Сардобалик аёл ўз турмуш ўртоғига буйрагини берди

    Саломатлик 25 май 2023 1736

    Сирдарё вилояти Сардоба туманида яшовчи аёл ўз турмуш ўртоғига бир буйрагини беришга қарор қилди.

    Сардоба туман Равот маҳалласидан Абдуллажон Абсаитов эндигина 43 ёшни қарши олди. Меҳрибон жуфти-ҳалоли иккаласи 5 нафар фарзандни тарбиялаб келяпти. Аммо, сўнги икки йил Абдуллажон учун осон кечмади. Уни буйрак билан боғлиқ муаммо анчагина қийнаб қўйди.

    Туман, вилоят, Республика миқёсидаги даволаш профилактика муассасаларига, у ерда фаолият олиб бораётган шифокорларга мурожаат этди. Ташхис аниқ, сурункали пиелонефрит. Шу боисдан у, Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси, унинг Нефрология ва гемодиализ бўлимида саккиз ойдан буён даво муолажаларини олиб келаётганди.

    — Донор изладим-у, топа олмадим, — дейди Абдуллажон Абсаитов. —Ночор ва ноилож ҳолда эдим. Шундай кунда турмуш ўртоғим ўз буйрагини бермоқчи бўлганлиги, бунинг учун зарур текширувлардан ўтганлиги мени жуда таъсирлантирди. Чунки фарзандларим бор. Ахир улар тарбияси, қолаверса, парвариши кўпроқ унга боғлиқ. Аввалига кўнмадим. “Сизсиз мен нима қиламан, фарзандларимиз тақдири нима бўлади” дея жавдирагунча қараб турганлигини кўриб, ноиложликдан рози бўлдим... Хуллас, турмуш ўртоғим, фарзандларим онаси Ферузахон Абсаитова ниятида қатъий туриб, бир буйрагини менга туҳфа этди. Бундан яқинларим ва фарзандларим ҳам хурсанд эди. Текширувлар унинг буйраги тўғри келишини тасдиқлагани айниқса ҳаммани қувонтирди.

    Ушбу буйрак билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиёти Гулистон тиббиёт кластерида В.Ваҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказ хирурги, тиббиёт фанлари номзоди Азамат Суюимов ва кластернинг бир қатор мутахассислари иштирокида муваффақиятли амалга оширилди.

    Қувонарли томони, юқори технологик жарроҳлик амалиёт учун кетган барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди. Айни вақтда сардобалик Абдуллажон ва Ферузахон Абсаитовлар соғ-саломат. Куни кеча уларга рухсат берилди. Энди улар ўз хонадонида, фарзандлари олдида. Маълум бир вақтгача шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олади.

    Ғулом Примов,

    Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates