баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Савицкийдаги “Аскар мактублари”

    Аскарлардан бири соғинч ва ҳаяжон билан хат ёзмоқда, иккинчи аскар эса ёнбошлаб, қўлини иягига тираб олган ҳолда хат ўқияпти. Учинчи аскар эса икки қўлини бошига қўйиб, осмонга тикилиб ётибди.

    Нукус шаҳрида юртимиздаги йирик музейлардан бири — «Саҳродаги лувр» номи билан машҳур бўлган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи фаолият юритади. 85 мингдан ортиқ экспонатга эга бўлган музей фондидан XX асрнинг энг ноёб дурдоналари ҳисобланган тасвирий санъат асарлари ҳам ўрин олган.
    Музейдаги рангтасвир ва графика асарлари мавзуси кенг қамровли. Айниқса, ўша давр машҳур рассомларининг Шарқ ҳаётига, яшаш турмуш тарзига бўлган қизиқишини тасвирий санъатда ифода этиши рассомлик санъатида ранг-баранг асарларнинг яратилишига замин яратди. Бу ижобий натижага нафақат кекса авлод вакиллари, балки замондош рассомлар ҳам эришди. Улар миллий санъатимизнинг юксалишига муносиб ҳисса қўша олдилар.

    Жумладан, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Жоллибай Изентаев асарлари бугун музейнинг нодир экспонатлари сирасидан ўрин олган. Рассом ижоди билан яқиндан танишар экансиз, асарлардаги ўзига хос услуб, тўйинган колорит ва моҳирона ёритилган композицион ечимни ҳис этасиз. Ижодкорнинг ватанпарварлик ғояларига йўғрилган асарларида қорақалпоқ халқининг тарихи, урф-одатлари, миллий маданияти турфа рангларда қаршингизда жилоланади.

    Жоллибай Изентаев ижодида ҳарбийлар ҳаётига бағишланган асарларни ҳам учратасиз. Музей экспозициясидан ўрин олган «Аскар мактублари» номли рангтасвир асари Иккинчи жаҳон уруши йиллари манзараларидан бирини акс эттиради. Лавҳада аскарларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшувчи, соғинч тафтини босувчи «хат» мавзуси қаламга олинади. Картинага эътибор берамиз: яшилликка бурканган фонда дарахт соясида дам олиб ўтирган уч нафар аскар тасвирланади. Аскарлардан бири соғинч ва ҳаяжон билан хат ёзмоқда, иккинчи аскар эса ёнбошлаб, қўлини иягига тираб олган ҳолда хат ўқияпти. Учинчи аскар эса икки қўлини бошига қўйиб, осмонга тикилиб ётибди.

    Иккинчи фонда бир гуруҳ аскарлар тўпланиб, ниманидир муҳокама қилмоқда. Рассом шу орқали колоритни чуқур ҳис этиб, ранглар баёнида лавҳани жонлантиришга эришган. «Аскар мактублари» аскарнинг бир кунлик ҳаётидан олинган парча. Рассом бу асарини чизганида шунчаки хат ўқиётган аскарни тасвирламаганини айтдик. Энг муҳими, ижодкор шу асари орқали инсоний ҳис-туйғуларни тараннум этади, шу билан бирга, уруш моҳиятини очишга ҳам уринади. Уруш – дунёнинг тинчлигига рахна солувчи, инсонларни ўз домига тортувчи ёвузлик. «Аскар мактублари»даги қаҳрамонлар мана шу ёвузликка қарши курашга чиққанлар. Яқинларига мактуб битаётган аскар шу дамда балки сўнгги маротаба хат ёзаётгандир. Уруш инсоннинг қисматини шафқатсизлик ила белгилайдики, уни фақат мардлик, жасорат ва матонат билан енгмоқ мумкин. Рассом ушбу картинада дарахт, яшил фон, нур ва соя образларидан рамзий тимсоллар сифатида фойдаланган. Аслида асардаги дарахтлар ҳаёт, яшиллик тинчлик ва тотувликни англатса, нур ва соялар ҳаётнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи эканлигига ишорадир. Жоллибай Изентаев фалсафий фикрларга чорловчи, ҳаётнинг моҳиятини ёритишга ундовчи асарлар яратган ажойиб рассом. 

    Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,

    санъатшунос