Сайловолди ташвиқоти қандай ташкил этилади?

    Эътибор берадиган бўлсак, сайловолди дебатлари тушунчаси Сайлов кодексида келтирилмаган.

    Маълумки мамлакатимизда жорий йилнинг 24 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 44-моддасига асосан сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Яъни, қонунчиликка кўра сайловга 35 кун қолганида номзодларни рўйхатга олиш тўхтатилиб, сайловолди ташвиқоти бошланади. Демак номзодларни 19-сентябргача рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлиб, 20-сентябрдан бошлаб 22-октябргача сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари ўзларининг сайловолди ташвиқотларини юритишлари мумкин. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

    Қонунчиликка асосан, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Бунда президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари ўзларининг сайловолди дастурлари билан сайловчилар билан бевосита, жойларда учрашувлар ташкил этган ҳолда ва билвосита, ОАВ орқали мулоқотга киришадилар. Албатта қонунчилигимизда сайловолди ташвиқотлар жараёнида иштирок этиши тақиқланган шахслар рўйхати белгиланган бўлиб, улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланишига йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланган.

    Сайлов кодексида ташвиқот олиб боришнинг турлари, шакллари ва усуллари ҳақида нормалар мавжуд бўлиб, унга кўра ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин. Ундан ташқари оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

    Эътибор берадиган бўлсак, сайловолди дебатлари тушунчаси Сайлов кодексида келтирилмаган. Лекин жаҳон тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Францияда 1958 йилдан, АҚШда 1960 йилдан, Германияда 2008 йилдан, Россия Федерациясида 2009 йилдан ва Буюк Британияда 2010 йилдан бери ташкил қилиниб келмоқда. Сайловолди дебатлари хар хил босқичларда амалга оширилиб, АҚШда бу 3 босқични ташкил этади. Анъанавий тарзда биринчи босқич ички сиёсатни ўз ичига олса, кейингисида ташқи сиёсат масалалари муҳокама қилинади. Одатда учинчи босқич дебатларида мажбурий тарзда мавзу белгиланмайди. Ушбу дебатларни ташкил қилиш учун ҳаттоки “Президент дебатларини ўтказиш бўйича комиссия” фаолият юритади. Дебатларда Президентликка номзодлар ўзларига берилган саволларга белгиланган вақт ичида жавоб беришлари, муҳокама қилишлари билан сайловчиларнинг эътиборини тортадилар. Бунда сайловчилар номзодларнинг сайловолди дастуридаги амалга ошириладиган тадбирларнинг фақатгина номи эмас, балки уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида ҳам маълумотга эга бўладилар. Бу амалиёт сайловчиларнинг қайси номзодга овоз бериши кераклиги ҳақидаги аниқ сиёсий хулосага келишига ундайди.

    Фуқаролар ташкил этилган сайловолди кампаниясидаги барча тадбирларда фаол қатнашишлари биринчидан, уларни келгуси йилларда қандай ўзгаришлар кутаётганини; иккинчидан, мамлакат фуқаролари тўғри сиёсий йўлни танлагани; учинчидан, давлат ва жамият ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишига мустаҳкам омил ҳисобланади. Бу орқали фуқароларимиз ўзларининг сиёсий қарашлари, ўз тақдирини эркин белгилаш имкониятига ва охир оқибатда мамлакат фаровонлигининг фаол ташаббускорига айланишига олиб келади. Шундай экан Янги Ўзбекистонимизнинг келажагини яратишда юртдошларимизни фаолликка чорлаймиз ва сайловда фаол қатнашишларини сўраб қоламиз.

    Шерзод ЖЎРАЕВ,

    ТДЮУ кафедра мудири в.в.б.,

    юридик фанлар номзоди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates