Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон ал-Сауд билан учрашув ўтказди, унда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

    Томонлар жорий йилнинг май ойида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 4-раундини видеоконференция шаклида ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Тадбир халқаро кун тартиби доирасида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиш, шунингдек, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш имконини беради.

    Саудия Арабистони томони Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва динамик ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, уларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

    Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ҳукуматлараро комиссиясининг 4-йиғилиши кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарларининг бундай шаклдаги самарали ва мунтазам учрашувлари икки томонлама муносабатларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш учун замин яратиши таъкидланди.

    Томонлар икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар жадаллашганини мамнуният билан қайд этдилар: ривожланаётган конструктив мулоқот савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш истиқболлари юзасидан мунтазам фикр алмашиш имконини бермоқда. Шу нуқтаи назардан, «Ўзбекистон – Саудия Арабистони» Парламентлараро дўстлик гуруҳининг жорий йилнинг март ва апрель ойларида ўтказилган учрашувларининг амалий натижалари юқори баҳоланди.

    Учрашув якунида икки давлат ўртасида маъқулланган ташаббуслар ва мавжуд битимларни амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.