“Саян юриши”. Халқаро мусобақа дебютантлари бўлган ўзбекистонлик ҳарбийлар 3-ўринни забт этишди

    Ҳарбий 19 апрел 2021 883

    Синчков мухлисларимизга бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларимиз Россия Федерациясида Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Саян юриши” мусобақасида қатнашаётгани яхши маълум.

    Эслатиб ўтамиз, “Саян юриши” мусобақасига 7 давлатдан 8 та жамоалар, яъни Ўзбекистон, Хитой, Россия, Россия аёллар жамоаси, Қирғизистон, Тожикистон, Абхазия ва Жанубий Осетиялардан вакиллар 2021 йил 8 апрелдан мусобақага тайёргарлик жараёнини иловадаги дастурга ва ўқув жойи чизмасига мувофиқ бошлади.

    Бир неча кун давомида юртдошларимиз белгиланган шартлар бўйича ўзларини тоблашди. Бу ерда тоғ қояларининг тузилиши ўзгача, 50 кмлик маршрутни босиб ўтиш ҳам анчагина тер тўкишни талаб қилади. Боз устига, 12 та шарт бўйича кўрсатилган меъёрларни ҳам бажариш керак.

    Мусобақалар бошланишидан бир кун аввал барча иштирокчилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан сўнг ҳарбий либос, қўлланиладиган ускуна ва жиҳозларнинг низом талабларига қанчалик мослиги назорат қилинди. Иштирокчилар ва судьялар мусобақага шай, деб топилди. Қуръа ташлаш йўли билан жамоаларнинг қатнашиш ўрни аниқлаб олинди.

    Тантанали очилиш маросимида бошқа давлатлар қаторида юртимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Жамоалар саф тортди. Сўзга чиққанлар иштирокчиларга самимий тилаклар билдириб, омад тилади. “Дўстлик уйи”даги учрашув турли давлатлардан келган ҳарбий хизматчиларга маҳаллий аҳолининг маданияти ва санъати билан яқиндан танишиш имконини берди.

    Эртаси куни кучли бўрон ва тўхтовсиз ёғаётган қор остида мусобақалар старт олди. Дастлаб иштирокчилар қор кўчкисида қолган ярадорни қидириш шартини бажаришди. Тасаввур қилинг, одам бўйи қор. Бора-бора кўз ўрганса-да, кишини биринчи кўришда сескантирди. Шундай вазиятда бир инсон қор кўчкисида қолиб кетди. Зудлик билан топилмаса, ўлим хавф солиб турибди. Табиийки, қидириш пайтида зарар ҳам етказиб қўймаслик лозим. Бунда иштирокчилардан аниқ ва тезкор ҳаракат қилиш талаб қилинади. Ушбу шартда уларнинг нафақат жанговар ва жисмоний шайлиги, балки замонавий приборлардан фойдаланиш маҳорати ҳам маълум бўлади. Гуруҳ таркибида жанговар ўқ отиш шарти ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлик даражасини намоён қилди.

    Мусобақанинг 1-кунида ҳарбий хизматчилар 24,5 км масофани босиб ўтишди. Уларнинг юзларидаги ҳорғинликни забт этилган марра завқи босиб кетарди. Иштирокчилар озгина нафас ростлагач, йўлдаги ҳолатларни муҳокама қилишни бошлашди.

    Сир эмаски, душман ҳеч қачон рақибига қулай муҳит танламайди. Имкон борича чалғитишга, қийнашга, чорасиз қолдиришга уринади. Тик қояга кўтарилиш ва тушиш машғулотлари эса ҳарбий хизматчиларнинг қалтис вазиятлардан чиқишига кўмаклашади. Бу шарт бир қадар таваккалчиликни талаб қилса ҳам иштирокчиларни довюрак қилиб тарбиялайди. Ностандарт вазиятларда тоблаб, жисмонан чиниқтиради. Ушбу машғулот жамоанинг жипсликда ҳаракатланиш кўникмасини ошириши билан ҳам аҳамиятли.

    Душманни заиф билма, дейишади. Майдонга тушган рақиб жамоалар ҳам анойи эмас. Уларга нафақат мутахассис сифатида маҳоратни кўрсатиш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни намойиш қилиш, балки мусобақа низомига мувофиқ ҳаракатланиш тартибини ҳам исботлаб туриш лозим. Бунинг учун эса жамоа раҳбари майор Зокир Яллакаев анчагина тер тўкишига тўғри келди.

    Шиддатли бўрон билан бошланган мусобақа қуёш чарақлаб турган ҳолатда якунига етди. Бир-бирларига рақиб сифатида қараган жамоалар табассум билан биргаликда суратларга тушишди. Ахир улар 50 кмлик машаққатли йўлнинг заҳматини бирдек чекишди.

    Натижаларга кўра Россия Федерацияси жамоаси 1-, Хитойлик вакиллар 2-, Ўзбекистонлик иштирокчилар эса 3-ўринни забт этди. Ғолиб ва совриндорларга медаль ҳамда Халқаро армия ўйинларининг эсдалик совғалари тантанали топширилди. Ҳарбий ансамбль ва оркестр, маҳаллий санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил қилинди.

    Таъкидлаш керакки, биринчи маротаба қатнашаётган бўлишига қарамасдан совринли ўринни қўлга киритиш юртимиз ҳарбий хизматчилари учун тажриба эгаллаш баробарида эътирофга арзигулик ютуқ бўлди. Аслида “Финиш” чизиғини босиб ўтган ҳар бир иштирокчи ғолиб. У ўзини енгди, барча шартларни адо этди, катта мақсадлар учун куч тўплади. Ватан шаъни учун жонини жабборга бериб, ўзларини аямасдан олға интилган юртдошларимизга келгуси мусобақаларда бундан-да улкан ютуқлар тилаб қоламиз.

    Капитан Азиз НОРҚУЛОВ,

    Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

    коммуникациялар департаменти.

    Россия Федерацияси, Красноярск.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates