Сайлов жараёнида округ ва участка сайлов комиссияларининг вазифалари

    Округ сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 266 нафарни ташкил этди. Округ сайлов комиссияларининг таркибида 110 нафари, яъни 41 фоизи аёллардир.

    Маълумки, сайлов демократия кўзгуси сифатида талқин этилади. Ҳақиқий сайловни ўтказиш учун демократик тарзда ташкил этилган сайлов комиссияларининг роли муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари тизимига Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари киради. Қонунда белгиланганидек, сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.

    1966 йил 16 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”нинг 25-моддасида ҳар бир фуқаро ҳеч бир камситишсиз ва асосланмаган чеклашларсиз ялпи тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин хоҳиш-иродасини таъминлайдиган чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Сайлов кодексига ушбу нормалар имплементация қилинган бўлиб, кодекснинг бир нечта моддасида сайловчининг умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри ва яширинлик принциплари асосида сайловларда эркин ихтиёрий иштирок этиш ҳуқуқи белгиланган. Сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қоидалар қабул қилинган. Ушбу мисоллар орқали Ўзбекистон Республикаси миллий сайлов тизимида умумэътироф этилган норма ва стандартлар тўла амал қилинаётганлигини таъкидлаш жоиз.

    Жорий йил 6 май куни Сайлов кодексига Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармони билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди. Сайлов кодекси талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 май куни “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини эълон қилиш ва уни ўтказиш бўйича календар режани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси 2023 йил 10 майдан бошланганлиги эълон қилинди.

    9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёни Марказий сайлов комиссияси томонидан миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар асосида, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг календар режасида белгиланган тадбирлар муддатларга қатъий амал қилинган ҳолда, изчиллик билан амалга оширилмоқда. Сайлов кодекси талабларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида 14 та сайлов округини тузди. Сайлов округларининг тузилиши округ сайлов комиссиялари фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

    Округ сайлов комиссиялари мазкур сайлов комиссиялар тизимида муҳим бўғиндир. Мазкур комиссияларнинг зиммасига округ ҳудудида ушбу муҳим сиёсий тадбирга юқори даражада сифатли тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишларни ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифалари юклатилган.

    Сайлов кодексида, Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомда округ сайлов комиссияларининг ваколати билан бир қаторда, комиссия ишини самарали ташкил этиш мақсадида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзоларининг ваколати ҳам аниқ кўрсатилган. Календар режага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этилди.

    Марказий сайлов комиссияси тавсия этилган номзодларнинг Сайлов кодекси талабларига мос келишини ўрганди. Округ сайлов комиссияси аъзолигига номзод йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар бўлиши лозим. Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутати, маҳаллий Кенгаш депутати, Сенат аъзоси, бошқа сайлов комиссиясининг, сиёсий партияларнинг аъзолари ва ваколатли вакиллари, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодлар, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этгани учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

    Марказий сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ комиссиялари таркиби 15 нафардан 21 нафарга қадар этиб тасдиқланди. Округ сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 266 нафарни ташкил этди. Округ сайлов комиссияларининг таркибида 110 нафари, яъни 41 фоизи аёллардир. Шунингдек, округ сайлов комиссиялари раҳбар лавозимларида (раис, раис ўринбосари ва котиб) аёллар 38 фоизни ташкил этди. Битта округ комиссияси раислигига аёл киши тавсия этилган. Округ комиссияларида раис ўринбосари ва комиссия котиблигига тавсия этилган аёллар 53 фоиз.

    Округ комиссиялари таркибига 12 нафар ногиронлиги бўлган шахслар киритилган бўлиб, жами аъзолар сонининг 5 фоизни ташкил қилади. Комиссиялар таркибига ногиронлиги бўлган фуқаролар вакилларининг киритилиши ушбу муҳим сиёсий жараёнда имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур амалиёт Ўзбекистон Республикаси миллий сайлов қонунчилиги амалиётида Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга собитқадамлик билан амалга оширилаётганидан далолатдир.

    Комиссиялар аъзолигига номзодларнинг деярли барчаси – яъни 263 нафари (98,9 фоизи) олий маълумотли (ўрта-махсус маълумотлилар – 3 нафар, 1,1 фоиз). Округ сайлов комиссиялари таркибига сайланганларнинг 6 фоизини 21–30 ёшгача бўлган фуқаролар, 53,7 фоизини 31 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ташкил қилди. Шунингдек, комиссиялар таркибида турли касб эгалари, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, журналистлар, шифокорлар, муҳандислар борлиги катта ҳаётий тажрибага эга бўлган аъзолардан иборатлигини кўрсатади. Номзодларни фаолият соҳаси бўйича кўрадиган бўлсак, уларни таълим тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа нодавлат сектори, давлат идоралари ва муассасалари вакиллари ташкил этади.

    Округ сайлов комиссиясининг асосий вазифалари нималардан иборат? Комиссия ваколатларига қандай вазифалар киради? Бу ҳақда сўз юритганда шуни айтиш керакки, округ комиссияси биринчи навбатда, сайлов округи ҳудудида Сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга оширади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди. Округ сайлов комиссияси сайлов округи ҳудудида сайловчилар ҳисобини юритиш, овоз беришни ташкил қилиш ҳамда овоз бериш натижаларини аниқлаш масалалари ҳал этилишини мувофиқлаштиради.

    Ўз навбатида, белгиланган муддатларда сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилади, участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади.

    Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади.

    Муҳим вазифалардан яна бири сифатида айтиш жоизки, округ сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради, участка сайлов комиссияларига ташкилий-услубий ёрдам беради.

    Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларига белгиланган шаклда мандат беради, округ сайлов комиссияси ҳузуридаги Матбуот маркази бўлимининг фаолиятини ташкил этади.

    Округ сайлов комиссияси Сайловчилар ягона электрон рўйхатидан фойдаланишни ташкиллаштириш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоларига Сайлов жараёнини бошқариш, ахборот тизимига кириш учун тегишли маълумотларни беради. Округ сайлов комиссияси ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолат принциплари асосида амалга оширади. Округ сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир. Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича баённомаларни қабул қилади. Участка сайлов комиссиясининг баённомаси тўғри тўлдирилган бўлса, баённомадаги тегишли рақамларни сайлов округи бўйича натижаларни жамлаб бориш жадвалига киритади.

    Округ сайлов комиссиясининг участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлишлари мумкин.

    Округ сайлов комиссияси мажлисида округ бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари аниқланади ҳамда баённомада акс эттирилади. Баённома комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда сайлов комиссиялари тизимидаги қуйи бўғин – бу участка сайлов комиссиялари ҳисобланади. Участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ фаолият юритади. Участка сайлов комиссияси ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади. Участка сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб ўтказиладиган мажлиси ҳисобланади.

    Участка сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларида, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аккредитациядан ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ваколатли вакиллар ва кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

    Участка сайлов комиссияси сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади ва уларни рўйхат билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади.

    Участка сайлов комиссияси сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган ва муддатидан олдин овоз берган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади. Аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади. Бинода яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари, сайлов қутилари, шунингдек бошқа жиҳозлар тайёрлаб қўйилишини таъминлайди, сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади, саломатлиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойида овоз беришини ташкил этади. Овозларни санаб чиқади, сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади.Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар участка сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.

    Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатининг тузилишини ва унинг сайловга ўн беш кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини таъминлайди. Сайловчиларни овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади. Участка сайлов комиссиясида сайлов бюллетенларини комиссиянинг икки нафар аъзоси имзолайди ва комиссия муҳри билан тасдиқлаб овоз бериш кунига қадар сақланишини таъминлайди. Сайлов участкаларида овоз беришни ташкил этиш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган бинолар ва жиҳозларни давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар участка сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт. Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ўрнатилган тарзда жиҳозланади. Участка сайлов комиссияси жойлашган бино ва унга олиб борувчи йўлаклар озода ва таъмирланган, ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши лозим. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотларга оид стендлар жойлаштирилади. Стендларда жойлаштириладиган материалларда сайловолди ташвиқотига оид нишон ва аломатлар бўлмаслиги керак.

    Сайловчилар рўйхати участка сайлов комиссияси томонидан тузилади. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш манзили киритилади. Округ сайлов комиссияси котиби Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш ҳуқуқини участка сайлов комиссияси котибига тақдим қилади. Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан сўнг уч кун ичида участка сайлов комиссиясининг котиби Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириб, тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини юклаб олади.

    Участка сайлов комиссияси аъзолари сайлов участкаси ҳудудида яшовчи сайловчилар тўғрисида маълумотларни олганидан кейин, ушбу маълумотларнинг тўғрилигига уйма-уй айланиб чиқиш орқали аниқлик киритади. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузиш ишларига жамоатчилик вакиллари ва волонтёрларни жалб қилиши мумкин. Туман ва шаҳар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади. Сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда фуқароларга муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш имконияти ва бошқа ҳуқуқлар тушунтирилади.

    Сайловчилар рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида участка сайлов комиссияси котиби томонидан Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан юклаб олинади, чоп қилинади ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади. Сайловчилар фамилияси овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади. Сайловчилар рўйхати участка сайлов комиссияси раиси ва котиби томонидан имзоланади ҳамда участка сайлов комиссияси муҳри билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин. Участка сайлов комиссияси сайловчиларни рўйхат билан танишиб чиқиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади. Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.Участка сайлов комиссияси сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз беришини ташкил қилади. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганда бошланади ва сайловга уч кун қолганда тугалланади. Участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши тақиқланади.

    Овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида овоз бериш бошланганлигини эълон қилади. Овоз бериш сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади. Участка сайлов комиссиясида сайлов натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаси билан расмийлаштирилади. Участка сайлов комиссияси баённомасининг кўчирма нусхаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда дарҳол тегишли округ сайлов комиссиясига тақдим этилади, биринчи асл нусха раис ёки унинг ўринбосари томонидан ички ишлар органлари ходимлари кузатувида округ сайлов комиссиясига олиб бориб топширилади.

    Округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

    Баҳодиржон Юнусов,

    Ўзбекистон Республикаси

    Марказий сайлов комиссияси аъзоси