралган “Хонжиза” болалар оромгоҳи биринчи мавсумда 253 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олди. Бу масканда беш босқичда Сурхондарё вилоятининг барча туманларидан 750 нафар боланинг ёзни мароқли ўтказишига кўмаклашиш режалаштирилган. Оромгоҳ ходимлари болаларни Хонжиза ҳудуди бўйлаб сайр қилдириб, уларнинг экотуризмга қизиқишини оширишни ҳам унутмаяпти.

    Усмонали НОРМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates