“Save energy” танлови ғолиблари тақдирланди

    Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан “ЛУКОЙЛ” билан ҳамкорликда ўтказилган “Save Energy — 2021” танлови ғолиблари онлайн тақдирланди.

    Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

    Танловга учта номинация бўйича энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш мавзусини оммалаштиришга қаратилган жами 50 дан ортиқ ишлар тақдим этилди. Кўплаб қизиқарли ишларни ҳисобга олган ҳолда, иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида танлов ҳакамлар ҳайъати совринларни тақсимлашда ҳар бир номинация бўйича иккита ғолибни тақдирлашга қарор қилди:

    “Энг яхши видеоролик” номинацияси ғолиблари — Авлиёқулова Нафиса ва Исмоилов Шоҳжаҳон. Уларга ҳар бири 10 000 000 сўмлик сертификатлар топширилди.

    “Энг яхши ижтимоий баннер” номинацияси ғолиблари — Солиев Муслимбек ва Худойқулов Анвар. Уларнинг ҳар бирига 7 500 000 сўмлик сертификатлар топширилди.

    “Энг яхши мақола” номинацияси ғолиблари — Владимир Чернолуцкий ва “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Ирода Тошматова. Уларнинг ҳар бирига 5 000 000 сўмлик сертификатлар топширилди.

    Эслатиб ўтамиз, ғолибларни танлашнинг асосий мезонлари сифатида матбуот ва ижтимоий тармоқларда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш мавзусининг ёритилиши, ўзига хослиги ва холислиги эътиборга олинди.

    Танлов жамоатчилик, хусусан, ёшларнинг эътиборини табиий ресурсларнинг сақланишини таъминлаш ва аҳолини энергия ресурсларидан фойдаланишда самарали ва тежамли муносабатда бўлишни рағбатлантириш масалаларига қаратилди.

    Танловнинг бош ҳомийси “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ бўлди.